Беморга мижоз деб қараманг…

511

ёхуд фидойиликни талаб қиладиган касб эгаларининг баъзиларига мурожаат

Назаримда, охирги пайтларда беморларни даволашдан кўра, уларга даромад келтирадиган мижоз сифатида қараш оддий ҳолга айланиб қолмоқда. Йирик шаҳарларда қандайлигини билмадим, лекин туман марказларида дорихоналар бисёрлигини кўриб, эсингиз оғади. Баъзи жойларда уларнинг сони озиқ-овқат дўконларидан кўпроқдай туюлади. Ойнаи жаҳонда ҳам эртаю кеч турли-туман дори-дармонлар рекламаси берилади.

Албатта, қарс икки қўлдан чиққанидай, соғлиғи ҳақида, биринчи навбатда, аҳолининг ўзи қайғуриши керак. Бу ўринда ҳамюртларимиз тиббий маданиятини юксалтириш, уларнинг соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилишлари муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, кам ҳаракатланиш, кўп ва нотўғри овқатланиш, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишлар авж олиб, инсон тансиҳатлигига боғлиқ муаммолар кўпаяверади.
Жорий йилнинг 18 майи­­да Президентимиз тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва тизимни янада ривожлантириш масаласига бағишланган видеоселектор ўтказди. Унда халқ соғлиқни сақлаш соҳасидан норози эканини ҳамда ҳар бир раҳбар ушбу масала бўйича аҳоли олдида ҳисобдор бўлиши кераклигини таъкидлади. Ажабланарлиси, жойларда ўтказилган сўровларда қатнашганларнинг атиги 13 фоизи соҳада ижобий ўзгаришлар сезилаётганини эътироф этган. Аксарият ҳудудларда, айниқса, Андижон, Хоразм ва Тошкент вилоятларида аҳвол қониқарли эмаслиги аниқланган.
Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари соҳада 5 та йўналиш бўйича жиддий ўзгаришларни амалга ошириш шартлигини уқтирди. Аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, уларда ишлайдиган мутахассисларни меҳнатига яраша рағбатлантириш зарурлигини эслатди.
Зеро, ўзингиз холисона айтинг-чи, қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда қиш­лоқ врачлик пунктлари замонавий ташхис ва даволаш ускуналари билан таъминланган бўлса, дардига даво истаганлар узоқ йўл босиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб шаҳарларга борармиди? Ёки айтайлик, олий таълим даргоҳида 7 йил ўқиган, бугун бирламчи тиббиёт бўғинида 800 минг ёки 1 миллион сўм маош олиб хизмат қилаётган ёш шифокор у ерда қўним топиб ишлаб кета оладими? Албатта, йўқ!
Иккинчидан, ихтисос­лашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ва сифатини тубдан яхшилаш бугунги давр талабларидан бирига айланмоқда. Бас, шундай экан, олис ва чекка қишлоқларда яшовчи аҳоли соғлиғи малакали шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилса, айни муддао бўлади.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йили ­республикамизда коррупциялашган соҳалар учлиги «шоҳсупа»сини Соғлиқни сақлаш вазирлиги эгаллаган. Ушбу тизимда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари 16 миллиард сўмни ташкил этган. Бундан ташқари, 22 миллиард сўм миқдоридаги давлат маб­лағлари мақсадсиз ишлатилишининг олди олинган. Келгусида бундай нохушликларга чек қўйишда учинчи йўналиш бўйича иш юритиш, яъни рақамлаштириш соҳадаги қоғозбозлик, тўрачилик ва коррупцияни кескин қисқартиришда қўл келади.
Тўртинчи йўналиш эса тиббиётнинг барча жабҳаларида рақобат ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни тубдан жонлантиришни талаб этади. Чунки рақобат йўқ жойда ўсиш ва тараққиёт бўлмайди. Аммо дастлабки босқичда тиббиётдаги хусусий сектор фаолияти давлат назоратида бўлиши керак. Бундай дейишимизнинг боиси, баъзи диагностика ва даволаш мас­канларида хизматлар нархи қимматлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Масалан, бултур пандемия ­шароитида тест синовлари учун ҳар бир хусусий тиббий маскан ўзи хоҳлаган нархни белгилади.
Тиббиётдаги ислоҳотларнинг пировард натижаси тизим ходимлари ўз касблари сир-асрорларини нечоғли пухта эгаллашларига боғлиқ. Демак, бешинчи йўналишга биноан, шифокорлар билимини ошириш, таълим ва илм-фанни янада ривожлантириш шарт.
Рус классик адабиётининг йирик намояндаси Антон Чехов бой ­тажрибага эга шифокор сифатида оддий халқни бепул даволаган. Шахсий маб­лағи ҳисобидан касалхоналар қурдирган. Касбини улуғлаб, «Шифокорлик – жасорат, у фидойиликни, қалб ва фикр софлигини талаб қилади» деган.
Бугунги кунда инсоният худди ана шундай фазилатларга эга шифокорларга ҳар қачонгидан кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Ишончимиз комилки, бизнинг юртимизда ҳам чуқур билимли ва малакали тиббиёт ходимлари янада кўпаяди, улар эл саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, соҳа ривожига катта ҳисса қўшадилар.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист