Ўрик ҳақида нималарни биламиз?

739

Ўрик мевалар ичида кам калорияга эгалиги ва витаминларга бойлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Унинг таркибида 27 фоизгача шакар мавжуд. Бу мева тури таркибидаги В (В15, В1, В2, В17), РР ва Р, провитамин А (каротин) инсон организми учун кони фойда. Қолаверса, калий, никел, мис, ванадий, марганец, молибден, бўр, стронций, алюминий, магний, фосфор кўплаб сурункали хасталиклар, жумладан, инфаркт профилактикасида алоҳида ўрин тутади. Ўрикдан косметик маз ва кремлар ҳам тайёрланади. Улар ташқи кўринишимизни яхшилашда тенгсиздир.

Ана энди ўрикнинг бизга маълум бўлмаган 5 та фойдаси ҳақида тўхталсак.

  1. Суякларга ижобий таъсир кўрсатади. Остеопорозда фойда беради.
  2. Қон айланишини яхшилаб, анимея билан хасталанганларга катта ёрдам беради.
  3. Организмдан заҳарли моддаларни сиқиб чиқаради.
  4. Организм тез қариб қолишининг олдини олади, бадандаги ажинларни йўқотишда асқотади. Ўрик таркибидаги “А”, “С” витаминлар терини ёшартиради.
  5. Одамнинг кўриш қобилиятини яхшилайди.

Аммо яна бир нарсани ҳам унутмаслик керак, ўрикни ҳаддан зиёд кўп еб бўлмайди. Акс ҳолда ошқозонда, ичакларда жиддий муаммо юзага келади. Одам ўткир заҳарланиш исканжасига тушиб қолиши мумкин. Қолаверса, меъёридан кўп ейилган ўрик турли кўринишдаги аллергик хасталикларни келтириб чиқаради.

Шунга қарамасдан ўрикнинг зараридан фойдаси кўпроқ. Масалан, бу мева таркибида «А» витамини, бета-каротин бор. Улар иммунитетни кўтаради ва юқумли хасталикларга чалинишдан асрайди. «С», «В», «В1», «Е» витаминлари, фойдали минераллар, масалан, магний, фосфор, йод, темир ва калий юрак ва асаб тизими учун жуда зарур. Яна ўрик меъёрида истеъмол қилинганда, овқат ҳазм бўлиши осонлашади. Юрак хасталигига учраганлар ўрикни мавсумда тўйиб еб олсалар, калий томчи дориси қабул қилишга ҳожат қолмайди.

Ўрикни ёши улуғ одам бир кунда 250-300 граммдан кўп емаслиги тавсия этилади. Яна диетолог ўрик данагининг устки ядро қисмини ейиш хавфли эканини ҳам таъкидлаб ўтди. Унинг таркибида заҳарли амигдалин моддаси бўлиб, одамни ўлимга юз туттириши ҳам ҳеч гап эмас.

 

Умида Абдуғаффорова,

Шайхонтоҳур туманидаги 299-мактабнинг

бошланғич синф ўқитувчиси