Кўр-кўрона ёндашув оқибати

196

Иштихон тумани ДСЭНМ (собиқ ташкилот. Ҳозирги СЭОМ) ходими Ленара Ҳасанова Олий Мажлис Сенатига ноҳақ ишдан бўшатилганидан озурда бўлиб, ҳуқуқи тикланишда ёрдам кўрсатишларини сўраб, мурожаат қилган. Мурожаат ўрганилганида фақат Л.Ҳасанова эмас, балки шу ташкилотнинг 23 нафар ходими ишдан нотўғри бўшатилгани аниқланди. Ташкилот раҳбарининг тузилмавий такомиллашувни тўғри ­англаб етолмагани, юқори ташкилотлар буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилмагани, ислоҳотга кўр-кўрона ёндашгани оқибати бу.

Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 9 сентябрида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинганди. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 январдаги 14/1-2912-сонли топшириқ хати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик агентлигининг 7 январдаги 2-, вилоят СЭОМнинг 9 январдаги 2-сонли буйруқлари чиқарилган. Уларда таркибий бўлинмаларни кадрлар билан таъминлаш ва лабораториялар фаолиятини мақбуллаштириш, ўрнатилган тартибга қатъий амал қилиш, кадрлар шахсий таркибини аниқлашга доир кўрсатмалар аниқ-тиниқ белгилаб берилган.
Аммо Иштихон тумани СЭОМ маркази бош врачи Т.Ибрагимовда юқоридаги кўрсатмалар ва буйруқларни кутиб ўтиришга сабр-тоқат етмади. У шоша-пиша 2020 йилнинг 8 январида (юқоридаги буйруқларни қўлга олмасдан бир кун илгари) ўзининг 10-сонли буйруғи билан қўл остида ишлаётганларнинг барчасини бўшатди-қўйди. Тўғри, шу куни туман СЭОМнинг 10-р-сонли буйруғи ҳам тайёрланган. Унга асосан гўё «Иш унумдорлигини аниқлаш комиссия­­си» тузилган. Бироқ ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруққа комиссия мажлиси баённомаси илова қилинмаган. Маъмурият қарорини комиссия таркибига кирган бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси маъқулламаган. Буйруқ билан ҳеч ким таништирилмаган ҳам. Бу хатти-ҳаракатлар ходимлар, шу жумладан, Л.Ҳасанованинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.
Ташкилотда бўлиб, мақбуллаштиришнинг мазмун-моҳиятини барча ходимларга етказишимизга тўғри келди. Ҳукуматимиз ва юқори ташкилотлар йўриқномалари асосида ҳужжатлар шакллантирилди. Ходимларни бетарафлик асосида танлаш, жой-жойига қўйиш, бандлигини ўрнатилган тартибда таъминлаш чоралари кўрилди. Одамлар норозилигига сабаб бўлган туман СЭОМ раҳбарининг ноқонуний 10-сонли буйруғи бекор қилинди. Лекин, маъмуриятнинг қайсарлиги боис, ҳали-ҳануз тизим ходимлари янгиланган ташкилотда қайси ўринда фаолият юритиши аниқлаб олинганича йўқ.
Тармоқ мутасаддилари ишчиларнинг эътирозига ўзларини жўяли жавоб тополмаётгандек қилиб кўрсатиб келишмоқда. Жамоани истиқболга бошлайдиган ҳам, таназзулга, умидсизликка чулғайдиган ҳам раҳбар. Қаердаки ишга ва ана шу ишни олға силжитадиган ходимларнинг тақдирига масъулият билан ёндашилса, ўша жойда хато-камчиликларга йўл қўйилмайди. Шундай ҳол юз берган тақдирда ҳам гап-сўзни чувалатмай холисона ҳал қилинади.

Маъруф БОБОЁРОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгашининг Самарқанд
вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Бошқа хабарлар