Комиланинг бахт формуласи

302

Мен у аёл билан доим фахрланаман. Суҳбатларидан баҳра оламан. Инсон қадр-қимматини ўткинчи мансаб, қимматбаҳо тақинчоқлар, ҳашаматли уй-жой, қўша-қўша машиналарсиз тафаккур қилиш қобилиятига эга, фикри теран, маърифатли, оқила аёл давраси оҳанрабодек мени ўзига тортаверади.

Комила Боймуродова шундай аёл… У яқинда узоқ йиллик камтарона меҳнатлари эвазига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди. Бундай шарафга сазовор бўлиш – инсон учун энг катта бахт. Бу эътироф замирида самарали ва унумли меҳнат ётади, аслида. Унинг бахт формуласи эса барча учун ибрат: МЕҲНАТ + ИЗЛАНИШ + ИЖОД = БАХТ
… Сирдарё ёқасидаги Ахчоб қишлоғи эрта баҳорда ажиб тароватга бурканади. Ўт-ўланлар поёндоз тўшаган кенгликлар бу ерларга ўзгача файз беради. Бир қўлида нуқсони билан туғилган қизалоқнинг болалиги мана шу асов дарё бўйларида ўтди. Дугоналарининг эрта кўк­ламда эндигина ниш уриб чиққан қоқи ўтлардан сочбаргаклар ясаб пешоналарига тақиб олиш­ларига ҳаваси келадиган Комила мана 50 ёшни қоралабдики, ҳамон ўша орзу билан яшаяпти. Ўз қўллари билан дала ўтларидан чамбаракгул ясаб сочларига тақиб олса-ю, қўлини кўкларга кўтариб бепоён далалар бўйлаб югураверса, югураверса. Бироқ ҳаётнинг ҳар кимга аталган ва ўлчаб берилган неъматлари бўлар экан. Комилага эса бу оламнинг катта-кичик юмушларини бир қўли билан бажариш насиб этган.
Комила 9-10 ёшдан тўқишга меҳр қўйди. Бир қўл билан қийин бўлса ҳам ­кийимлар, кашталар тикишга ҳаракат қилди. У бундан нафақат завқ олади, балки оз бўлса-да даромад ҳам кўради. Қўл меҳнати асабни тинч­лантиради. Тиниқ фикрлашга ундайди. У ўзи яратган кичик кашфиётдан беҳад қувонади. Яна у гул етиштиришга ҳам ниҳоятда қизиқади. Гуллари жуда кўп.
Комила Боймуродова 25 йилдан буён «Ishonch» газетасида ишлаб келмоқда. II гуруҳ ногирони бўлган Комила ўғли Ҳикматжонни ёлғиз ўзи вояга етказмоқда. Интилувчанлиги боис, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланади. Изланишдан тўхтамайди. Унинг наздида, ҳаёт курашлардан иборат.
Комила тинимсиз изланадиган меҳнаткаш аёл. У 2010 йилда «Йилнинг иродали аёли» номинацияси ғолиби бўлган. У ҳаётидаги ҳар бир муваффақият, ҳатто, кичик бир ютуқ учун, аввало, қийинчиликларга таъзим қилади. Уни юксакликка олиб чиққан МАШАҚҚАТЛАР учун ташаккур айтади…

Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
журналист

Бошқа хабарлар