АСЛ ИНСОН ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНИДА БИЛИНАДИ

878

Бугунги синовли кунлар кимнинг аслида кимлигини, ким ҳақиқатан зориққану ким нимага муҳтож, ким сахий, танти, кимнинг эса бойлигидан бошқа ҳеч бир “бойлиги” йўқ кимсалар эканлигини осонгина ажратиб олиш учун берилган бир фурсатдир. Ҳар бир ибтидонинг ўз интиҳоси бўлганидек, бу дамлар ҳам тез кунларда тарихга айланишига ишонамиз, аммо айни оғир дақиқаларда кимгадир қилган яхшилигимиз, савобли ишимиз ўша одамнинг кўнглидан ҳеч қачон ўчиб кетмаслиги, ёдида қолишининг ўзи – меҳр занжирининг давомийлигидан далолат.
Меҳр занжирига ҳалқа бўлишни эса бугун ҳар биримиз ўзимиздан, ўз оиламиздан бошласак, бунинг учун биринчи ўринда давлатимиз томонидан ўрнатилган қатъий талабларга риоя қилсак, ўзимиздаги ҳавойи кибрлардан воз кечиб, камтарлик билан иш тутсак, муҳтарам Юртбошимизнинг шу мамлакат отаси сифатида кўрсатаётган жасоратини, жонкуярлигини қалбан ҳис этиб, ҳаракат қилсаккина синовларни енгамиз.
Халқимиз ҳар бир даврнинг машаққатли кунларини бошидан кечирган. Лекин мулоҳазали, кенг феълли, синовларга саботли бўлгани учун ҳам у кунларни ортда қолдирди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугун орамизда боқимандалар, осмондан чалпак ёғишини кутиб, халқ ғамига шерик бўлмаётган кимсалар ҳам афсуски бор. Айнан карантин дамларда ижтимоий тармоқларда йўқсиллигидан нолиб, аюҳаннос солаётган, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни менсимаётганлар ҳам учрамоқдаки, ундайларга шукроналик туйғуси мутлақо бегона.
Бугун бурчак-бурчакларда туриб, камчиликлардан нолишимиз эмас, аксинча барчамиз бирлашишимиз, ҳамжиҳатликда кенгашиб иш тутишимиз зарурлигини куннинг ўзи талаб қилмоқда. Давлат идоралари, барча даражадаги раҳбарлар, касаба уюшма ташкилотлари, шу юртнинг чин фарзандиман, деган инсон борки, пандемиянинг олдини олиш, бу синовлардан омон чиқиш учун бирдек курашишимиз лозим.
Асл инсон кимлиги эл бошига иш тушганида билинади, дейди доно халқимиз. Бугун қайси соҳа, қайси тизим раҳбари бўлмасин, энг аввало, ходимлари манфаатини кўзлаб иш тутиши, ҳақиқатан зориққанга ёрдам қўлини чўзиши, кам таъминланганлар ҳолидан ҳар қачонгидан кўра кўпроқ огоҳ бўлиб туриши, энг муҳими, меҳр занжирининг ҳалқалари узайишига ҳисса қўшиши керак. Бу занжирнинг ҳалқаларида касаба уюшмамиз фаолларининг ҳам ҳиссаси бор. Бирлашманинг туман, шаҳар кенгашлари, бошланғич касаба уюшмаси томонидан эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига 154,5 млн. сўм миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, дизенфекция воситаларидан иборат кўмак берилди. Шу билан биргаликда, тизимдаги 2584 нафар ходимларнинг пластик карталарига моддий ёрдам сифатида жами 342,5 млн. сўмлик маблағ тушириб берилди. Бундан ташқари, Call Center қисқа рақамли 1211-Ишонч телефонига фуқароларимиз томонидан қилинаётган мурожаатлар касаба уюшма вакиллари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, ўз ижобий ечимини топаётгани ҳам бугунги синовли кунларда ҳеч бир юртдошимиз эътибордан четда қолмаётганидан далолат.
Бирдамликда, жипсликдагина қудратлимиз. Айни кунларда баҳамжиҳат бўлиб қилаётган эзгу амалларимиз, саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетмаслигига ишонамиз. Зеро, биз бир бутун халқмиз, катта оиламиз, яхши ёмон кунда биргамиз!

Шуҳрат МУСАЕВ,
Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси, вилоят кенгаши депутати

Бошқа хабарлар