Бунёдкор ғоялардан руҳланиб…

714

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати сифатида мени суюнтирган масалалардан бири аҳолининг асрий орзу-умид­лари бўлган вилоятнинг шимолий тоғли ҳудудидан оқиб келаётган «Тўпаланг» дарёсининг тоза ичимлик сувини 400 километр масофага вилоятнинг жанубий туманларига қувурлар орқали олиб келиш вазифаси қўйилгани бўлди. Тегишли идораларга 2 ой муддат ичида лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаш топшириғи берилди. Ушбу лойиҳага 150 миллион АҚШ доллари ажратиш кутилмоқда.

Мазкур лойиҳа вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг ягона йўли бўлиб, жанубий туманларнинг ичимлик сув тақчиллигидан азият чекиб келган 1,5 миллион аҳолисининг орзу-умидларини рўёбга чиқаради. Ушбу масалани ҳал этишнинг бундан бошқа муқобил йўли йўқ.
Шунингдек, машҳур анорлари билан бутун дунёга донг таратган Дашнобод қишлоғида туғилганим учун мени таъсирлантирган яна бир ­лойиҳа бу вилоят ҳудудида, Шеробод ва бошқа туманларда 10 минг гектар субтропик экин бўлган анорзорлар барпо этиш ва анор меваларини қайта ишлаб, унинг шарбати ва дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган корхоналар қуриш масаласидир. Бу Сурхондарёнинг қуёшли иқлимидан, табиатидан унумли фойдаланишнинг яна бир йўлидир.
Бундан қирқ йил бурун Тошкент халқ хўжалик институтини битираётиб устозим Абдулатиф Абдуғаниев раҳбарлигида Сариосиё тумани «Дашнобод» анорчилик хўжалиги мисолида «Анорчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ва уни ривожлантириш истиқболлари» мавзусида диплом иши ёзиб, ҳимоя қилган эдим. Унда анор етиштиришнинг рентабеллиги жуда юқори – 200-300 фоиз экани, яъни сарф-харажатлардан олинган соф фойданинг ниҳоятда юқорилиги ёритиб берилиб, ҳозирда ҳам институт кутубхонасидан жой олган.
Шеробод туманидаги «Каттабоғ» маҳалласида анор етиштирувчи Абдураҳмон Каримов ҳам 0,25 га. анорзордан 20 миллион сўм харажат қилиб, 70 миллион сўм даромад олгани ёки бўлмаса, ҳар гектар пахта майдонидан 20 миллион сўм даромад олиб турган бир пайтда бу ҳар гектар анор майдонидан 10 баробар кўп, яъни 200-300 миллион сўм даромад олиш мумкинлигини кўрсатиб бермоқда. Бу анор маҳсулотини бутун дунёга экспорт қилиб, вилоят иқтисодий потенциалини кўтариш имкониятини беради.
Президентимиз Сурхондарё вилояти иқтисодий-ижтимоий ва маданий соҳалар ривожланишидан бошқа вилоятларга нисбатан 15-20 йил орқада қолганини таъкидлаб, жуда катта миқдордаги ажратилган маблағлардан самарали фойдаланган ҳолда ҳудуддаги оқсоқликларни бартараф этиш ҳақида сўз юритди. «Сурхондарёда нуронийлар бошчилигида битта жамғарма тузиб, халқ ризқини ўғирлаган одамларга нафрат уйғотадиган тизим яратиш керак. Нуронийлар бориб, ўша одамларнинг кўзини очсин. Мана шундай қилсак, халқнинг ҳалол пули тежалиб, одамлар турмушларидан рози бўлади», деган сўзларидан беҳад таъсирландим.
Кучли жамоатчилик назоратини олиб бориш биз, жамоат ташкилотлари, депутатлар ҳамда нуронийларнинг зиммасидаги энг долзарб вазифа бўлиб, ташриф чоғидаги фаоллар йиғилишида берилган топшириқлар ижросини тўла-тўкис таъминлашда, албатта, фаол иштирок этамиз.

Абдукарим АҲМЕДОВ,
Халқ депутатлари Сурхондарё
вилояти кенгаши депутати