Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди

400

“Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6240, 02.06.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фармон билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади.

2021 йил 1 ноябрдан:

— хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади;

— хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда 24 ой давомида импорт қилишга рухсат этилади.

2021 йил 1 сентябрдан маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи ёки олиб кирувчи томонидан риоя этилмаган ҳолларда юридик шахсларга, ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50 фоизигача миқдорда молиявий жарима қўлланилади.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари, техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга, ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда маъмурий жарима таъсир чораси белгиланди.