Ташқи савдо жараёнидаги муаммолар ечимини топадими?

287

Кундан-кунга юртимизнинг экспорт ва импорт салоҳияти ортиб бормоқда. Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингида «Халқаро савдо» йўналиши бўйича мамлакатимиз 190 та давлат орасида 152-ўринда қайд этилгани ҳам шундан далолат беради. Шу ўринда ташқи савдо билан боғлиқ муаммолар кўпайиб қолганини инкор этолмаймиз. Чегара постларида ҳафталаб қолиб кетаётган товарлар тадбиркорларнинг ҳафсаласини пир қилаётгани бор гап. Соҳада узоқ йиллардан буён самарали ишлар олиб борилмагани ташқи савдо амалиётларида муайян қийинчиликлар туғдиряпти. Юртбошимиз жорий йил 5 февраль куни ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда талайгина масалаларга тўхталиб ўтилди. Хўш, бундан кейин ташқи савдо бўйича қандай ўзгаришлар кутиляпти?  Шу хусусда мутахассисларга юзландик.

Ташқи савдони ривожлантириш учун янги тизим иш бошлайди

— Бугунги кунда божхона тизимини такомиллаштириш, божхона органлари фаолиятининг ҳуқуқий базасини қайтадан шакллантириш, ин­фратузилмасини модернизация қилиш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича туб ислоҳотлар давом этмоқда, — дейди Давлат Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов. — Чунки давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, ташқи савдо соҳасида муаммолар ўз ечимини кутиб яшамоқда. Божхона, ветеринария, карантин, санитария, стандарт, экология идоралари иш услубини ўзгартириши, уларнинг асосий вазифаси маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши зарур. Бундан кейин ушбу ташкилотларнинг ҳамкорликда иш олиб бориши йўлга қўйилади. Шу мақсадда бугунги кунда божхона чегара постларининг янги техникалар билан жиҳозланишига ва кадрлар малакаси оширилишига эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий давлатларнинг тажрибалари ҳам ўрганиляпти. Бироқ кенг кўламли ислоҳотларга қарамай қатор камчилик ва муаммолар кўзга кўриниб қолаётгани ҳақиқат. Маълумки, кўплаб давлатларда юклар чегарага етиб келмасидан олдин улар ҳақида ахборот берилиб, юкнинг тез чиқиб кетиши таъминланади. Ўзбекистонда эса ўтган йили 416 мингта декларациядан атиги 344 таси юк чегарага келгунча расмийлаштирилган. Юк тўғрисида олдиндан маълумот бериш автомобиль транспортида 98 фоизни ташкил этса, темир йўлда умуман йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда 1 минг 836 та турдаги товар бир вақтда учта идора томонидан текширилиши оқибатида импорт-экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ҳафталаб чўзиляпти. Шу боис Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмасини яхшилаш, жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб божхона постларида назорат амалга оширадиган божхона,  санитария, карантин ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш ҳақида айтиб ўтган эди. Бундан кейин назоратни чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун илғор технологияларни сотиб олишга маблағлар ажратилган. Мисол учун, ҳозирда темир йўл чегара постларида 5 та инспекцион кўрик мажмуалари ўрнатилди.

Ортиқча харажатларга йўл қўйилмайди

Таҳлилларга назар ташласак, сўнгги уч йилда қўшни давлатлар билан чегара орқали ўтганлар сони 2 бараварга, транспорт воситалари сони қарийб 3 бараварга ошган. Яъни 2018 йилда 29 мингдан ортиқ тадбиркорлар маҳсулотларини экспорт қилишган бўлса, 2019 йилда 48 мингдан ортиқ тадбиркорлар экспортни амалга оширган. Лекин ҳозирги инфратузилма талабга тўла жавоб бермайди. Масалан, айрим ветеринария ва карантин пунктларида зарур жиҳозлар йўқ. Чегарадаги санитария ва эпидемиология хизмати ҳам ташқи хавфларга тайёр эмас. Юклар оқимини тақсимлаш ишлари оқилона ташкил этилмаган. Шунинг учун барча идоралар орасида ягона ахборот тизимини яратиш муҳим. Божхона хизматида постларни масофадан назорат қилиш тизими — Ситуацион марказ йўқлиги оқибатида постларда тирбандликлар пайдо бўлмоқда. Бу тадбиркорлар учун ҳам, давлат бюджети учун ҳам ортиқча харажат келтириб чиқармоқда.

Шу боис биринчи навбатда коррупция ва бюрократизмнинг олдини ол иш мақсадида, энг аввало, рақамли технология ривожлантирилади.

Рақамли технология ҳар жиҳатдан қулай

— Рақамли технологиянинг жорий этилиши тадбиркорлар учун жуда қулай, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Баҳром Зияев. — Улар соатлаб ёки суткалаб чегара постида қолиб кетмаслиги таъминланади. Асосийси, рақамли технологиялар жорий қилинса, инсон омилини максимал қисқартириш орқали коррупция ва ноқонуний товар айланмасига барҳам берилади. Шу боис рақамли божхона тизими йўлга қўйилиши ишлаб чиқилмоқда. Бунда импорт маҳсулотларининг чегарадан то якуний истеъмолчигача бўлган ҳаракати божхона ва солиқ идоралари томонидан ягона электрон тизим орқали назорат қилиниши мумкин бўлади. Мисол учун, божхона декларациясини электрон ҳисоб-фактура ва онлайн назорат кассасига боғлаш орқали бу масалани ҳал этиш мумкин.

Ички бозор билан ҳамоҳанг

— Жорий йилда 3 мингтага яқин стандартлар қабул қилиниши ҳамда халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражаси 40 фоизга етказилиши режалаштирилган, — дейди «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторов. — Шу ўринда Андижон, Термиз ва Қўнғирот туманларида эркин савдо зоналари ташкил этилиб, улар орқали чегараолди савдоси ривожлантирилади. Харидоргир маҳсулотлар турларини аниқлаш, уларга бозор топиш ва сотиш билан хусусий трейдинг компаниялари шуғулланиши, бунинг учун эса, савдо фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари тўпламини ишлаб чиқиш лозим. Бу ташқи савдо билан бир қаторда, ички бозорга ҳам тегишли.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан бизда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.

Хулоса ўрнида

Жорий йилда экспортёрларга кафиллик берадиган ва харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган — Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун — Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари йўлга қўйилади.  

Ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини соддалаштириш учун миллий қонунчиликни божхона, санитария-эпидемиология, транспорт, стандарт, ветеринария, карантин йўналишидаги халқаро келишувларга уйғунлаштириш муҳимдир.

Нилуфар ЮНУСОВА

Манба: “Mahalla” газетаси

Бошқа хабарлар