“Шартли душман” яксон этилди

214

    

         Мудофаа вазирлиги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли «Нуристон» полигонида Нуристон гарнизонидаги ҳарбий хизматчилар иштирокида амалий машғулотлар ўтказилди.

         Режага мувофиқ, жанговар гуруҳ тезкор ҳаракатланиб, белгиланган нуқтага етиб келиши билан биринчи синовни қарши олди. Шартли душман ўрнашиб олган ҳудудга элтувчи йўлда оммавий қирғин қуроллари қўлланилган. Маҳорат қанчалик юқори, жанговар руҳ қанчалик баланд бўлмасин, бундай пайтларда тактика қўлланилмас экан, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Шу боис шахсий таркиб снайперлар гуруҳининг кузатуви ва ҳимояси остида зудлик билан шахсий ҳимоя воситаларини кийди. Бу юрт ўғлонларининг заҳарланган ҳудуддан шартли душман ўрнашиб олган нуқтага қадар етиб бориши ва уни тор-мор келтириши йўлидаги илк қадам бўлди.

Шундан сўнг, ҳарбий хизматчилар жанговар иккилик тактик гуруҳларига бўлинган ҳолда ҳаракатни давом эттирди. Уларни шартли душман билан юзма-юз бўлиши олдидан иккинчи синов тўсиғи – чаққонлик ва эпчилликни талаб этадиган симли йўлак кутиб турарди. Тактик гуруҳлар ўзаро ички навбатчи кузатуви асосида бу тўсиқдан ҳам муваффақиятли ўтиб олди. Ҳарбий хизматчилар шу тариқа тактик тайёргарликнинг бир нечта меъёрларини ҳам аъло даражада бажаришди.

То белгиланган нуқтага етиб келгунча бир-биридан мураккаб ва машаққатли синовларни сабот билан енгиб ўтган Ватан ҳимоячилари шартли душманни бир ҳамлада яксон этди. Уларнинг сўнгги бор тик ҳолатдаги кўриниши юртнинг асл ўғлонлари жанговар қуроли нишонида қолди…

– Бу каби амалий машғулотлар шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини ошириб, уларнинг вазиятга мослашиши, ўрни келса ўзлари мустақил қарор қабул қилиши ва якунда энг олий бурч – Ватан ҳимоясига ҳамиша шай ҳолатда туришини таъминлайди, – дейди взвод командири капитан Шерали Қирғизбоев. – Шахсий таркибнинг ушбу машғулотлар давомида кўрсатаётган натижалари, албатта, таҳлил қилиниб, зарур ва керакли кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Армияни мерганларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар масофадан туриб душманни тор-мор келтириш, жанг кечаётган нуқтага кириб бораётган шахсий таркибни мудофаа қилиш каби муҳим вазифаларни бажаради.

Куннинг иккинчи ярмида шахсий таркиб билан биргаликда «Мерганлар марраси» йўлаги бўйлаб ҳаракат қилдик. Улар ўқ отиш нуқтасига етиб келгунча ушбу йўлакнинг бир-биридан мураккаб, турли-туман тўсиқларини енгиб ўтди. Қайд этиш жоизки, ушбу йўлак бўйлаб тез ва аниқ ҳаракатланиб, жанговар вазифани тўла-тўкис, хатоларсиз бажариш учун қулай нуқтага етиб келишнинг ўзи ҳам ҳарбий хизматчидан катта маҳорат талаб этади.

Ундан ташқари нишонни бехато уриш учун мерганда маҳоратдан ташқари катта хотиржамлик ва диққатни жамлаш кўникмаси ҳам мужассам бўлиши керак. Ана шундай сифатларни ўзида жам этган юрт ҳимоячилари белгиланган нишонларни йўқ қилиб, жанговар вазифани аъло даражада бажаришди.

Шу тариқа амалий машғулотларда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар маҳорати, сабр-тоқати ва чидамлилиги яна бир бор синовдан ўтди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Бошқа хабарлар