МАЪРИФАТ БИЛАН ЕНГАМИЗ


Бугун кўпчиликни бир савол қизиқтиради: карантин қачон тугайди? Қачонлиги ноаниқ муддатнинг қанча тез келиши сиз-у бизга, ўзимизга боғлиқ.

Хасталанганлар сони кундан кун ошаётганидан ваҳимага тушиб, эшик-деразаларни маҳкам ёпиб, диванга ёнбошлаб олган, кўзи телевизорда-ю хаёли олис-олисларда бўлган азиз юртдошим, илтимос ҳовлиқманг, ўзингизни босинг. «Эҳ, ҳар куни фалон сўм пул топаётгандим-а» дейсизми? Қўйинг, безовталанманг, шу пулни топаман деб ўзингизни ўққа-чўққа уравериб, соғлиғингизга қанчалик зарар етказганингизни ҳам ўйланг.
Биргина сиз эмас, жуда кўп инсонлар нафс исканжасида қолди.
Бебилиска пул эса маишатпарастликни авж олдирди. Фалон долларга виски олиб ичгани билан мақтанадиганлар онасига 50 минг сўмга рўмол олиб беришни ўзига эп кўрмади. Боласига 10 минг сўмга китоб олиб бергиси келмади. Маишатпарастлиги оқибатида қон босими ошиб, шифохонага борди. Унга маслаҳат беришга чоғланган шифокорни боплаб дўппослади. Носоғлом турмуш, нотўғри ҳаёт тарзи ОИТС, гепатит ва бошқа кўплаб касалликларни авж олдирди. Қанча болалар заиф, хаста туғилди.
Мен ўттиз йилдан буён вирусларга қарши курашиб келаётган шифокорман. Қаршимда не-не девкелбат йигитлар ёш тўкишган, қанча бойваччалар дардидан холос қилишимни ёлвориб сўрашган, мансабдорлар мунғайиб тиз чўкишган. Мен уларга ҳар доим бир хил жавоб бераман «Мен Аллоҳ эмасман, унга ёлборинг!». Мурожаат қилганларнинг 70-80 фоизи шифо топган. Бу аввало, улар ҳаёт учун курашгани, тавсияларга тўла риоя қилганлари туфайлидир. «Доктор айтаверади» қабилида иш кўрганлар оғир оқибатларга дуч келишган.
Бугун ҳаммамизда коронавирусдан ҳимояланиш имконияти бор. Бу карантин қоидаларига риоя қилишдир.
Яна бир нарсани айтиш жоизки, қўл ювиш қоидасига фақат карантин даврида эмас, бутун умр риоя қилиш лозим. Сабаби бу оддий гигиена талабидир. Биз болаларда учрайдиган гепатит «А» касаллигини ифлос қўллар касаллиги деб атаймиз. Сабаби айнан қўлни ювмаслик ушбу хасталикка олиб келади. Нафақат гепатит «А», гижжа пайдо бўлиши, ошқозон-ичак касалликлари ва яна ўнлаб хасталиклар айнан кўчадан кирганда, ҳожатхонадан чиққанда, овқат пишириш, таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювмаслик оқибатидир.
Болалар шифохонасида ишлайдиган ҳамкасбларимиз тез-тез маслаҳат сўраб мурожаат қилишади. Чақалоқларда ичкетар кўпайганидан нолишади. Ёш она тирноғини ўстириб олганидан, овқат қилишга эриниб, тайёр фаст-фуд олиб еганидан, икки-уч ойлик чақалоқнинг қўлига микробларга тўла телефонни бериб қўйганидан кейин бола хасталанади-да.
Яқинда «Ишонч» газетаси сайтида Японияда карантин эълон қилинмаганлиги ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим. Сабаби, японлар учун гигиена қоидаларига риоя қилиш, озодалик кундалик турмуш тарзига айланган экан.
Кўчадан келгач, юз-қўлни ювмасдан чақалоққа, болага назар ташламаслик бизда қадрият саналган. Момолар «Кўчада ҳалол-ҳаром йўлиқади, болага суқ тушмасин» дейишган. Бетаҳорат юрмаслик, қозон-товоқни озода тутиш, кийим-кечакни саранжом сақлаш, «супурилмаган уйдан фаришталар қочади» деган ўгитлар… буларнинг аксарияти ёддан кўтарилган. Замонавийлашиб, барча қулайликларга эга бўлганимиз сайин минг йиллик анъаналардан чекина бошладик.
Аслида гигиенага риоя қилишнинг қийин ёки ёмон жойи йўқ. Телевизор қаршисида камроқ ўтириб, телефонда камроқ гаплашиб, ижтимоий тармоқларда камроқ сайр қилсак, ҳаммасига вақт топамиз. Гигиенага риоя қилиш нафақат коронавирус, балки бошқа кўплаб касалликлардан ҳимоя қилади.
Биз улуғ инсонларнинг, дунёга маърифат тарқатган буюкларнинг ворисларимиз. «Олтин зангламас» дейди доно халқимиз. Ҳамжиҳатликда карантин қоидаларига риоя қилиш орқали буни яна бир карра исботлаймиз. Карантинни ўзликни англаш учун берилган имкон, оилада меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш учун қулай фурсат, иллатлардан тозаланиш учун имкон сифатида қабул қилиб, вақтни тушкун кайфиятда эмас, кўтаринкилик билан ўтказайлик.
Биз коронавирусни маърифат билан енгамиз. Олдинда бизни янада гўзал ҳаёт кутмоқда.

Шавкат ЮСУПОВ,
Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали юқумли касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.