Тизимли ишлар самаралари

247

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг фаоллар залида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ва Тошкент шаҳар масъуллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Муҳокамалар чоғи таъкидланишича, пойтахтимизда 16 минг 537 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган. Ҳозиргача уларнинг 3 минг 304 нафари ишга жойлаштирилди, 794 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. 627 нафарига кредитлар ажратилиб, 1 минг 681 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд ва 1 минг 568 нафар ногиронлиги мавжуд аёлга моддий кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари, I гуруҳ ногирони саналган 101 нафар хотин-қиз яшайдиган хонадонлар таъмирдан чиқарилди. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки бирга яшовчи оила аъзолари номида уй бўлмаган 692 нафар аёлга ёрдам берилди.
Бугунга келиб, халқ депутатлари туман кенгашлари сессияларига киритиш орқали 9 минг 157 нафар (55,3 фоиз) хотин-қиз «Аёллар дафтари»дан чиқарилди. Шунингдек, ҳали давом этаётган ишлар ҳам бор. Ногиронлиги бўлган, онкологик касалликларга чалинган аёллар мунтазам равишда ушбу дафтар рўйхатида туради ва амалий кўмакдан баҳраманд бўлади.
Яна бир гап. Аёллар муаммолари фақат Тошкент шаҳридагина эмас, балки бутун республикамиз миқёсида батафсил ва тизимли ўрганилмоқда. Уларга барҳам беришда 4 та сектор, ҳокимликлар, тадбиркорлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассислари, шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг ишчи гуруҳга жалб этилган ходимлари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бошланган ушбу хайрли ишларни қўллаб-қувватлаган, аёлларни иш билан таъминлашда ва бошқа йўналишларда яқиндан ёрдам берган ташкилотчилар ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилгандан сўнг банкдан кредит олиб, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйган опа-сингилларимиз учун танлов эълон қилинди.
Ушбу танлов «Касаба уюшмалари лауреати», «Энг яхши маҳалла раиси», «Энг намунали аёл иш берувчи», «Энг яхши сектор раҳбари» номинациялари бўйича ўтказилади. Иккинчи – ҳудудий босқичда 2- ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчиларга 3 миллион ва 5 миллион сўм миқдорида пул, республика босқичида ғолибликни қўлга киритган 1-, 2- ва 3-ўрин соҳибларига Президент совғаси сифатида «Ласетти», «Кобальт» ва «Спарк» автомобиллари топширилади. Қолган иштирокчилар эса 30 миллион сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»