Олий таълим қачон коррупциясиз соҳага айланади?

364

Ўтган икки йилда олий таълим тизимида 326 ходим таълим жараёни билан боғлиқ жинояти учун жавобгарликка тортилган. Улар орасида 3 ректор, 5 проректор, 15 декан ва декан ўринбосарлари, 62 ўқитувчи бор. 

Тошкет давлат иқтисодиёт университетида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш: муаммо ва таъсирчан чоралар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида тизимдаги коррупция ҳақида сўз юритилди. 
Замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, ушбу иллатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, олий таълим муассасаларида тажрибали, ҳалол, пок виждонли, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий ўқув юртлари билан ҳамкорликда талабаларни ўқитиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилганига қарамасдан, ушбу жараёнда ҳам турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйилаётгани тадбир иштирокчилари томонидан кескин танқид қилинди. Талабани ўқишга қабул қилишдан бошлаб, то диплом олишга қадар бўлган ҳар бир босқичда кузатилаётган коррупция ҳолатига танқидий фикрлар билдирилди. 
Давра суҳбати доирасида олий таълим соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини изчил давом эттиришга, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам беришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА

Бошқа хабарлар