ИҚТИСОДИЙ БЎҲРОН НАФАСИ

616

Ёхуд глобал ишсизлик салкам 25 миллион кишига ошиши мумкин(ми?)

Жаҳон миқёсидаги ЯИМ ўсишига «COVID-19» таъсирининг турли сценарийларига асосан, ХМТ ҳисоб-китоб­ларига кўра, глобал ишсизлик даражаси 5,3 миллиондан («қуйи» чегара) 24, 7 миллионгача («юқори» чегара) ошиши мумкин.

Таққослаш учун, 2008-2009 йиллардаги жаҳон молиявий инқирози глобал ишсизликни 22 миллион нафарга оширган эди. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, 2019 йилда дунё миқёсида 188 миллиондан ошиқ ишсиз қайд этилган.
Aммо 2008-2009 йилларда – жаҳон молия­вий инқирози даврида бўлгани каби, халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган сиёсий қарорлар қабул қилинса, бу муаммонинг глобал ишсизликка таъсири сезиларли даражада камаяди.
«COVID-19» ва меҳнат соҳаси: оқибатлар ва жавоблар» деб номланган баҳолашнинг дастлабки эслатмасида ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилиш, иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантириш, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлаш каби уч асосий йўналиш бўйича шошилинч, кенг ва келишилган чоралар кўриш талаб этилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар ижтимоий ҳимояни кенгайтириш, бандликни сақлаб қолиш (яъни, вақтинча иш билан таъминлаш, ҳақ тўланадиган таътил, бошқа субсидиялар), молиявий ва солиқ имтиёзларини, шу жумладан, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади. Бундан ташқари, эслатмада молия ва пул-кредит сиёсати, шунингдек, иқтисодиётнинг айрим тармоқларини кредитлаш ва молиявий қўллаб-қувватлаш таклиф қилинган.
Тўлиқ бўлмаган бандликнинг ҳам кенг миқёсда ўсиши кутилмоқда, чунки вирус тарқалишининг иқтисодий таъсири, табиийки, иш вақти ва иш ҳақининг ҳам қисқаришига олиб келади.
Бандликнинг пасайиши ишчи-хизматчилар учун катта молиявий йўқотишлар деганидир. Тадқиқотдаги ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил охирига келиб, бу йўқотиш 860 миллиондан 3,4 триллион долларгача бўлиши мумкин. Бу товарлар ва хизматлар истеъмолининг ­кескин камайишига олиб келади, ўз навбатида, бизнес ва иқтисодиёт келажагига салбий таъсир кўрсатади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил учун дастлабки тахминларга нисбатан таққослаганда, дунё бўйича 8,8 дан 35 миллионгача одам қашшоқлик гирдобига тушади, ваҳоланки, йил бошида бу кўрсаткичнинг 14 миллионгача пасайиши тахмин этилаётган эди.

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар