Кичик мактабдаги катта муаммолар

322

Шовот тумани Бўйрачи қишлоғи «Остона» маҳалласидаги 50-умумтаълим мактаби 80 ўринга мўжалланган. Атиги 8 та ўқув хонасидан иборат бу икки қаватли иморат 2009 йили фойдаланишга топширилган.

Бироқ аҳоли турар жойларига туташиб кетгани сабабли мактаб экани сезилмайди. Устига-устак, синфхоналар ниҳоятда тор. Бу ўқувчиларга қатор ноқулайликлар туғдиради. Бу йил 11 та синфда ўқийдиган 160 нафар ўғил-қиз икки навбатда ана шу тарзда таълим олди. Уларга 27 нафар педагог сабоқ берди.
Ажабланарлиси, мактабда директор, унинг ўринбосарлари ва ўқитувчилар учун хоналар йўқ. Ошхона, мажлислар зали, спорт зали ва ўқув-лаборатория хоналари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Тўғри, «Остона» маҳалласида анча кам аҳоли – 860 нафар киши яшайди. Аммо, қандайлигидан қатъи назар, бу ердаги болалар ҳам шаҳарлик тенгқурлари сингари бемалол ўқишлари, пухта билим олишлари, бунинг учун бор имкониятлардан бемалол фойдаланишлари керак.
– Биз мактабимиз учун қўшимча бинолар зарурлиги ҳақида жуда кўп жойларга мурожаат қилдик, лекин ҳозирга қадар ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, – дейди ўқитувчи Баҳодир Шарипов. – Негаки, мактаб ён-атрофида бўш жой йўқлиги муаммо устига муаммо туғдирмоқда.
Хўш, бу жумбоқни ким ижобий ҳал этади? «Остона» маҳалласида униб-ўсаётган ёшлар қачон эмин-эркин таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўлишади?
Биз бу саволларимизга соҳа мутасаддиларидан аниқ жавоб кутиб қоламиз.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
журналист