ҲАММАСИ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА!

446

Мамлакатимизда ҳукм сураётган ҳолат мураккаблашиб бораётганини айрим одамлар ҳали тўлиқ англаб етмаяпди. Карантин тадбирларига риоя қилмаслик, бесамар кўчаларни кезиб юриш, мутасадди ходимларнинг тавсияларига амал қилмаслик ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Телевидение каналларида асосан коронавирусга оид кўрсатувлар, лавҳалар, роликлар берилаяпти. Барча соҳа эгалари коронавирус касаллиги профилактикаси бўйича қандай ишларни амалга ошириш кераклиги ҳақида тинмай огоҳлантирмоқда.

Шунча ишлардан кейин касалликнинг клиник белгилари, ундан ҳимояланиш усуллари ҳар бир юртдошимизнинг оддий кун тартибига айланиши керак эди. Минг афсуски, касаллик клиник белгилари кузатилса-да, уни билмасликка олиб, тиббиёт ходимларига мурожаат қилмасдан, анча вақт ўтгандан сўнг, соғлиғи оғир аҳволга келиб қолгандагина шифокорларга мурожаат қилаётган юртдошларимиз ҳам бор. Энг ачинарлиси, улар ўз атрофидагиларни, яқинларини, оила аъзоларини- кенг жамоатчиликни ҳам хавф остига қўймоқда.

Мамлакатимиз Президенти 15 кун мобайнида халқимизга 3 марта мурожаат қилди. Давлатимиз раҳбари коронавирус тарқалишига қарши курашни кучайтириш, фуқароларнинг берилаётган тавсияларга тўлиқ амал қилиши, пандемияга қарши курашда масъул, интизомли ва ҳамжиҳат бўлишига алоҳида эътибор бермоқда.

Эътибор берилса, ҳамюртларимиз олдига ўзларининг қўлларидан келадиган, катта маблағ сарф этилмайдиган оддий вазифалар қўйилмоқда. Бу чақириқларга лаббай деб жавоб берадиган фурсат келди. Бугунги кунда коноравирусга қарши чора-тадбирларга риоя этмаётган фуқароларимизни тартиб-интизомга чақириш – ўз халқини, юртини севган ҳар бир юртдошларимизни ҳаёт тарзига айланиши лозим, энг кичкина, майда деталлар ҳам диққат марказимизда бўлмоғи лозим.

Беморлар учун қурилаётган касалхоналар, тиббиёт ходимларига берилаётган имтиёзлар, тадбиркорларга кўрсатилаётган ёрдамлар, таълим муассасаларини масофавий режимга ўтказилиши, солиқ тўловлари бўйича тўлов муддатларини юмшатиш, ижара тўловлари бўйича амалий ёрдамлар, аёлларни иш билан таъминлаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, ёши кекса онахону-отахонлар оилаларига беғараз ёрдамлар, буларнинг барчаси – мамлакатимиз раҳбарининг ўз фуқароларига кўрсатаётган чексиз меҳр-оқибати, деб биламан.

Бас шундай экан, келинг қўлни-қўлга бериб, бир-биримизга чексиз муҳаббат ила, ҳурматни жойига қўйиб, ушбу касалликни олдини олиш бўйича эртаю-кеч тинмай меҳнат қилаётган барча ходимларни меҳнатларини авайлайлик, қадрлайлик, берилаётган тавсияларга тўлиқ амал қилайлик. Шундагина ушбу касалликни енгамиз.

Вазият жиддий экани ҳар биримиз теран англаб етишимиз лозим. Кузатувлардан маълум бўляптики, бир бемордан 400 нафардан ортиқ одамга касаллик юқиши мумкин экан. Тасаввур қилинг: фуқароларимиз ўз вақтида карантинга олинмаганда, улар даволанмаганда қандай вазият юзага келиши мумкин эди? Айрим фуқароларимиз эса карантиндан қочиб кетишга уринмоқда.Бундай ҳолатлар ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янада кучайтирди. Фидойи тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлаш, хизматини баҳолаш, тизимни зарур дори-дармон, тиббий ускуна ва буюмлар билан таъминлашдек кечиктириб бўлмайдиган янги чоралар кўрилди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар тезда ўзининг самарасини бера бошлади. Ҳали давоси топилмаган касалликдан тузалаётган ватандошларимиз ҳақида ҳар куни янгилик эшитяпмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган 30 нафар бемор бутунлай соғайганини маълум қилди. Бунда тиббиёт ходимларини хизматлари чексиз.
Ҳозирча касалликни тўла жиловлай олганимиз йўқ. Аммо тез орада бу кунлар ўтиб кетиб, яна осуда, барқарор ҳаёт тарзига қайтамиз.

Халқимиз бундай қийинчиликларни сабр-бардош, ҳамжиҳатлик билан ҳамиша енгиб келган, бу гал ҳам шундай ҳам бўлишига ишончимиз комил.

Равшан МАҲАМАДАЛИЕВ,
Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма Кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Бошқа хабарлар