Энг улуғ иморатлар ҳамон эътиборсиз…

971

«Ishonch» газетасининг 2020 йил 18 февраль кунги сонида «хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг пойдевори йўқ, нураётган ва яроқсиз мактаблар бор…» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Қумқўрғон туманида жойлашган 1- ва 51-умумтаълим мактаблардаги муаммолар ҳақида сўз юритилган эди. Аммо орадан 1 йилу 3 ой вақт ўтган бўлса-да, деярли ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Нега?

Таълим-тарбия сифатли бўлгани учун Қумқўрғондаги 1-умумтаълим мактаб битирувчиларининг деярли тенг ярми ҳар йили олий ўқув юртларига ўқишга киради. Бу яхши, албатта. Лекин бу илм масканининг асосий қўш қаватли ўқув биноси, мослаштирилган спорт зали ва ўқув хоналари аҳволини кўриб, «ҳайрат»дан ёқа ушлайсиз.
– «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир» деган ҳикматли гапни бизнинг раҳбарлар ё эшитмаган ёки умуман унутган, – дейди мактаб директори Насиба Мустафақулова. – Мактабимизнинг асосий ўқув биноси 1959 йилда пойдеворсиз қурилган. Вилоят ва туман ҳокимларига, халқ таълими вазирлиги ва унинг қуйи бўғинлари раҳбарларига мактабнинг асосий ўқув биноси нураб бораётгани, спорт залимиз мутлақо талабга жавоб бермаслиги ҳақида мурожаат қилавериб, чарчадик. Очиғи, алам қилар экан, аёл бошим билан мактаб қурилиши ҳақида жон куйдирсам-у, мени ҳеч ким эшитмаса… Қурилганига 20-25 йил бўлган мактаблар янгидан қурилмоқда. Бизнинг мактаб эса…
Сурхондарё вилояти Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи Н.Назаров имзоси билан тасдиқланган 906-сонли техник хулосада шундай дейилган: «Техник кўрикдан ўтказилган Қумқўрғон тумани «Улуғбек» МФЙда жойлашган 1-сонли мактаб (А, Б, В ва Г) блок биноларининг техник ҳолати қурилиш меъёрлари ва талабларига жавоб бермайди».
Мана, сизга мактаб ҳолатига берилган баҳо!
Сиртдан қараганда мактаб бинойидек. Аммо унинг бош ўқув биноси ва номигагина фойдаланиб келинаётган спорт зали нураш ҳолатида, ­синфхоналарнинг эшик ва ромлари 60 йил олдин қўйилган. Уларни замон талаблари асосида янгилашга жазм этадиган бирор-бир мард топилмаяпти.
– Мактабимизда 758 нафар ўқувчи икки сменада ўқийди. Ҳар йили куз, қиш ва баҳор ойларидаги ёғингарчилик вақтида томдан чакка ўтади. Қишда синфхоналар исимайди, – дейди Насиба Мустафақулова. – «Ishonch» газетасида эълон қилинган танқидий мақоладан сўнг асосий ўқув бино ва спорт зали қурилиши қолиб, фаоллар залини таъмирлаш учун 2020 йил 12 июнь куни буюртмачи – Қумқўрғон туман халқ таълими бўлими ва пудратчи – «Қўнғирот-­Мустанг» хусусий корхонаси ўртасида шартнома имзоланди. Лекин ҳалигача ишлар ниҳоясига етгани йўқ. Пудратчи эса аллақачон қурилиш объектини тарк этиб, кўриниш бермай юрибди. Фаоллар залига ўрнатилган дераза ромларининг атрофлари текисланмаган. Бўёқлаш ва пардозлаш ишларига қўл ҳам урилмаган.
– Айрим синфхоналар ва спорт залига юрак ҳовучлаб кирадиган бўлиб қолганмиз, – дейди мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Насиба Чориева. – Деворда ҳосил бўлган ёриқлардан қишда совуқ уриб туради…
– Доим хавотирда ўтирамиз, – дейди мактабнинг «Жисмоний тарбия» фани ўқитувчиси Шокир Бердинов. – Бундан 62 йил олдин қурилган бўйи 18, эни 7 метрлик хонани 1996-97 ўқув йилида спорт залига мослаштириб олганмиз. Аммо уни спорт зали дейишга тил бормайди. Деворлари ёрилиб, шифтлари тўкила бошлаган. Бу ерда дарс ўтиш хавфли. 1990 йилдан бери спорт жиҳозлари умуман берилмаган. Ҳамкасбларимиз билан ўз ҳисобимиздан коптоклар сотиб олиб турибмиз. Аянчли ҳолатдаги спорт зали, ўқув биноси ҳақида туман ва вилоятдаги мутасаддиларга ҳам оғзаки, ҳам ёзма равишда қилинган кўп мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда. Ишқилиб, уларнинг масъулиятсизлиги жабрини бир кун келиб, болажонларимиз тортишмасин-да…
Мактаб маъмуриятининг ўринли талаблари нега жавобсиз қолаётгани сабабини билиш учун Қумқўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири Низомиддин Исматовга мурожаат қилдик.
– Мен яқинда иш бошлаганман, – дейди у. – Аммо илгари ҳам шу тизимда ишлаганим учун 1-мактабни яхши биламан. Хавотирга ўрин йўқ. Ахир 60 йилдан ортиқ вақт мобайнида бирон кўнгилсизлик рўй бермаган-ку. Тўғри, мактабнинг ўқув биноси эски. Уни янгидан қуриш у ёқда турсин, ҳатто таъмирлашга ҳам маблағ йўқ. Ҳозир туманда 3 навбатда таълим берилаётган ўндан ортиқ мактаб мавжуд ва уларга давлат ­дастури асосида қўшимча ўқув бинолари қуриляпти. 1-мактабда ўқувчилар 2 навбатда ўқишини ҳисобга олсак, ҳозирча ваҳима қилмаслик керак. Мени эса 51-умумтаълим мактабида ўқиш 3 навбатдалиги безовта қиляпти. Бу масканга қўшимча 10 та синфхона керак. Ишонинг, физика, ­кимё-биология фанлари учун махсус лаборатория хоналари, асбоб-ускуналар, фаоллар зали йўқ. Туман ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрь кунги қарорида мактаб биноларини капитал таъмирлаш ва янги 120 ўринли ўқув бино учун 1,2 гектар ер майдони ажратиш қайд этилган. Лекин олдинга силжиш йўқ. Индамай, жим юрибмиз… Бўлади-да, бир куни…
– Ахир ваколатингиз доирасида ёрдам беришингиз мумкин-ку?
– Яқинда Халқ таълими вазирининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарига шахсан айтдим. У киши эса вазирга илтимосимни етказишини таъкидлади.
… Тумандаги ҳар бир мактабга масъул раҳбарнинг бу жавобидан ҳам куласиз, ҳам куясиз. Қизиқ, раҳбар ваҳимага ҳожат йўқ, деяпти. Ваҳоланки, махсус комиссиянинг хулосасида «Мактабнинг (А, Б, В ва Г) блокларидан фойдаланиш ҳолати ёмон. Қувурлар, хоналар, эшик ва дераза ромлари, поллар талабга жавоб бермайди. Ўқувчиларнинг кириб-чиқишига хавф солади» дейилган.
Мана, ўқувчилар ёзги таътилга ҳам чиқишди. Бироқ 1-умумтаълим мактабида бу йил ҳам жамоа ўз ҳисобидан таъмирлаш ишларини олиб боришади, чоғи.
Халқимизда, дарднинг нелигини бемордан сўра, деган нақл бор. Афсуски, орамизда ушбу ҳикматни билмайдиган, тушунмайдиган «тебранмас» раҳбарлар ҳам бор. Уларга айтар сўзимиз шуки, миллат келажаги бўлмиш болаларга яхши ўқиб-ўрганишлари учун қулай шарт-шароит яратишни ҳеч ҳам пайсалга солиб бўлмайди!

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»