ҚЎШНИ

492

Ишдан кеч қайтдим. Йўлда келаяпману, кўнглим алланимадан безовта. Автобусдан тушиб, қадамимни тезлатдим. Олдимдан қўшнимиз Замирахон чиқиб қолди. У ҳам шошилиб келаётганди.

–  Нима гап, тинчликми? – ундаги безовталикни кўриб сўрадим.

–  Тинчлик, кўшни тинчлик, – қўшним ҳол-аҳвол сўради. Кейин секин гап бошлади. – Сиз хавотирланмасангиз ҳам бўлади, қийини ортда қолди.

-Нима бўлди? – гап оҳангидан у айтмоқчи бўлган хабар менга тааллуқли эканлиги маълум эди.

–  Ишдан келсам, ўғлингиз Сарварбек «вой қорним»лаб эшигингиз олдида йиғлаб ўтирган экан. Бориб ундан аҳвол сўрадим. Бир соатдан буён оғриқ тўхтамаётганини айтди. Зудлик билан «Тез ёрдам»га кўнғироқ қилдик. Рашид укангиз Сарварбек билан кетди, уни операция хонасига киритишганини, кўричак бўлганини айтиб телефон қилди ҳозир. Сизга хабар қилай десам, ишхонангизнинг телефонини ҳам билмас эканман. Хабар олай деб шифохонага бораётгандим.

Шифохонага етиб келганимизда, операция тугаб, ўғлим ухлаб ётган экан. Ёнида ўтирар эканман, кўзимдан дув-дув ёш тўкиларди. Шу тобда онам тез-тез айтадиган «Яхши қўшнини сотиб ол» мақоли эсимга тушди. Дарҳақиқат, шундай яхши қўшниларим бўлмаганида, ўғлимнинг аҳволи нима кечарди?

Ўғлим тузалиб кетди. Замирахон менга ўз синглимдай бўлиб қолди. Шундай қўшним борлигидан ҳамиша қувониб юраман.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар