«Сиз «муножот»ни бошқа айтманг…»

272

ёхуд Берта Давидованинг мангулик қўшиғи

Шундай куй-у қўшиқлар борки, тинглаганда киши хаёлот уммонида сузганча хаёлан саҳроларни кезиб, тоғ-у тошлар оша лолалардан гулдаста ясайди, бепоён денгизлар узра парвоз қилади. Кўнгилнинг нозик торларини-да черта оладиган бундай қўшиқларни ҳар ким ҳам ярата олмайди, куйлай олмайди. Бунинг учун Аллоҳ инъом этган истеъдод ва ҳиссиёт бўлиши керак. Ана шундай ноёб истеъдод эгаларидан бири Ўзбекистон халқ артисти, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Берта Давидова эди.

Берта Давидова 1922 йилда ­Ёзёвонда туғилган. Тошкентдаги Охунбобоев номидаги тиббиёт билим юртида таълим олгач, бир муддат пойтахт шифохоналарида ҳамшира бўлиб ишлайди. Уруш йиллари Ҳарбий шифохонада ҳамшира бўлиб фаолият кўрсатаётганида ҳаваскор бадиий жамоалар таркибида яраланган ҳарбийлар учун уюштирилган концерт ­дастурларида фаол иштирок этиб, ижодини бошлайди. Санъатга қизиқиш устун келиб, Ўзбекистон радио эшиттириш қўмитаси ҳузуридаги хорга ишга ўтади. Ўзбек ансамблида ашулачи, Радиоэшиттириш ва телевидение давлат қўмитасининг мақомчилар ­ансам­б­­­­­лида узоқ йиллар етакчи хонанда бўлиб ишлайди. Ўзбек миллий санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Хонанда ижросидаги «Муножот», «Насри баёт», «Талқини баёт», «Таронаи баёт», «Самарқанд ушшоғи», «Фиғон», «Дугоҳ», «Ёр армуғони», «Куйлагайман» каби бир қатор ашулалар санъат ихлосмандлари қалб қўридан мустаҳкам ўрин олди.
Берта Давидова санъат остонасига кириб келганда Юнус Ражабийдан «Муножот»ни ўрганади ва халқимизга бебаҳо хазина сифатида туҳфа этади.
– «Ул сарви гулрў келмади» ғазали Навоий лирикасининг шоҳ асарларидан биридир. Ғазалнинг «Муножот» куйи билан ашула қилиб айтилиши халқимизнинг энг севимли асарларидан бирига айланишига сабаб бўлган, – дейди филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжа. – Муножотнинг мунгли навоси Навоийнинг ҳазин навоси билан шу қадар мос тушиб, уйғунлашиб кетганки, ашула маҳоратли мақом устаси, халқимизнинг суюкли хонандаси Бертахоним Давидова томонидан биринчи марта радио орқали ижро этилганида, шаҳар-у қишлоқлардаги радиокарнайлардан янг­раганида, юриб бораётган одам борки, тўхтаб, вужудлари қулоқ бўлиб тинглаган. Ҳатто ашуланинг номи ҳам «Муножот»га айланиб кетган.
Эшитган борки, ғазалнинг мусиқий талқини ундаги дард ва мазмунни минг чандон ошириб юборганини эътироф этади. Бу ҳақда сўз кетганда Берта Давидованинг ўзи шундай хотирлаган эди:
– Юнус Ражабий овозимни эшитиб кўрганларида «Овозингнинг ўзидан йиғи келади», дедилар. Ростдан ҳам қўшиқ айтсам, биринчи сатрини ижро этишим билан одамлар йиғлай бошлашарди. мен «Муножот»ни ўрганганимдан бахтли эдим. Бир йили Эски шаҳардаги Истироҳат боғида концерт бераётган эдик. Бир қўшиқчи аёл чиқиб, «Муножот»ни айта бошлади. Одамлар: «Берта чиқсин, Берта Давидова чиқсин», деб бақира бошладилар. Кейин Мукаррама Турғунбоева чиқиб, рақсга тушди. Одамлар яна тўполон қила бошлашди. Мукаррама чиқиб келиб, ҳалиги хонандага: «Сиз «Муножот»ни бош­­қа ­айтманг», деган эди. Ахир бу хотираларни қандай унутиб бўлади?..».
Берта Давидованинг қай қўшиғини тингламасин, киши қалби жунбушга келади. Даврага беихтиёр жимлик чўкади. Асрларга тенг гўзал ижролар эшитгувчи юрагининг туб-тубигача етиб бориб, руҳиятини аллалайди. Кўздаги ёшни сел қилади. Бу улуғ сиймонинг буюк санъати кучидан далолат беради.
Санъаткор ҳақида, унинг ўлмас ижоди ҳақида қанча кўп гапирсак, ёзсак, шунча оз. Биргина ҳақиқат борки, буюк истеъдод эгаси Берта Давидова саксон беш ёшида бу ёруғ дунёни тарк этган эса-да, ўлмас қўшиқлари билан одамлар қалбида яшаб келмоқда, абад яшаб қолажак ҳам…

Саида ЙЎЛДОШЕВА,
тадқиқотчи

Бошқа хабарлар