Нон нега меъдага тегмайди?

544

Қадимий битикларда икки мавзу кўпроқ тилга олинган. Биринчиси – меҳр-муҳаб­батга йўғрилган инсонсеварлик, иккинчиси, яшаш учун озиқ-овқат – нон топиш.

Ғарбда нонни кўп истеъмол қилишга қашшоқлик белгиси сифатида қаралади. Ўзбеклар эса нон кўп истеъмол қиладиган халқлардан бири ҳисоб­ланади. Бунинг этномаданий ва этнопсихологик жиҳатлари бор.
Бугун дастурхонимизда турган нон машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуф таъбири билан айт­ганда, «яктаклари этагидан тер томар» бободеҳқоннинг оғир меҳнати маҳсулидир. Ерга сочилган уруғнинг униб чиқиши, суғорилиши, ёввойи ўтлардан тозаланиши, ўриб олиниб, хирмонга келтирилиши, хароздан ўтказилиб, унга айлантириши, сўнгра хамир қорилиши, нон ясалиши ва тандирда пиширилиши ҳазилакам иш эмас. Бинобарин, нонни энг улуғ кашфиёт дейиш мумкин.
Кексалар бировга миннатдорлик билдирмоқчи бўлишса, «Сувдек сероб, нондек ноёб бўлинг!» дейишади. «Сувдек сероб бўлинг!» калимаси замирида эзгу амалларингиз янада кўпайсин, «Нондек ноёб бўлинг» сўзлари ортида эса янада қадрли, саховатли бўлинг, деган истаклар ётади. Қадрли ва саховатли бўлишни инсон энг мўътабар зотга, ўзи ўта қадрлайдиган кишига тилайди. Қарғаса, «Нонкўр», «Нон урсин», «Берган тузимга рози эмасман», «Нонгадо», «Нонинг бутун бўлмасин», дейди.
Нон билан қасам ичиш қадимги урф. Дас­турхонда жуфт нон қўйиш ҳам шундай одат, қолаверса, меҳмонни қадрлаш ва эъзозлаш рамзидир. Дастурхон ёзмаслик ва нон қўймаслик эса хушкўрмаслик аломатидир.
Тиббиёт ходимлари нонда инсон организми учун зарур моддалар ­кўплигини таъкидлашади. Қолаверса, аксарият кишилар асрлар оша синовдан ўтган таж­рибага таяниб, электр печда эмас, тандирда тайёрланган нонни афзал кўради. Чунки ундаги калория оловда пиширилган товуқ гўшти калориясига деярли тенг бўлади.
Нон чақалоқ ёстиғи тагига жойлаштирилиши ва келинчак совғаларига қўшилиши кўпчиликка аён. Қадимда ­майитлар қабри устига бир жуфт янги ёпилган нон қўйиш одати ҳам бўлган. Чамаси, ўша давр одамлари «Марҳумлар нариги дунёда нимадир истеъмол қилишлари керак-ку!» деб ўйлашган. Бу нонни илоҳийлаштиришга интилишнинг бир кўриниши бўлган.
Ноннинг меъдага тегмаслиги сабабини мутахассислар ўрганишлари жоиз. Лекин мен ҳозирга қадар бундай тадқиқот ўтказилганидан бехабарман. Фақат фараз сифатида бир нарсани айтишим мумкин: нонда инсоннинг таъм билиш органлари ва ошқозони учун зарур ферментлар мавжуд. Уларнинг организмга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши овқатланиш тажрибасига боғлиқ. Айрим одамлар, ҳатто бутун бошли халқлар нонни жуда кам ейдилар ёки умуман емайдилар. Шундай кишилар ҳам борки, озиқ-овқат ўрнига қуруқ мева-чеваларни, дарахт томирлари ва баргларини, ўт-ўланларни истеъмол қилишади. Қайнатилган сувни ичиш билан кифояланадиганлар ҳам учраб туради. Чақалоқлар эса олти ойгача фақат она сутини эмишади. Демак, овқатланиш тажрибаси билан нон ейиш ўртасида ўзаро боғлиқлик бор.
Нон ва нон маҳсулотлари кўп истеъмол қилинишига бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислиги ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Чунки организм учун зарур оқсиллар, витаминлар, темир моддалари, ёғ ва суюқликнинг етишмаслиги гармоник ривож­ланишга салбий таъсир кўрсатади. Гоҳо организм бу моддаларни бош­­қа турдаги маҳсулотлардан, жумладан, нондан олиши мумкин.
Ноннинг филогенезга ва узоқ умр кўришга таъсирини ўрганиш қизиқарли мавзу. Нима учун нон этномаданий анъанага айланган? Барча халқлар ҳам биздек кўп нон ва нон маҳсулотлари истеъмол қиладими? Уларнинг рационида нон неча фоизни ташкил этади? Тандирда ёпилган ноннинг таъми газ ва электр печкада ёпилган нонникидан бошқача эканлиги боиси нимада? Улардан қайси бири организмга, филогенетик ривожланиш босқичларига ижобий таъсир кўрсатади?
Ушбу саволларга жавоб топилса, биз ҳозиргидан бошқачароқ хулосаларга келишимиз мумкин. Тўғри, нон меъдага тегмайди, деган фикр ростлигини этномаданий тажрибалар тасдиқлайди, бироқ уни тиббий экспериментлар билан бойитиш ва тўлдириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Виктор АЛИМАСОВ