Сариқамишдаги «тақиқ»дан ким ютяпти ва ким ютқазяпти?

635

Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда март-июнь ойларида балиқ овига тақиқ қўйилади. Боиси, бу давр балиқлар кўпаядиган мавсум ҳисоб­ланади. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг махсус буйруғига мувофиқ, Амударё сув ҳавзасида шу йилнинг 10 март санасидан 31 май санасигача, табиий сув ҳавзаларида 26 апрелдан 10 июнга қадар балиқ овлаш тақиқланди.

Сариқамиш кўлида ҳам 2018 йилдан бошлаб мавсумий тақиқ ўрнатилди. Унгача балиқчиларга саноат мақсадида балиқ овлашга тўсиқ бўлмаган.
Мутахассисларнинг айтишича, кўлнинг тахминан 70 фоизи Туркманистонга, қолган қисми эса Ўзбекистонга тегишли. Турк­манистонда балиқ кўпаядиган ойларда (апрель-июнь) балиқ овига тақиқ йўқ, бизда эса бор. Биласиз, балиқлар чегара билмайди, бир кун Ўзбекистон ҳудудида сузса, эртасига Туркманистон томонига ўтиб кетаверади. Биз балиқ кўпайиши керак, деб тегмасак, уни эртасига нариги томондан бошқа биров тутаётган бўлса, ким ютқазади? Ундан кўра, балиқ овини аввалгидек тақиқ мавсуми пайтида ҳам очиқ қилиб, ишчилар сонини кўпайтирсак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Айни пайтда Сариқамиш кўлининг Ўзбекистон томонида битта корхона «Нукус-­Устюрт жағиси» МЧЖ фаолият кўрсатади. Унда 50 нафар киши иш билан таъминланган. «Тақиқ» ойларда уларнинг 60-70 фоизига вақтинчалик таътил бериб юборилади.
Мазкур корхона кўлнинг 4 минг 825 гектарига эгалик қилади ва йилига 200 тонна балиқ овлаб аҳолини балиқ маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Кўлда сазан, лаққа балиқ, илонбош ва бошқа турли хил балиқлар кўп.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институтининг хулосасига кўра, мазкур кўлнинг Ўзбекистон томонида балиқлар кўпаймайди. Чунки кўлдаги тузлилик миқдори юқори ва у балиқнинг увилдириқларини ўлдириб ташлайди. Балиқлар асосан Туркманистон томонида кўпаяди, сабаби чучук сув Дарёлик канали орқали у томонидан келади. Кўлнинг ўртасида 20 километрга чўзилган катта ғов, яъни қум уюми бор. Чучук сувнинг Ўзбекистон томонига ўтиб келишига ушбу ғов ҳам халақит қилади. Шу боис, Сариқамиш кўлининг Ўзбекистон томонида минерализация юқори. Масалан, кўл 2019 йил қишда музламаган. Шу йили март ойида сувдаги тузлилик миқдори 12,31 г/л.ни ташкил қилган. 2020 йилда сув сатҳининг кўтарилиши ҳисобига тузлилик миқдори озгина камайган – 10,65 г/л. Жорий йил апрель ойида ушбу кўрсаткич 10,87 г/л.га кўтарилган.
Балиқ увилдириқларининг меъёрида яшаши учун сувдаги тузлилик миқдори 6-8 г/л. бўлиши керак. Агар кўрсаткич 9 г/л.дан ошса, увилдириқнинг яшаб қолиши пасайиб бораверади.
Яна бир далил, балиқлар Ўзбекистон томонига озуқа учун келади. Сариқамиш кўлининг шимол томонида минерализация юқорилиги ҳисобига сувда майда қисқичбақалар кўп ва балиқлар ейдиган ўт-­чўплар ҳам мўл.
Сариқамиш кўлидаги балиқчиларнинг илтимоси шуки, апрель-июнь ойларидаги «тақиқ»ни бекор қилиш керак.
Хулосани эса мутасаддилар эътиборига ҳавола этамиз. Зеро, улар бу масалани биздан чуқурроқ билишади.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»