ҚАЛБ АМРИ ВА АҚЛГА ТАЯНАМИЗ

290

Коронавирус эпидемияси дунёга таҳдид сола бошлаганидан буён маҳаллий матбуотимизнинг ўзида у ҳақда юзлаб таҳлилий мақолалар ёзилди. Ҳар куни ушбу вирус тўғрисида минглаб ахборотлар тарқалмоқда. Уларда ушбу вируснинг айрим қирралари очиб берилмоқда, инсоният огоҳликка чорланмоқда.
Шуни тан олиб айтиш жоизки, Олий Мажлис сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Коронавирус таҳдиди ва бирдамлик симфонияси» мақоласи ушбу чиқишлардан буткул фарқ қилади. Уни ўқиган киши кўринмас офат қиёфасини бутун бўй басти билан тўла илғайди, у қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини идрок қилади ва бу оқибатларни енгиллатиш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида мушоҳада юритади. Ушбу мақола қайноқ ва меҳрли қалбга, совуқ ақлга тенг таянилган ҳолда ёзилганини илғаш қийин эмас.
Дарҳақиқат, кўзга кўринмас шарпа инсонлар ҳаётига чанг солаётган бугунги даврда ҳар биримиздан огоҳлик, бирдамлик, тартиб-тамойилларга қатъий риоя қилиш талаб этилади. Ўзбекистон ҳар доим дўстлари бошига иш тушганда ёрдам қўлини чўзиб келган. Шунинг учун ҳам бугун мамлакатимизни қўллаб-қувватлаш истагидаги дўстларимиз кўп. Яқинда мамлакатимиз Афғонистонга, Қирғизистонга кўмак берди. Бу биз минг йиллардан бери илму маърифат, оқибат, меҳр-мурувват дарёларидан сув ичиб келганимиз туфайлидир. Қадим қадриятларимиз бизга коронавирус пандемиясини енгишда ҳам асосий қуролларимиздан бири вазифасини ўтамоқда.
«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси ҳисобига ўтказилаётган пул маблағлари миқдори соат сайин ортиб бораётгани юртдошларимиз қалбида олийҳимматлик, бир-бировга қайишиш каби фазилатлар мужассамлигидан даракдир. Бугунги синовли кунларда касаба уюшмалари савобли ишларга ҳар томонлама бош қўшмоқда. Барча ходимлар бир кунлик иш ҳақларини мазкур жамғарма ҳисобига ўтказиб бердилар. Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, карантиндаги юртдошларимизга мадад бериш чоралари узлуксиз кўрилмоқда.
Хоразм вилоятидаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан ўтган даврда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида 86 миллион сўмликдан зиёд хайрия тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, карантиндаги фуқароларга тиббий ниқоб, спирт, бир марталик салфетка, анитсептик воситалар етказиб берилди. Хайрия тадбирлари узлуксиз давом этмоқда.
Кези келганда, давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чоралар янада самарали бўлиши бизга, ҳар биримизга боғлиқлигини айтиб ўтиш жоиз. 3 апрел куни ўтказилган видеоселекторда Президентмиз халққа мурожаат қилиб, ҳар бир фуқародан ўзини эҳтиёт қилишни сўради. «Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз» деди давлатимиз раҳбари. Биз зиёли, маърифатли инсонларнинг авлодлари сифатида ушбу масъулиятни албатта ҳис қиламиз. Дўсту биродарларимиздан, ёшлардан, барча-барчадан ана шу масъулликни талаб қиламиз. Зеро, бирдамлик симфониясини биргаликда ижро қилиш орқалигина коронавирус таҳдидини бартараф қилишимиз мумкин.

Камолжон БЕКЖОНОВ,
Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари

Бошқа хабарлар