АНДИЖОНЛИК КАСАБА УЮШМА ФАОЛЛАРИ: “СИНОВЛИ КУНЛАРДА ТОМОШАБИН БЎЛИБ ТУРМАЙМИЗ!”

321

Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас, деган гап бор-а? Бу нақлнинг исботини, айниқса, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар шу кунларда бошдан ўтказаётган бўлса, не ажаб?!
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Избоскан тумани кенгаши раиси Акбарали Аҳмадалиев айни масалада тизим фаоллари билан кенгашиб, кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини шакллантирди. Бир ҳафтага етгулик захиранинг ўртача қиймати 150 минг сўм атрофида ҳисоб-китоб қилинди ҳамда кенгаш ҳисобидан тумандаги 60 та оиланинг ҳар бирига ана шу маҳсулотлар етказиб берилди.
Ҳамкасблардан ўрнак олган Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Пахтаобод тумани кенгаши вакиллари тайёрлаган озиқ-овқат маҳсулотлари эса ҳудуддаги кўмакка муҳтож 49 та хонадонга тарқатилди.
Асака туманининг Чек маҳалласидаги Ҳамдўстлик ҳамда Тўрамчек кўчалари аҳоли энг зич жойлашган ҳамда ўта серқатнов йўллардан бири. Агросаноат ходимлари касаба уюшмасининг туман кенгаши раиси Салимжон Ҳайитов ҳамда тизимнинг бир гуруҳ фаоллари айни кўчаларни дезинфекция қилдирсак, хавф-хатарнинг олдини олишга ҳисса қўшган бўламиз, деган қарорга келишди. Узунлиги икки километрга тенг ҳар икки кўчада мутахассислар томонидан режадаги ишлар санитария талаблари асосида рўёбга чиқарилди. Бу каби хайрли юмушлар “Синовли кунларда томошабин бўлиб турмаймиз!” деган эзгу ниятнинг амалдаги ифодаси, албатта.

Бошқа хабарлар