Ғамгин ҳайкаллар қошида

530

Нарпай туманидаги «Қадим» маҳалла фуқаролар йиғинининг Тошкент – Бухоро трактига яқин ҳудудида бундан анча йиллар олдин муштипар аёлнинг ҳайкали ўрнатилган эди. У ҳозир ҳам жойида турибди. Лекин ҳеч кимнинг эътиборини ўзига тортмайди. Чунки ҳайкал бирон-бир маъно англатмайди. Кўриниши беўхшов, юзи бужмайган, ­пойига бирорта сўз ёки рақам ёзилмаган.

Абгор аҳволдаги бу ёдгорлик нега айнан шу жойга ўрнатилгани, унда кимнинг сиймоси тасвирланганини қишлоқда яшовчи 15 кишидан сўрадик. Улар саволларимизга жўяли жавоб беришолмади. Баъзилари «Бу Муқаддас она ҳайкали», дейишдан нари ўтишолмади.
Хўп, майли, шундай ҳам бўла қолсин. Унда нима учун Муқаддас она ҳайкали жамоатчиликнинг, маҳалла фаолларининг, маънавият тарғиботчилари ва ҳокимият масъулларининг эътиборидан четда қолган? Ёки унга қайта сайқал бериб, олдидаги ҳовузни сувга тўлдириб қўйиш, бетон плиталари кўчиб ётган майдончани таъмирлаб, ободонлаштириш шунчалар қийинми? Қолаверса, ёдгорликнинг атрофи анча кенг. Демак, оналар шарафига дурустроқ мажмуа барпо этиш имкони бор. Лекин янгисини яратиш нарида турсин, борини ҳам асраб-авайлаш ҳақида қайғурадиган одамнинг ўзи йўқ. Оқибатда ҳайкал кун сайин нураб, файзини йўқотиб боряпти…
Бундай ачинарли ҳолатларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, Хатирчи туманидаги Лангар ­қишлоғига борсангиз, академик Ҳабиб Абдуллаевнинг майиб-маж­руҳ одамга ўхшаш ҳайкалини кўрасиз. Унинг елкалари девникидек баҳайбат, танасининг пастки қисми эса чумолининг белидек ингичка. Шунда хаёлингиздан беихтиёр «Нима бало, ҳайкалтарошлик санъати ўйин бўлиб кетганми?» деган фикр ўтиши табиий.
Маълумки, мамлакатимизнинг аксарият туманларида «Мотамсаро она» мажмуаси бунёд этилган. Уларда ўрнатилган ҳайкалларни кўриб, баъзиларига астойдил ачинасиз, қанчадан-қанча маблағ ва вақт сарфланганига қарамай, уларни бинойидеккина тиклай олмаганлардан ранжийсиз. Сўнгра уларга қарата, «Қўлингиздан келмаса, нима қиласиз шундоқ ҳам мотамсаро онани йиғлатиб ва хўрлаб, оғайни? Бунақа сохтакорликнинг кимга кераги бор?» дегингиз келади.
Юқорида тилга олинган ҳолатлар эътиборсизлик ва маданиятсизликдан бошқа нарса эмас. Модомики, шундай экан, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари уларни чуқур муҳокама қилиб, ёдгорлик­лар ва портретлар билан боғлиқ хато-камчилик­ларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсалар, фойдадан холи бўлмасди.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»