Дориломон кунларга сизларни деб етдик!

299

Бобом билан бўлиб ўтган бу суҳбат ҳеч ёдимдан чиқмайди. Тарихга қизиққаним учун улар эринмай менга кечмишларини сўзлаб берган эдилар. Уларни ниҳоят, қоғозга кўчирдим. Аммо… яқинда бобом дунёдан кўз юмди. Ундан менга хотира бўлиб – шу эссе қолди.

Маълумот

Бобом Икромжон Иброҳимов 1936 йил 12 майда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкентда Бухгалтерия техникуми ва Қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олган. Туманда 40 йилча ҳисобчи касбида ишлаб, 1996 йили нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Хидоят ая билан саккиз фарзандни вояга етказган. 2020 йилда вафот этган.

Отам фарғоналик, онам тошкентлик эди

«Дадамнинг исми Иброҳимжон эди. 1900 йил бошларида Фарғонанинг Олтиариқ туманида туғилган. Йигитлик чоғларида ўз тақдирларини қуриш учун Тошкент тарафларга келибдилар. Ўзига тўқ бир оилага хизматчи бўлиб ёлланган. Ҳалол меҳнатлари билан оила соҳибининг эътиборини қозонган экан. Тошкентлик бу бадавлат ва обрўли инсон менинг бобом бўлдилар. Сабаби дадамни ўзларига куёв қилганлар. Вақт ўтиб дадам онамни олиб, ватанларига қайтдилар. Шу ерда ҳисобчилик касби билан шуғулланганлар. Ёшлари қирққа етганда, Уруш бошланди. Бу пайтда оилада уч ўғил эдик: мен ўртанчаси. Ҳамма қатори дадам урушга отландилар.

Машъум хабар

Оғир кунлар бошланди. Бир бурда нонга зор кунимиз ҳам бўлди. Бир куни у эшикдан йиғи овози эшитилса, бир куни бунисидан қўш тобутлар чиқарди. Онам билан биз болалар дилимизда умидни мустаҳкамлаб дадамни йўлига кўз тутардик. Кўплаб хатлар ёзганлар. Ниҳоят, “уруш тугади!” деган хушхабар янгради. Қувончимизни кўрсангиз эди. Ҳар куни онам бизларни ясантириб вокзалга олиб чиқардилар. Кечгача кута кута уйга қайтардик. Балки бугун келиб қоларлар, деб уйимизни кунда тоза тутар, ўзимиз ҳам одобли болалар бўлиб эшик пойлардик. Лекин… дадам қайтмадилар.

Уруш тугагач, дадамларнинг гуруҳи эски ертўлаларни текшириб чиқишга масъул бўлибдилар. Ертўлаларни бирма бир текшириш чоғида отам чалажон душманнинг ногаҳоний ўқидан ҳалок бўлибдилар. Урушдан омон чиқиб, ғалабага етганда, тасодифий ўлим топганлар… Украина томонларда дафн этилган. Узоқ йўл… бориб кўра олмадик.

Ҳаёт давом этади

Қорахат келган. Онам ишонмадилар. Биз ҳам ишонолмадик. Барибир вокзалга чиқиб кутишга давом этдик. Омон қолганлар келди…

Йиллар ўтиб, дадамиз йўқлигига ҳам кўникдик. Ҳаёт давом этади. Онамиз учун ҳам кучли бўлишимиз шарт эди. Ўша пайтлар мен ўн яшар эдим. Онамнинг умидвор нигоҳлари ҳалигача ёдимда. 29 ёшда бева қолган онажоним шу билан оила қилмай, биз болалари учун яшадилар. Улғайиб, биз ўғиллар ҳам ёнларига кирдик. Мен ҳам ота касбини танлаб, Тошкентда таҳсил олдим. Ҳисобчи бўлиб туманимизда ишлай бошладим. Онажоним ёшлари тўқсонга етиб дунёдан ўтдилар.

Аёлим ва болаларим …

1961 йили 25 ёшимда уйландим. Тўйимиз куни, январнинг қоқ ўртасида ҳаво жуда исиб кетганди. Аёлим Ҳидоятхон ўша пайтда 16 ёшда эди. Худо бизга тўрт ўғил, тўрт қиз берди. Анча йил аввал бир ўғлимни ерга берганмиз. Ўғил ва қизларимиз кутганимиздан ҳам оқил ва меҳрли чиқишди. Бизни еру кўкка ишонишмайди, бир кетса, бир йўқлаб келади. Кенжа ўғлимиз билан кексалик гаштини суриб ўтирибмиз. Шукур, 22 набира ва 5 чеварамиз бор. Ҳидоятхон болаларимизни яхши тарбия қилган. Ҳамиша меҳр муҳаббат билан, сизлаб гапирган. “Меҳр берсанг, меҳр қайтади”, дейди доим. Чин экан. Боласини уриб сўкиб, қарғаб ўстирганларга гувоҳ бўлдик: уларнинг натижасини ҳам кўрдик. Ота-оналик бурчи аввало, сабрга, ширин сўзга, маъсулиятга қурилар экан.  

Шукрона

Отамнинг қабрларини кўра олмаганим, фотиҳа ўқиб ҳақларига дуо қилмаганим доим армоним эди. Мустақилликка шукур! Юртбошимиз ташаббуслари билан бунёд этилган Хотира майдони биз каби отаси, акаси, қон қариндоши урушдан қайтмаган инсонлар учун аталгандек бўлди. Майдон қуриб битказилгач, мен ҳам ўша ерга ошиқдим. Фарғона вилояти бўлимидан ўз отамнинг исм шарифини ўқиб, кўзларим ёшланди. Ҳақларига дуо қилдим. Ҳар гал Тошкентга борганимда, албатта майдонни зиёрат қиладиган, хаёлан отам билан ризолик тилашадиган бўлдим. Набираларим ҳам бобокалонлари исмини зарҳал сатрларга ўқиб, “бизга катта бобомиз ҳақда айтиб беринг”, деб сўрашади. Тинглаган ҳикоялари мустақиллик болалари учун бир эртакдек туюлиши мумкин. Ҳозирги тинч, мустақил, обод ва озод ватанда яшаётган авлодимиз қанча ғурурланишса арзийди. Қачонлардир юрт учун жонини бериб курашган ота боболарининг ёдини хурмат қилиб, майдонни зиёрат қилсалар кўнглим кўтарилади. Мустақилликнинг яна бир инояти: муборак Хаж сафарини адо этишга мушарраф бўлдим. Мустабид даврда бундай сафарлар қайда эди? Ҳатто оғиз жуфтлаб дуо ўқишга имкон йўқ эди.

Мустақиликка шукроналар бўлсин… Болаларимиз ҳам эркин ва озод диёрда биз каби кексалик гаштини сурсин.»

Бобом ҳамиша шукур қилиб яшардилар. Оталарининг ҳам, ўзларининг ҳам руҳлари шод бўлсин! Бундай тинчлик замонда яшаётган биз набираларингиз эса сизларни ёд этиш, ҳақингизга дуо қилишдан тўхтамаймиз.

  Нодирабегим Иброҳимова

Бошқа хабарлар