ХАЙРЛИ ИШЛАР БАРДАВОМ

422

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси раҳбарлигида ташкил этилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ўрганишлар ўтказди.

– Бугун бутун дунёда коронавирус пандемияси билан кураш кетмоқда. Афсуски, бу синов Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади, – дейди Олтинсой тумани ҳокими Алишер Жумаев. – Шундай кунларни бошимиздан кечираётган бир вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ­Қудратулла Рафиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ хайрли ишларни амалга ошириш учун туманимизда ўрганиш­лар олиб борди.
Дарҳақиқат, ўрганишлар якунига кўра, бир қатор амалий чоралар кўрилди. Хусусан, Хўжасоат қишлоғи ҳудудида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида туманда вилоятимиздаги йирик корхоналардан бири бўлган «ZIf TEXTIL» фаб­рикасининг филиали очилди.
Мазкур фабрикага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2 миллиард сўм маблағ ажратиб, 100 та тикув машинаси ва зарурий жиҳозлар келтирди. Натижада ҳудуддаги 200 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Шу куни туманда яна бир корхона – гилам тўқишга мўлжалланган фабрика фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Унга ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан 500 миллион сўмлик дастгоҳлар келтирилди. Натижада бу ерда 500 нафар аёл касаначилик асосида фаолият юритадиган бўлди.
Ишчи гуруҳ Олтинсой туманидаги турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг аҳволини ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ таҳлил қилиб, уларга амалий кўмак берди. Жумладан, «Хидиршо» маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила ҳисобида рўйхатда турувчи Мақсуда Маматраимовага гилам, «Жилибулоқ» маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган Дилором Менглиқуловага тикув машинаси, «Қизилтепа» маҳалласида яшовчи Зулайҳо Мамаражабовага газ плитаси, «Гулистон» маҳалласида яшовчи Дилором Қўзиевага кир ювиш машинаси берилди.
Ўрганишлар давомида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си кенгаши томонидан 10 нафар кам таъминланган оилага 2 миллион сўмдан нақд пул, 10 нафар хотин-қизга саломатлигини тиклаш учун сиҳатгоҳларга бепул йўлланма, 10 нафар хотин-қизга «Хўжаипок» сиҳатгоҳига ишга жойлашиш учун йўлланма, яна 4 нафар аёлга гилам, 10 нафарига тикув машинаси, 5 нафар аёлга газ плита ва кир ювиш машинаси берилди.
Умуман олганда, 60 нафар олтинсойлик хотин-қиз ишчи гуруҳ ёрдамидан баҳраманд бўлди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 42-умумтаълим мактабига 20 дона компьютер совға қилинди.
– Шу кунга қадар мазкур ишчи гуруҳ мамлакатимизнинг қарийб барча вилоятларида бўлиб, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб шароитлар яратиб бериш бўйича салмоқни ишларни амалга оширди, – дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов. – Бугун Сурхондарёдаги ишларни ўз кўзимиз билан кўриб, амин бўляпмизки, бу улкан иш. Бу ниҳоятда савобли ва хайрли иш. Бугун биз эътибордан мамнун аёлларнинг чеҳрасида пайдо бўлаётган ишончни кўрдик. Бу – улкан ютуқ. Президентимиз таъкидлаганидек, аёлларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, уларни рози қилиш – барча даражадаги раҳбарларнинг нафақат хизмат вазифаси, балки, энг аввало инсоний бурчи бўлиши керак.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар