Боғча болалари учун веломарафон ўтказилди

834

    Пойтахтимиздаги  Бобур номли эко-боғда “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб веломарафон ташкил этилди.

«Келажакка яшил қадам» шиори остида ўтказилган ушбу марафон мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида илк бор ташкил этилаётган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад болаларни соғлом турмиш тарзига чорлаш, велосипеддан фойдаланишга қизиқтириш ва бунга жамаоатчиликнинг ҳам эътиборини қаратишдир.

Дунё мамлакатларида шахсий автотранспортларни имкон қадар кам қўллашга,  велосипед ёки бошқа экологияга зарари кам бўлган  транспорт воситаларидан фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Агар бу эътибор боғча ёшидан бошланса, келгусида унинг самараси кўпроқ ва яхшироқ бўлади. Шу боис Мактабгача таълим вазирлиги кичик ёшданоқ болаларнинг велосипед бошқариш ва мувозанатни ушлаш кўникмасини оширишга, кичкинтойларни экологияни асраб-авайлаш ва унга ғамхўр қилиб тарбиялашга интилмоқда.

Бобур эко-боғида ташкил этилган веломарафонда  давлат МТТларининг  65 нафар тарбияланувчилари ўзаро беллашдилар. Замонавий беговелаларнинг асосий устун жиҳати шундаки, унда кичик ёшдаги болалар мувозанатни ушлашни қийинчиликсиз ўрганишади ва бу уларга келажакда оддий велосипедга ўтиш жараёнини осонлаштиради. Бу сингари болалар веломарафони Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида илк маротаба ўтказилмоқда.

Тадбир ниҳоясида веломарафон иштирокчилари бўлган тарбияланувчилар  эсдалик совғалар ва медаллар билан тақдирланди. Шунингдек, улар учун кўнгилочар дастурлар ҳам ташкил этилди.

 Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch.uz