Зўравонликдан азият чеккан 209 нафар эркак ҳимоя сўраб реабилитация марказларига мурожаат қилган — вазирлик

247

Бу ҳақда АОКАда ташкил этилган мабуот анжуманида маълум қилинди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилором Қўзиеванинг айтишича, Президент қарори билан хотин-қизлар реабилитация марказлари оптималлаштирилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурига ўтказилади.

— Эндиликда улар давлат муассаси сифатида фаолият кўрсатади. 1 та Республика маркази, 14 та вилоят маркази ва 14 та намунавий минтақалараро марказ, жами 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилади.

Марказлар давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилади.

Ҳозирги кунга қадар реабилитация марказларига 4200 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилган. Уларнинг 3827 таси аёл, 169 таси бола, 209 нафари эркак.

Мурожаат қилганларнинг 1347 таси руҳий, 845 таси жисмоний, 23 таси жинсий, 394 таси иқтисодий, 1596 таси бошқа масалаларда зўравонлик ҳолатларидан шикоят қилган.

Қонунчилигимизда зўравонликнинг 4 та тури бор: жисмоний, жинсий, руҳий, иқтисодий зўравонлик. Лекин бизнинг таҳлилларимиз оилавий-маиший зўравонлик ҳолалари ҳам кўп учраётганлиги ва бунга етарлича таъриф берилмаётганини кўрсатмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги юқори турувчи органларга 2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш борасида таклифларини киритди.

Мурожаатлар таҳлилига кўра оилавий зўравонлик эр-хотин ўртасида доимий келишмовчилик туфайли – 1889 та ҳолатда;

учинчи томон аралашуви туфайли зўравонлик – 457 та ҳолатда

ота-она ва фарзанд ўртасида зўравонлик – 101 та ҳолатда аниқланган.