Етти ўлчаб, бир кесайлик

1500

ёхуд янги алифбомиз ҳақидаги эски ўйлар

Гапнинг очиғини айтганда, биз яқин-яқингача фойдаланиб келган кирилл алифбоси ҳам, амалдаги лотин алифбоси ҳам тилимизнинг ўзига хос жиҳатларини, таъбир жоиз бўлса, рангини, ҳидини акс эттиришга ожизлик қилди. Афсуски, эндиликда таклиф этилаётган янги алифбо ҳам шу қусурлардан холи эмас. Шу жиҳатдан, лотин ёзувига ­асосланган ўзбек алифбосига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама этиш муддати 2021 йилнинг ­­1 ноябрига қадар узайтирилгани жуда тўғри қарор бўлди.

Менга қолса, тилнинг зоҳирий унсурларидан кўра, ботиний жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратган бўлар эдим. Ахир Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетидек катта илмий даргоҳ ташкил этилганига қарамай, тилимизнинг имлоси, тилда тиниш белгиларини ишлатиш, ундаги қонуният ҳануз аниқ-тиниқ ифодаланмаган. Оддий ватандошларимиз у ёқда турсин, ҳатто матбуот соҳасида ишлайдиганлар ҳам у ёки бу сўзнинг ёзилиши, тиниш белгиларининг ишлатилиши, сўзларнинг тусланиши ва ҳоказоларга турлича ёндашиб келмоқдалар. Бу эса, сўзсиз, ўзбек тилшунослигининг давр билан ҳамқадам эмаслиги, тилимизнинг ривожланиши учун зарур меъёрларни таклиф этмаётгани билан боғлиқ. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: университетда олиб борилаётган илмий ишлар нега бу каби долзарб масалаларнинг ечимини топиб беролмаяпти? Амалиётга татбиқ этилмайдиган, соҳа ривожига ижобий таъсир қилмайдиган илмий изланишлардан нима наф?
Хуллас, қайси сабаблар бундай инқилобий ўзгаришларга туртки бермасин, шошма-шошарлик, ­сўнгги пайтларда катта-кичик давраларда хўб авж олган популизм асосида қарор қабул қилиш ярамайди. Нима учун?
Келинг, фикримни қисқача ифодалашга ҳаракат қиламан. Айтайлик, барча халқлар ўз ёзувига эга. Ва бу ёзувлар лотин ёзувидан тубдан фарқ қилади. Аммо бу ўзига хос алифбо ўша миллатларнинг чет тилларини билишига, қолаверса, дунёнинг олд мамлакатлари қаторидан жой олишига асло монелик қилаётгани йўқ.
Озми-кўпми, чет тилларини билган одам сифатида айтмоқчиманки, алифбо шакли бизнинг илм-фан соҳасида тараққий этиб кетишимизга заррача таъсир қилмайди. Аксинча, миллат юз йиллар (бизнинг мисолимизда яқин 70 йил) ичида тўплаган фан-маданият, адабиёт ва бошқа соҳалардаги барча моддий бойлик­ларимиз билан сўнгги 30 йиллик тарихимиз ўртасида қисман бўлса-да, узилишлар пайдо бўлиши, муассасаю ташкилотларни, вилоят, шаҳар, туман кесимидаги топонимик атамаларни қайта номлаш, олдинги ёзма меросимизни қайта чоп этиш, пул бирликларини қайта чиқариш каби ўнлаб-юзлаб биз билган ва билмаган масалалар юзага қалқиб чиқиши тайин. Ва, табиийки, буларнинг барчаси маблағ билан боғлиқ.
Бундай муаммоларга лотин ёзувига ўтиш билан боғлиқ ўтган чорак асрлик тажрибамизда ҳам гувоҳ бўлдик. Барча идора, ташкилот ва жой номлари, далолатномаю шаҳодатномалар, дипломлару гувоҳномалар лотинчага ўгирилди. Кирилл алифбосидаги илмий-адабий меросимизнинг бир қисми лотин алифбосида чоп этилди. Аммо бу китоблар аксарият ҳолларда жиддий хатолар билан чиқди. Афсуски, бундай аянчли ҳолат бугунги кунда ҳам давом этмоқда.
Нима бўлганда ҳам, бир нарса аён: бугун қайси алифбони танлаш керак, деган саволнинг ўзи ўринсиз. Зеро, лотин ёзувида савод чиқарган ёшларимиз аллақачон жамиятнинг фаол қисмига айланиб улгурди. Энди кирилл алифбосига қайтиш ижтимоий фаол ёшларимизни ҳам саводсизлик гирдобига ташлаш билан тенг бўлади.
Масаланинг қанчалик долзарблигини англагандирсиз? Тасаввур қилинг: янги алифбо қабул қилиниши билан бу жараёнларни яна қайта яшаб ўтишимизга тўғри келади. Алифбода тўртта ҳарф ўзгарадими – ўнтами, фарқи йўқ. Сарф-харажат – битта! Яна идора, ташкилот ва жой номлари, ҳужжатлар матни ўзгаради. Китобларни қайта нашр этиш эҳтиёжи пайдо бўлади… Бу ерда ҳали мактаб ва олий таълим муассасалари дарсликлари ҳисобга олинмаяпти…
Хуллас, айтмоқчи бўлганим – улкан ­маблағ талаб этадиган бу ислоҳотга ўта жиддий ёндашув зарур, токи яна бир неча ўн йил ўтиб, алифбони янгилашга эҳтиёж қолмасин. Муҳокама этилаётган алифбо – янги Ўзбекистоннинг янги ва мукаммал алифбосига айлансин!


Модомики, лотин алифбосига ўтиш «ё ҳаёт, ё мамот масаласи» экан, келинг, янги алифбомизда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида фикр юритишга ҳаракат қилайлик.
Сўнгги 3 йил мобайнида қозоқ биродарларимиз лотин ёзувига ­асосланган ўз алифболарини яратишга жидду жаҳд билан киришдилар. 2018 йили таклиф этилган алифбо 2021 йилга келиб, анча такомиллашди. Қозоғистон Президентининг Қозоқ алифбосини кириллчадан лотин ёзувига ўтказишнинг баъзи масалаларига оид фармони лойиҳаси шу йилнинг апрель ­ойида умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, қуйидаги алифбо назарда тутилади:
Аввало, 2018 йилги таҳрирдаги икки ҳарф – бир товуш масаласи бу кўринишда анча такомиллашган. Яъни, қозоқ бовурларимиз бир товуш – бир ҳарф тамойилидан келиб чиқиб, ng, sh, ch каби ҳарфларни битта ҳарф билан ифодалашни маъқул кўрганлар.
Энг қизиғи, лотин тилига ­асосланган озар алифбосида 32, қозоқ алифбосида 31, туркман алифбосида 30 та ҳарф бўлгани ҳолда, ўзбек алифбосида 28 та ҳарф ва битта ҳарфлар бирикмаси таклиф этилаётгани таассуфли ҳолдир.
Янги лотин алифбоси атрофида баҳс юритаётганларни шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ – жузъий ислоҳот тарафдорларининг ­фикрича, амалдаги алифбога деярли ўзгартиш киритмай, O‘, G‘ ҳарфларининг кўп муаммога сабаб бўлаётган қўшимча белгисини алмаштириш керак, холос.
Дарҳақиқат, O‘, G‘ ҳарфларини тўғри ёзиш учун аввал O ёки G ҳарфи, сўнг «Alt» тугмаси босилади, ундан кейин махсус код – 0145 терилади. Бунинг ниҳоятда қийин эканини амалдаги алифбода матн тераётган ҳар бир одам яхши билади.
Иккинчи гуруҳ – мўътадил ислоҳот тарафдорларининг фикрича, O‘, G‘ ҳарфлари билан бир қаторда Ch, Sh ҳарфлари ҳам ислоҳга муҳтож. Масалан, икки ҳарф бирикмасини ёзаётганда, AQSh деб ёзиш тўғрими ёки AQSH деб? Бу – масаланинг яққол кўриниб турган жиҳати.
Учинчи гуруҳ – жиддий ислоҳот тарафдорларини эса алифбога O‘, G‘, Ch, Sh ҳарфлари билан бирга Ĵ ундоши ва ı, ö, ü унлиларини қўшишни ҳам таклиф этаётганлар ташкил этади.
Дўппини бир четга олиб, фикр қилинса, ҳар бир гуруҳнинг гапида жон бордек. Дейлик, жузъий ислоҳот тарафдорлари алифбони жиддий ўзгартирсак, яқин ўтмишимизда чоп этилган китоблар тақдири, фарзандларимиз саводхонлиги нима бўлади, деган ­фикрда.
Мўътадил ислоҳотчилар фақат муаммоли тўртта ҳарфни ислоҳ қилайлик, алифбога янги ҳарфлар киритиб, халқни қўшимча имловий ­бошоғриқлар гирдобига отмайлик, деяётган бўлса, жиддий ислоҳот тарафдорлари тилимизнинг бор имкониятларини тўлиқ акс эттирадиган мукаммал алифбога эга бўлайлик, демоқда.
Аммо, юқорида айтганимдек, жузъий ислоҳотларга ҳам, жиддий ислоҳотларга ҳам бирдек сарф-харажат кетишини инобатга олсак, алифбони тилимизнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, жиддий ислоҳ қилиш зарурга ўхшайди.
Нима учун? Таклиф этилаётган янги алифбо лойиҳасидаги Ç (Ч) ҳарфига эътибор беринг. Унинг асл шакли – C ҳарфи янги алифбомизда йўқ. Каминанинг исми турк тилида Cihangir (Жиҳангир) шаклида ёзилади. C ҳарфи биздаги Ж ҳарфини ифода этар экан, мантиқан олиб қараганда, Ж ҳарфига яқин Ч ҳарфининг Ç шаклида ёзилиши тўғридир.
Баъзи бир «мутахассис»лар Ж ҳарфини иккига бўлиш (жирафа, журнал каби сўзлар учун J, жаҳон, жалб, жинс каби сўзлар учун С ҳарфларини), айниқса, «жўжа» сўзидаги портловчи Ж учун C ҳарфини қўллашга қарши бўлиб, «…мамлакатимизга хорижий давлатлардан, айниқса, Европанинг бадавлат давлатларидан ­туристларни кўпроқ жалб қилиш, шунинг ортидан иқтисодиётимизни кўтариш масаласи кўндаланг бўлмоқда. Уларнинг аксариятида С ҳарфи жойига келса с ёки ч, жойи келса к шаклида ўқилади. Янги имломиздаги CIZZAX, ANDICON каби сўзларни ўқишда чалкашлик­лар келиб чиқмайдими? Умуман, лотинчада саводи чиққан ёшларимиз ҳам чалкашишига йўл очиб берамиз», деган иддаолари одамнинг ҳақли истеҳзосига сабаб бўлади.
Биринчидан, чет эллик сайёҳлар оқимининг кўпайиши ёки камайишини алифбомизга боғлаш – нотўғри. Бу – сайёҳларга нимани ва қандай кўрсатишимизга, сервис хизматининг сифатига, мамлакатимизга келиб-кетишнинг қанчалик осонлигига, хизматлар нархининг арзонлигига боғлиқ, асло алифбомизга эмас.
Иккинчидан, нега Туркия, Миср, Малайзия, Таиланд, Бирлашган араб ­амирликлари ва ҳоказо давлатларда туризм ривожланган? Улар ўз алифбосини «Европанинг бадавлат давлатлари» алифбосига мослаштирганми? Албатта, йўқ. Алифбо ҳар бир миллатнинг тил имкониятларини акс эттиради, холос.
Учинчидан, лотинчада саводи чиққан ёшларимиз учун бу ўзгариш­ларни ­англашлари нисбатан осон кечади. Бу ердаги энг асосий масала – алифбонинг пойдеворини тўғри қуйиш­дир. Ваҳоланки, имлодаги барча хатоликлар тил қоидаларининг ўрганувчилар учун тушунарли, мантиқли, содда асосларга қурилмаганидан пайдо бўлмоқда.
Тилимизнинг яна бир оғриқли масаласи Х ва Ҳ ҳарфларидир. Ҳ ҳарфи тилимизга кириб келган араб ва форс сўзларида учрайди. Лекин бу сўзлар тилимизга шу қадар ўрнашганки, Ҳ ва Х ҳарфларини бирлаштириш кўпгина чалкашликларга олиб келиши мумкин (Ҳ ва Х ни фарқлаш биз каби араб ва форс сўзларини кўп ўзлаштирган озарбайжонликларнинг лотин ёзувига асосланган алифбосида ҳам бор). Масалан, боши хам бўлди (боши эгилди), боши ҳам бўлди (бошланиши бўлди), охири ҳам (охири бўлди); хол (юздаги хол), ҳол (аҳвол, ҳолат) ва ҳоказо. Бу ердаги муаммолар ҳам тил қоидаларининг мукаммал эмаслиги билан боғлиқдир. Ҳ ва Х ҳарфларининг талаффуз этилишини содда тушунтириб берадиган «формула» ишлаб чиқилиши керак, назаримда.
Туркий тиллар орасида энг ширали, энг бой тил деб ғурурланадиганимиз – ўзбек тили алифбосини шу жиҳатдан ҳам қайта тафтиш қилиб кўриш лозим деб ўйлайман.
Яна бир мисол. Кирилл алифбосида икки унли товушимиз битта «И» ҳарфи билан ифодаланган эди. Бу камчилик янги лотин алифбосига ҳам шундайлигича кўчиб ўтди. Ваҳоланки, озар, қозоқ дўстларимиз икки «И» ҳарфини қабул қилганлар. Қолаверса, турк тилида ҳам иккита «И» ҳарфи мавжуд. Ҳатто ўзимизнинг қондош қорақалпоқ тилида ҳам бу икки товуш алоҳида ҳарфлар билан ифодаланган. Яъни, юқорида номлари зикр этилган қардошларимизда I ва İ товушлари фарқланади. Аслида I ва İ товушлари бизда ҳам бор. Масалан, «икки» сўзидаги биринчи «и» чўзиқ, охиридаги «и» ёпиқ, «сиз» сўзидаги «и» ҳам, «йигирма»даги ҳар икки «и» ҳам ёпиқ талаффуз этилади. «Кўмир»даги «и» ҳам ёпиқ, шу боис, чаласавод (балки саводли) ватандошларимиз «кўмир»ни «кўмр» шаклида ёзади. Хуллас, «кўпинча» эмас, «кўпынча», «илкис» эмас, «илкыс»…
Бу ҳолат нега янги алифбонинг яратилишига бош-қош бўлаётган тилшунослар назаридан четда қолаётгани қизиқ.
Яна бир масала. Негадир «нг» товуши алифбомиздан жой олиши керак, деган таклифлар бўлаётганига қарамай, янги алифбода унга ўрин берилмагани ҳайратланарлидир. Ваҳоланки, бу товуш озар (Ꞑ), қозоқ (Ŋ), туркман (Ň) тиллари алифбосига битта ҳарф сифатида киритилган.
Яна бир масала Ц ҳарфини белгилаш билан боғлиқ. Истаймизми-йўқми, баъзи сўзларни шу ҳарф билан белгилашимиз шарт. Цех, циркуль, цирк, акция… Ц ҳарфини битта S ҳарфи билан ифодалаш ўрнига Ts ҳарфлар бирикмасидан ёки бошқа янги ҳарфдан фойдаланиш керакдир?
Бу масалаларни осон ҳал этишга Юникод (одамлар тушуниши мумкин бўлган матн ва рақамларни сақлаш учун компьютер учун белгиларни рақамларга ўзгартирадиган код бўлиши керак. Юникод стандарти бундай кодни белги кодлаш ёрдамида белгилайди) деган муаммо ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Баъзи мутахассислар танланаётган ҳарфлар Юникод стандартлари асосида бўлиши керак, деган фикрда.
Хуллас, саволлар кўп. Жавоблар эса йўқ. Назаримда, янги алифбо ижодкорлари амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ қандай муаммолар лотин ёзувига тўлиқ ўтишга тўсқинлик қилаётгани, таклиф этилаётган алифбо бу муаммоларни қандай бартараф этиши борасида ватандошларимизга тушунтириш беришлари, бошқача фикр билдираётган мутахассисларимиз эса ўз фикрларини мантиқан асослаб ­беришлари зарур.
Акс ҳолда, икки алифбо ўртасидаги аросатга барҳам бериш ўрнига, ­юртдошларимизни учта алифбо ўртасида сарсон бўлишига замин яратиш ҳам ҳеч гап эмас. Қолаверса, янги алифбо пухта ишланмаса, вақт ўтиб, яна ислоҳ қилиш зарурати туғилмаслигига кафолат борми? Афсуски, лойиҳа муҳокамалари бундай хавфни инкор этмаяпти.

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«Ishonch»