АЙНИЙ ИЖОДИНИНГ УНУТИЛГАН ҚИРРАЛАРИ

517

Атоқли ёзувчи, адабиётшунос, тарихчи, публицист, Бухоро жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири Садриддин Айнийнинг илмий, ижодий мероси жаҳон адабиётшунослиги ва илмий доираларида аллақачон ўз баҳосини олган. Бухорода мавжуд зуллисонайн, яъни икки тиллилик адабий анъанаси Садриддн Айний ижодига ҳам хос. Хожа Исматулло Бухорий, Мужрим Обид, Мирзо Сомий, Шарифжон Махдум, Абдурауф Фитрат каби Садриддин Айний ҳам ушбу анъанани давом эттириб, ўзбек ва тожик тилларида ижод қилди. Унинг дастлабки илмий, публицистик мақолалари ўзбек тилида ёзилган ва эълон қилинган.

Садриддин айнийнинг илмий, илмий-оммабоп мақолалари адибнинг жонкуяр ўлкашунос ва зукко исломшунос бўлганидан гувоҳлик беради. Аммо унинг шу соҳаларга бағишланган тадқиқотлари замона зайли билан эътибордан четда қолди ва қисман унут бўлишга юз тутди. “Чеҳел сутун” (“Қирқ устун”), “Қутби чаҳордаҳум” (“Ўн тўртинчи қутб”), “Мир Араб иморатлари” номли мақолалари, Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарини нашрга тайёрлаш, асарни сўзбоши ва илмий изоҳлар билан бойитиш, таржимани қайта кўриб чиқиш кабилар адибнинг ўлкашунослик ва исломшунослик йўналишида амалга оширган ишларидир.

Самарқанд шаҳри ва атрофининг тарихий географияси, топографияси, мозорлари, муқаддас қадамжолари, масжид ва мадрасалари тўғрисида муҳим маълумотларни ўзида мужассам қилган “Самария”нинг Абдулмўмин Сатторий тарафидан ўзбек тилига қилинган таржимасини қайта кўриб чиқиш, таҳрир қилиш, ўзбекча сўзбоши ва кенгайтирилган илмий изоҳлар ёзиш 1926 йилда Айний зиммасига тушган. Домланинг асар таржима матнига ёзган изоҳлари яхшигина илмий тадқиқотдир. Чунки чуқур илмий мазмунга эга изоҳларни ёзиш Самарқанд шаҳри тарихи, меъморий обидалари, муқаддас қадамжолари, қолаверса, ислом тарихидан мукаммал хабардор бўлишни талаб этарди. Лекин асар ўша даврда чоп этилмай, қўлёзма ҳолича қолиб кетган. Таниқли олимлар – Б. Аҳмедов ва А. Жувонмардиев саъй-ҳаракатлари билан ушбу асар 1969 йилда нашрга тайёрланган. Ноширлар таржимани жузъий таҳрирдан ўтказган ҳолда Айнийга ҳурмат юзасидан у ёзган сўзбоши ва изоҳларни асл ҳолича қолдиришган. Лекин давр мураккабликлари оқибатида асар яна нашр этилмаган. Ниҳоят, “Камалак” нашриёти “Мерос” сериясида 1991 йилда, “Янги аср авлоди” нашриёти эса “Тарихий мерос” сериясида 2009 йилда “Самария”ни чоп этган. Айнийнинг бу асарга ёзган илмий изоҳлари диққатга молик. Унда Самарқанд ва қисман Бухоро тарихининг айрим қизиқ томонлари акс топган. Жумладан, адиб Бухоро амалдорларидан бири Нодир девонбеги қурдирган иморатлар хусусида тўхталиб, шаҳардаги хонақоҳ ва ҳовузнинг абжаддаги санасини аниқлаган. Унга кўра, “Маҳалла машойих” жумласида хонақоҳ қурилган сана – ҳижрий 1029 (милодий 1619) йил, “ҳавзи ба зўр” иборасида эса ҳовуз, яъни ҳозирги Лабиҳовуз қазилган сана – 1029 (милодий 1619) йил ёзуви яширинганини қайд этган. Айнинг маълумотича, ҳовузни қазиш учун халқ мажбурий меҳнат ва машаққатга тортилгани сабаб ўша даврдаги бир шоир унинг тарихини абжад ҳисобида “ҳавзи ба зўр” ибораси билан белгилаган.

Адибнинг машҳур муҳаддис Имом Бухорий, тасаввуф алломаларидан Абдулқодир Жилоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Алоуддин Аттор, Хўжа Ахрор, Мавлоно Лутфулло Чустий, “Алфи соний” тахаллуси билан машҳур Шайх Аҳмад Сирҳинди кабилар хусусидаги биографик маълумотлари Садриддин Айнийнинг исломшунослик ва тасаввуфшунослик борасида чуқур илмий тафаккурга эга бўлганини тасдиқлайди.

Унинг “Қутби чаҳордаҳум” (“Ўн тўртинчи Қутб”) номли тадқиқоти икки жиҳати билан ажралиб туради. Биринчидан, ишда агиографик адабиёт маълумотлари кенг илмий муомалага тортилган ҳолда ўн тўртинчи қутб ҳисобланган тасаввуф намояндаси Шайх Нуриддин Басирнинг таржимаи ҳоли баён қилинган. Иккинчидан, Самарқанд шаҳрининг тарихий топографияси масалалари илгари сурилган. Шайх Нуриддин Тошкентнинг Нушкент мавзеида таваллуд топиб, кейинчалик онаси билан Самарқандга кўчиб келган ва у ернинг Куйи Чўпонон, яъни Кўкмачит махалласида истиқомад қилган. У тошкентлик Шайх Зайниддиннинг муриди хисобланган. Шайх Нуриддин вафот этгач, Кўкмачит махалласи яқинидан оқиб ўтувчи Жўйи чашмаи новадон ариғи бўйида, Самарқанд аркининг кунчиқар томонида дафн қилинган. Амир Темур бу шайхга бўлган ихлоси сифатида унинг мозорини арк қўрғони ичига олиб, қабри устига олтин қуббали баланд гумбаз қурдирган. Айнийнинг ёзишича, даврлар ўтиб, олтин қубба йўқолган бўлса-да, гумбаз Чор Россияси Самарқандни истило қилгунгача мавжуд бўлган. 1979 йилда империя ҳукумати буйруғи билан гумбаз портлатиб юборилган. Ўша пайтларда Самарқанд қозикалони вазифасида бўлган Мир Низомиддинхўжа губернаторлик ҳукуматининг рухсати билан шайх Нуриддин хокини Шоҳизинда мозорининг ёнига, Хўжа Дониёл мозорига борадиган йўлнинг жанубига кўчиради. Атоқли адиб ушбу маълумотларнинг тў0рилилигини далиллаш учун қозикалоннинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Ўз қўлим билан олиб, ўз кўзим билан кўрдим. Шайхнинг бош суяги бурнининг устигача тешиксиз ва кўзининг ўрни йўқ эди”.

Самарқанд шаҳрининг тарихий топографияси ва меъморий ёдгорликлари тарихини яхши билган Айний домла Чеҳел сутун, Чиннихона, Кўксарой, Кўктош каби обидалар тўғрисида муҳим маълумотларни тақдим этади. Ҳозиргача илмий-маърифий аҳамиятини йўқотмаган ушбу маълумотлар шаҳарнинг Ўрта асрлардаги кўринишини ўрганиш ва сақлаб қолишда ахборот манбаи бўлиши шубҳасиз.

Атоқли адибнинг “Мир Араб иморатлари” номли бошқва бир тадқиқоти ҳам илмий жамоатчилик назаридан тушиб қолган. Бу мақола ёзилган пайтгача (1927) Мир Араб ва унинг Бухородаги мадрасаси ҳақида илмий адабиётларда маълумотлар ҳали унчалик кўп эмасди. Айний кам сонли ёзма манбалар асосида Мир Араб шахсияти ва у қурдирган иморатлар тарихини ўрганган.

Унинг таржима ҳолига тўхталиб, Мир Араб 22 ёшида ўз юрти Яман вилоятидан Туркистонга ҳижрат қилгани, кейинчалик Хўжа Аҳрорга мурид тушгани, унинг вафотидан сўнг Сайрамга кетгани хусусида маълумот беради. Айний бундай маълумотларни, ўзининг таъкидича, Мир Араб авлодлари қўлида сақланган маноқибдан олган. Лекин маноқибнинг номини келтирмаган. Мир Арабнинг Арабистон Яманидан Туркистон томон ҳижрат қилиши ва умуман унинг яманлик бўлгани тўғрисида ҳозирги замондаги айрим тасаввуфшуносларда эътирозлар мавжуд. Улар ўз эътирозларини Ўрта асрларда араб оламидан Туркистон сари эмас, аксинча, Туркистон ўлкасидан араб оламига ҳижрат қилиш анъанаси устувор бўлганлиги билан асослашга ҳаракат қиладилар. Бу алоҳида мавзу. Яна бир таажжубли жихат, Нақшбандия тариқати силсиласида Мир Араб номи Хўжа Аҳрорнинг муриди сифатида умуман тилга олинмайди.

Айний домла кўпроқ Мир Арабнинг ижтимоий-сиёсий, айниқса, бунёдкорлик фаолиятига эътибор қаратади. Шу йўналишда унинг Бухоро ҳукмдори, шайбоний Убайдуллахон билан илиқ муносабатлари масаласига мурожаат қилиб, Убайдуллахондан кўпдан-кўп мурувватлар кўргани ва унинг ҳимоятида бехисоб мол-мулк тўплаганини ёзади. Мир Араб ўз мол-мулкининг бир қисмини хайрли, бунёдкорлик ишларига сарфлаган. Масалан, Сайрамда турган чоғларида шаҳардан икки чақирим узоқликда иккита кориз қаздириб, кўплаб ер ва боғларни сув билан таъминлаган. Қазиш ишларига икки юз киши жалб қилиниб, иш билан таъминланган.

Шайбоний Убайдуллахон Мир Арабнинг шарафига Сайрамда муҳташам мадраса барпо қилганини Айний алоҳида таъкидлаган. Мир Араб мадрасаси хусусида ҳам батафсил тўхталган. Айтиш жоизки, мадрасанинг тарихий-бадиий, илмий ва меъморий тавсифини берган биринчи тадқиқотчи Садриддин Айнийдир. У мадрасанинг ички ҳамда ташқи кўриниши, мавжуд ҳужралар сони (114), бадиий безаклари, маърифий маскан сифатидаги ижтимоий-маданий аҳамияти ва бошқа жиҳатларга тўхталган. Мадрасанинг Айний домла тилга олган қурилиш конструкцияси, меъморий ечими тўғрисидаги маълумотлар ҳозир ҳам муайян қизиқиш уйғотиб, мушоҳадага чорлайди. Жумладан, мадрасанинг тоғ тошларидан иборат пойдевори жуда чуқур қилиб ётқизилган. Қор ва ёмғир сувларини кетказиш учун мадраса остидан тазар ўтказилган ва у шаҳардан ташқаридаги Темур заҳкашига туташтирилган. Мир Араб мадрасасининг шарқий томонидаги гуруч бозоридан нақиб қазилиб, тазарни тозалаб,туриш учун махсус йўл очилган. Даврлар ўтиши билан бу ер ости йўлининг ҳавоси бузилиб, кириш хавфли бўлганидан сўнг у беркитиб ташланган.

Ўтган йилларда Бухоро маданият коллежи ҳудудидан топилган ва ер ости йўли деб тахмин қилинган иншоот аслида Айний домла Мир Араб мадрасасига нисбатан қўллаган нақиб ва тазардир. Чунки коллеж ҳудудига яқин жойда ХХ асрнинг биринчи ярмига қадар Бозори гўсфанд мадрасаси қад кўтариб турарди. Тазар шу мадрасага тегишли бўлган. Демак, ҳозирда биз учун жумбоқ бўлаётган айрим масалаларга Айний домла бундан салкам юз йил бурун жавоб бериб қўйган. Нақиб ва тазарлар Ўрта асрларда Бухорода кенг тарқалган ер ости тизими бўлган, бунга ҳайрат билан қараш, шов-шув кўтариш ноўрин. Аксинча, Айний домладек Бухорони чуқур ўрганиш керак.

Умуман, аллома адибнинг ўтган аср 20-йилларида ёзилган исломшунослик, тасаввуфшунослик, манбашунослик, тарихий топография бўйича тадқиқотлари унинг кам ўрганилган, унут бўлаёзган ижод қирралари тўғрисидаги тасаввуримизни бойитади.

Ҳалим ТЎРАЕВ,

БухДу профессори, тарих фанлари доктори

Бошқа хабарлар