«Call-center» фаолияти таҳлили нималарни кўрсатмоқда?

651

Жорий йилнинг 7 март куни Президент топшириғига асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»(«Call-center») иш бошлаган эди. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Федерация раиси раҳбарлигида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан айнан хотин-қизлар ҳаётини изчил ўрганиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни таҳлил қилиш, уларга ечим топиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга олинса, ушбу марказнинг Федерацияда ташкил этилгани айни муддао бўлган эди. Президент топшириғидан сўнг зудлик билан 20 та янги иш ўрни яратилиб, қисқа рақамли «Ишонч телефони» ишга туширилди. Энг муҳими, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан опа-сингилларимиз ушбу телефон рақамига ўз дардлари билан мурожаат қила бош­ладилар. Бу ҳам аслида ишонч.
Агар таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, 24 апрелгача жами 7605 та мурожаат келиб тушди. Агар мурожаатлар йўналишлар борасида таҳлил қилинганда, уларнинг:
2263 таси ижтимоий, 1217 таси уй-жой билан боғлиқ, 1084 таси бандлик, қолганлари алимент ундириш, кредит ажратиш, таълим ва мактабгача таълим, коммунал хизмат, ер ажратиш ва бошқа йўналишларга тааллуқли экани аниқланди.
Ушбу марожаатларнинг барчаси ўрганилиб, тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга ҳал этиш учун юборилмоқда ва уларнинг ижроси изчил назорат қилиб борилмоқда.
Кўтарилган муаммоларнинг 3560 таси, яъни 46,8 фоизи вазирлик ва идораларга, 4045 таси, яъни 53,2 фоизи ҳудудий ҳокимликлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига тегишли деб топилди ва уларга кўтарилган масалаларни ҳал этиш учун юборилди.
Маълумки, фуқароларнинг мурожаатлари бўйича ишлаш ҳам қонун билан тартибга солинади. Демак, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишнинг аниқ муддатлари ҳам белгилаб берилган. Масаланинг энг муҳим жиҳати ҳам шу ерда.
Қонун бўйича ижро муддати етиб келган 4736 та мурожаатнинг 2655 таси ҳал этилган, 467 таси муддатли назоратга олинган, 1614 тасининг эса ижро муддати ўтиб кетган.
«Call-center» маъмурияти муддатлари кечиктириб юборилаётган мурожаатлар юзасидан қуйидаги ташкилот ва ҳокимликларни огоҳлантиришни жоиз деб билади:
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов) – 291 та,
Тошкент вилояти ҳокимлиги (Р.Холматов) – 157 та
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З.Мирзаев) – 156 та,
Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) – 133 та,
Наманган вилояти ҳокимлиги (Х.Бозоров) – 114 та.
Ўйлаймизки, ҳар қачонгидан ҳам эътиборга эҳтиёжи катта бўлиб турган хотин-қизларимизнинг бу арзу додларига тез кунда жавоб берилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Хотин-қизлар муаммолари бўйича
«Call-center»и ахборот хизмати

Бошқа хабарлар