“КОРОНАВИРУС”ГА МАКТУБ

51

“Ҳурматли” КОРОНАВИРУСЖОН!
Бизнинг юртга ташриф буюрганингдан буён, Сенинг ҳурматингни жойига қўйиш мақсадида барчамиз — катта-ю кичик уйда ўтирибмиз. Қўлимиздан келганча Сени хафа қилмаслик мақсадида уйдан кўчага чиқмасликка ҳаракат қиляпмиз. Иззат-икромингни жойига қўйиб “аллада азиз, тўрвада майиз” қилииииб ўтирибмиз.
Сен туфайли уйда қолиб, хонадонимизда йиғилиб қолган юмушларни бирма-бир саранжомлаб оляпмиз. Баъзи бир “Кўча хандон, уй зиндон” қабилида иш тутадиган юртдошларимиз ҳам уйда — ўз оиласи бағрида ўтирибди.
Одамларимиз бир ёқадан бош чиқаряпти. Қийналганларга ёрдам қўли чўзиляпти. Энг қувонарлиси, кўпчилик ибодат қиляпти. Баъзи ноинсофларга инсоф киряпти. Сен келдинг-у оилалар жамул-жам бўлиб, хонадонларимизга файз киряпти.
Лекин… Беодобликка йўймагину, бир нарса сўрайман. Фақат Сен хафа бўлма. Тўғри тушунишга ҳаракат қил. Сафаринг қачон қарийди?
Бундай ноўрин савол беришимдан мақсад, болалар ҳам уйда ўтириб қолди-да. Биласан-ку, улар жудаям шўх. Бамисоли олов. Ерга урсанг, осмонга сапчийди. Бу “шумтакалар”ни кўчага чиқармай, хонадон ичида олиб ўтиришнинг ўзи бир азоб.
Энди ўзинг бир ўйлаб кўр. Бу “дюрасел”лар на кичик ва на катта ҳовлига сиғмаса, кўпқаватли уйларда яшаётганлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Уларни уй ичида олиб ўтиришнинг ўзи бир жасорат.
Вой, буям майли. Эр-хотинлар бир-бирининг кўзига “бало” бўлиб кўрина бошлаяпти.
Сенинг шарофатинг билан уйда ўтириб қолган эр хотинини ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ, деб ҳоли-жонига қўймаётган эмиш…
Хуллас, гапираверсанг гап кўп.Шу боис энди тезроқ юртимиздан кет! Ахир, ишимиз, ўқишимиз қолиб кетаяпди.Қувиб солмасимиздан даф бўл!

“Ҳурмат ва эҳтиром” ила
Дилором ДАВРОН қизи

Бошқа хабарлар