Банкдан тадбиркорга савол: “Эшак лойдан ўтгунча”миди?!

659

МИБ ихтиёрига Андижондаги “Eko termo plast” МЧЖ ҳисобидан “Туронбанк” фойдасига оз эмас, нақд 737 миллион сўм ундириш ҳақида суднинг ижро варақаси келиб тушганди. Ижрочилар жавобгарнинг изидан боришса, пулларни ундириш не, ҳатто қарздорга жиноий иш ҳам очиш керакдай.

Хуллас, фуқаро М.М. “Туронбанк”дан катта миқдорда кредит олади. Шартномага кўра “Ласетти” автомашинаси ҳамда бир қатор мулклар таъминот учун гаровга қўйилади. Аммо бироз вақт ўтгач, кредитни қайтариш пайсалга солинаверади. Қарздор банкнинг такрор-такрор огоҳлантиришларига парво қилса қани?!

Тадбиркор қараса, банк уни судга берадиган алпозда. Яхши биладики, суд қарори ижрога қаратилгач, қарзи эвазига гаровдаги мол-мулклари, жумладан, енгил машинаси ҳам банк фойдасига мусодара қилиниши турган гап.

Қарздор шуларни ўйлаб, банкдан аввалроқ “отни қамчилашга” тушди. “Ласетти”га ими-жимида харидор топдию, Х. Мамажоновга “Машинам тақиқда эмас, ишоновринг, истаган вақтингизда номингизга расмийлаштириб бераман”, дея 7900 долларга пуллаб юборди.

Кейин-чи? Кейин нима бўлди?

“Ишим битди, эшагим лойдан ўтди”, дея банкни ҳам, автоуловга пулни қуртдек санаб берган танишини ҳам алдаган М.М.га бюронинг Асака тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан иш қўзғатилди ҳамда прокуратурага юборилди.

Нурулла НЎЪМОНОВ,
Ishonch.uz

Бошқа хабарлар