«Ҳозирги инқироз шароитида камида 5-6 млрд. АҚШ доллари зарур. Бу пулларни қаердан топиш мумкин?»

798

Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси, колумнисти Абдулла Абдуқодировнинг ёзишича (https://anhor.uz/economy/kak-preodolety-krizis-chasty-vtoraya), вақт биз­­га қарши ишламоқда. Биз зарур чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини қанчалик кейинга қолдирсак, коронавирус таъсирининг оқибатларини бартараф этиш учун шунча кўп маблағ талаб қилинади.
Бугун ҳеч ким юз бераётган воқеаларнинг оқибатларини батафсил аниқлай олмайди, аммо умумий тасаввурлар муаммоларни ҳал этиш учун конкрет ресурслар билан манзилли дастурларни ишлаб чиқишни бошлаш заруратини талаб қилади.
Экспертнинг қайд этишича, иқтисодиётимиз ҳаж­мидан ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тўпланиб қолган муаммоларидан келиб чиққан ҳолда, камида 5-6 млрд. АҚШ долларидан иборат маблағ зарур. Ушбу маблағнинг ярми тиббий ёрдамни тўғридан-тўғри субсидиялашга ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари корхоналарида бандликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши, қолган қисми эса молия институтларини ­мустаҳкамлашга йўналтирилиши зарур.
Абдулла аканинг фикрича, иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш мақсадларида зудлик билан Жаҳон банкидан реструктуризация имконияти билан 30 йил муддатга камида 3-4 млрд. доллар қарз олишга тўғри келади. Ундан кейин барча донор институтлар (USAID, KOICA, TIKA сингари) жалб этилиши мумкин, аммо улар 0,5-1 млрд. АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажрата олмайди.
Молия вазирлиги давлат ғазначилик мажбуриятларини 5 ва 10 йилга эмиссия қилишга ўтиши мумкин, уларни Марказий банк бюджетни қўллаб-қувватлаш учун харид қилиши мумкин бўларди. Шу тарзда 1 млрд АҚШ долларига тенг эквивалентдаги суммани, вазият ривожланишига қараб, бир нечта транш бўйича сафарбар қилиш мумкин.
Шунингдек, Молия вазирлиги аҳоли учун узоқ муддатли давлат заёмларини эмиссия қилиши мумкин. Вазият энг ноқулай ривожланганида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларига умид қилиш қолади, холос.


Абдулла Абдуқодиров

Бошқа хабарлар