Мен«дан» «мен»гача…

670

…Ўзбек романчилиги Абдулла Қодирийдан, жуда холислик қилишса, Ҳамзанинг бизгача етиб келмаган романидан бошланади, деб бизга ўргатишган, сингдиришган.

Мактабда шундай ўқиганмиз. Олий таълим бизга шундай таълим берган. Биз шунга ишониб келганмиз. «А.Қодирий ўзбек романчилиги асосчиси!» деган жўн таърифдан ва уни бир ўрис-яҳудий олимининг бағрикенглиги ва холислиги деб қабул қилганмиз; «дунёдаги янги романчиликка асос солди» деган фикр бизга фахр бағишлайди.
А.Қодирийнинг ёзма адабиётга, романчиликка қўшган улушини ҳеч бир камайтирмаган ҳолда бу фикрларда ҳам рус истилоси, рус маънавий мустамлакаси акс садоси бор, деб ўйлайман. Зотан, маънавий мустамлака шундай фикрлашимизни, «фахрланишимизни» истаган, бизнинг ўтмишга муносабатимизни бугунги она тили ҳақидаги қарашларимиз каби ўз жиловига олган.
Бу қарашнинг тагида «Россия босиб олгандан сўнг бизда романлар пайдо бўлган, руслар бизга маданиятни ва бадииятни ўргатган» деган фикр ётади аслида! Ҳа, аслида-чи?
Аслида ҳазрат Навоийнинг бешта дос­тони ХV асрдан ҳозиргача дунё бадиий ва фалсафий тафаккурининг чўққиси ҳисоб­ланган буюк роман эди, десак, кўпларга, айниқса, рус тарбиясида қарашлари ­шаклланганларга эриш туюлади. Ҳазрат Навоий бу достон-романларида «Инсон ким? Қайдан келди, қайга боряпти? Моҳияти нима? Инсонни халос қилиш йўли қандай? Инсонни нима халос қилади? Инсонни яна нималар моҳиятга – аслга қайтара олади? Инсонни халос қилиш йўли қаерда ва нимада?!» деган саволларга берган жавобларга мен ҳурмат қилган дунё адиблари ХХ асрдагина етиб келишган ва жавоб излашган. (Бу борада хоҳлаган валломат билан баҳсга тайёрман!).
Афсуски, бизни маҳлиё қилган ХХ асрдаги дунё адибларининг ҳеч бир жавоби ҳазрат берган жавобга дош беролмайди. (Бу билан «Дунё адабиётини ўқимасак ҳам, ҳаммаси ўзимизда бор, шуни билсак бўлди, деган хулосага ашаддий қаршилигимни ҳам айтиб қўйишим керак.) Келинг, «Бобурнома» дунёнинг энг зўр мемуар романи» деган фикр кўрпасини ўзимнинг устимга тортмай. Лекин биздаги халқ оғзаки ижоди – бахшиларимиз томонидан яратилган, Европа наздидаги «романлар» бизнинг бадиий-фалсафий тафаккуримизни жуда юксакка кўтариб келган, оддий қилиб айтсак, биз хонликларга бўлиниб, бир-биримизни қирғин қилаётганда, бахшиларимиз бизнинг бадиий ва фалсафий дидимизни дунё тафаккури даражасига кўтариб турганини тан олайлик. Шубҳа қилсангиз, улар томонидан яратилган асарларга боқинг!
Бахшилар, бизнинг халоскорларимиз яратган бадиий маҳсулотлар ёзма шаклга кўчса бутун бошли кутубхона тўлмай қолади. Бунга мен ва бахшичилик кафил!.. Бахшилар яратган «романлар» ХХ асрда Европа роман жанрига қўйган барча талаб­ларга дош бера олиши мени ҳамиша ҳайратга солади. Бу романларда мен бизни мафтун қилган Юнон, Миср, Бобил, шумер, ҳинд, хитой каби мифологизмга бойлиги, теран бадиий поэтикаси, Европа маданий тафаккурида муҳим роль ўйнаган «рицарлик романлари», «саргузашт романлари», «илоҳиёт романлари» билан бир чўққида, бир мақомда туриши, бизнинг бугунги адабий тафаккуримизнинг асл илдизи, асл сарчашмаси, асл «трамплини» экани билан мени ҳамиша ошуфта қилиб келган.
Гапим қуруқ бўлмаслиги учун фақат бир эпосни эслатаман: Европа маданий, сиёсий, ижтимоий, фалсафий тафаккурини уйғотиб берган қирол Артур ҳақида кельт эпосини эслайлик. Бу эпос бугунги кунда ҳам нафақат Ғарб адабиётига, фалсафасига, маданиятшунослигига, кинематографиясига, социологиясига, ҳатто айни пайтда энг оммавий ва дунё болаларининг онг-шуурини, табиийки, тарбиясини ҳам аллақачон забт этиб олган компьютер ўйинларининг ҳам асосий манбаси саналади.
Ваҳоланки, қирол Артур ҳақидаги мифологизми, бор фалсафаси, поэтикаси, у эришган ютуқлар ва бадиият «Гўрўғли» эпосида «мана мен!» деб турибди. Дарвоқе, фольклоршунослар диққатига: Гўрўғли образи билан бизни мафтун қилган қирол Артур образини, воқеликни, сюжетни, фабулаю ҳикматни бир солиштириб кўришсин. Қанчалар ўхшашлик, қанчалар яқинлик, қанчалар параллеллик, бугунги адабиёт учун қанчалар манба ва қувват бор.
«Гўрўғли» эпоси туркуми сон жиҳатдан ҳам, қуввайи ҳофиза жиҳатдан ҳам кельт эпосини хира қилиб қўяди. Бир мисол: атоқли фольклоршунос Т.Мирзаев «Гўрўғли» эпоси биргина ўзбек халқ оғзаки ижодида 100-140 та достондан, демак, «роман»дан иборат эканини қайд этади!
Хўш, ўзингиз хулоса қилинг, қирол Артур ҳақидаги Европа тафаккурини маданий босқичга кўтарган романлар ҳеч қурса сон жиҳатдан баҳс бойлашармикин?! Лекин биз, болаларимиз қирол Артурни, унинг сеҳрли қиличини, сеҳргар Мерлинни худди ўз миллий қаҳрамонимиздай яхши биламиз, «улар бизнинг «севимли қаҳрамонимиз»га айланиб бўлган. Гўрўғлини бугун ўзбекларнинг 80 фоизи билмайди, аммо қирол Артурни 80 фоиз болалар билишади!
Хўш, она тилига, ватанга, миллатга бўлган муносабатлар асоси шу ерда эмасми?! Бугунги авлод Гўрўғли, унинг сеҳрли оти Ғирот (Ш.Турдимов Ғиротни «қуёш», яъни оташпарастликка, қуёшга сиғинган зардуштлик қарашларни ўзида қамраб олган от деб таърифлайди), ғайб отаси Хизр, Соқи булбулни шунчаки эртак ва чўпчак деб ўқийди ва қабул қилади. Мақолни ўзгартиришга тўғри келади: «Яқиндаги қуйруқдан узоқдаги ўпка яхши».
Европалик адибларнинг бир фикри менга ёқади: «Европа тафаккурини янгилаб берган қирол Артур тарихий шахсми ёки йўқми, бу муҳим эмас, муҳими шундаки, агар қирол Артур тарихий шахс бўлмаганда ҳам уни Европаликлар ўзини, тафаккурини, дидини, дунёга муносабатини, умуман ўзини-ўзи халос қилиш учун барибир ўйлаб топишарди!»…

Назар ЭШОНҚУЛ,
ёзувчи