Хайруллаевлар уйини сотмайдиган бўлди…

331

Газетамизнинг шу йил 7 мартдаги сонида Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи фаолияти доирасида «Оилаларга татиётган байрам» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада навоийлик бир оила «оққон»га чалинган фарзандини даволатиш учун бошпанасини сотувга қўйгани ҳақида ҳам сўз юритилганди.
Маълум бўлишича, 11 ёшли Жаҳонгир «оққон» билан хасталанган. Мана, уч ойдирки, мактабга ҳам боролмайди. Кичкина ва нимжон жуссаси чидам ва катта маблағ талаб этадиган касаллик билан курашмоқда…
Саховатпеша инсонлар саъй-ҳаракати билан Жаҳонгирнинг тиббий муолажаларига маб­лағ топилди. Демак, ғарибгина бошпанани сотишга асло ҳожат қолмади.
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани кенгаши депутати Азимжон Ёрқулов ўзи сайланган ҳудуд – Навбаҳор туманида бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди. Депутат «Қизилтепа» МФЙ, Ижанд қишлоғида яшовчи Жамол Хайруллаев хонадонида ҳам бўлди. Оиланинг турмуш шароитини ўрганди. Бетоб бола учун тумандаги бир қанча тадбиркорлар орасида хайрия акцияси ташкиллаштирди.
Навоийлик бир саховатпеша инсон Жаҳонгирнинг даволаниши учун зарур бўлган маблағни берди.
– Кундан кунга фарзандимнинг кўз ўнгимда сўниб бораётганидан, унинг дардига малҳам бўла олмаётганимдан, қўлим калталигидан бошимни қаерга уришни билмаётган эдим, – дейди Жамол Хайруллаев. – Яхши одамларнинг бизга кўрсатган муруввати туфайли ўғлим даволаниш амалиётининг биринчи босқичини якунлаб, иккинчи муолажани бошлаб юборди. Саховатпеша инсонларнинг бизга қилган бу яхшилигини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар