Эзгулик поезди Оролбўйида

623

Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Қорақалпоғистон Республикаси бўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қудратилла ­Рафиқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари Нукус темир йўл вокзалидаёқ Йўл харитасини муҳокама қилдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар, Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси масъуллари ҳамда туман ҳокимлари ўринбосарларидан ташкил топган кичик гуруҳлар воҳанинг барча туманларига жўнаб кетди.

Бўзатов: ўзгаришлар арафасида

Ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев ҳамроҳлигида Бўзатов туманида бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қайта ташкил этилган ушбу туман мамлакатимиз шимолидаги гўшалардан ҳисобланади. Бугун бу ерда туман аҳолисининг эртанги фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида қатор ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Келгусида йирик корхоналар, маданий ва маиший объектлар қурилиши режалаштирилмоқда.
– Туманда бир пайтлар 65 минг бошгача йирик шохли қора моллар боқилган. Ҳозирда уларнинг сони 4 минг бошни ташкил этмоқда, – дейди Бўзатов тумани ҳокими Маҳмуд Қайпанов. – Аҳолини иш билан таъминлаш, ҳаёт фаровонлигини юксалтириб боришда мақсадли вазифалар амалга оширилаётир.
Туман ҳокими келгусида бажариладиган ишлар режаси борасида Ишчи гуруҳ аъзоларига сўзлаб берар экан чорвачиликни ривожлантириш баробарида саноат майдончасида бунёд этиладиган корхоналар, туман марказида қад ростлайдиган уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, аҳоли дам олиш мас­канлари ва «Ҳунармандлар аллеяси» тўғрисида атрофлича тушунтириш берди.
Ишчи гуруҳ «Ҳунармандлар аллеяси» маж­муасини бунёд этишда иштирок этиш таклифини киритди. Асосан қора уй (ўтов)нинг миллий нақшлардаги белбоғлари, безакли басқурдлари ва томёпқич (жундан ишланадиган кигиз) анжомлари тайёрланадиган цехларда хотин-қизлар меҳнатига эҳтиёж ва талаб катталиги эътиборга олинди. Шу сабаб, ўтов тайёрлаш юмушларида фаолият юритадиган иқтидорли ва чевар опа-сингилларга шароит­лар яратиш мақсадида нон маҳсулотларини чиқарадиган корхона ва нон дўкони қурилиши Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маб­лағлари ҳисобидан молиялаштирилиши режага киритилди.
– Бу бизни ниҳоятда руҳлантириб юборди, – дейди тадбиркор Венера Саъдуллаева. – Ўн беш нафар опа-сингилларимиз доимий фаолият билан банд бўладиган корхона қурилишига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 800 миллион сўм ажратиладиган бўлди.
Тумандаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактабига 10 дона компьютер жамланмаси топширилди.

Дуога очилган қўллар

Ишчи гуруҳ аъзолари Бўзатов туманидаги маҳаллалар, чекка овул ва қишлоқларда яшайдиган шароити оғир опа-сингилларимизни излаб топишда маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳат иш олиб боришди. Ўрганишлар натижасида бўзатовлик ижтимоий ночор 70 нафар хотин-қизга ёрдам кўрсатилди. Уларга 1 миллион сўмдан нақд пул, гилам, электр нон пиширгич, тикув машинаси, санаторийларга йўлланма ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
– Президентимизнинг эътиборидан биронта ҳам ватандошимиз четда қолаётгани йўқ, – дей­ди саксон ёшдан ошган онахон Наталья Лим. – Кўрсатилаётган кўмаклар қатори «Ishonch» газетаси таҳририяти томонидан совға қилинган китобларни кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Чолим билан китоб ўқиб, газета мутолаа қилишни жуда яхши кўрамиз.
Жаҳон аҳлини саросимага солаётган айни оғир ва синовли кунларда Юртбошимиз топшириғи билан Қорақалпоғистоннинг олис овулларида яшаётган, шароити оғир, ногиронлиги бор, кўмакка муҳтож хотин-қизлар ҳолидан хабар олиб, ёрдам қўлларини чўзган касаба уюшмалари фидойиларига миннатдорлик сўзларини айтаётганлар кўпчиликни ташкил этди.
– Қарамоғимда тўрт нафар қизим бор, – дейди Рамуза Разиқова. – Умр йўлдошим вафотидан сўнг фарзандларимни ёлғиз ўзим вояга етказмоқдаман. Коронавирус пандемия­­си туфайли халқимиз синовли кунларни бошидан ўтказаётган бир пайт­­да биз каби камбағал оилаларга ёрдам қўлини чўзаётган давлатимиздан миннатдормиз.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг яшаш шароитини яхшилаш ва муносиб турмуш кечиришини таъминлаш ҳамиша ҳукуматимиз эътибор марказида. Қорақалпоғистонлик онахонлар ҳам бу жиҳатни қайта-қайта эътироф этиб, юрт тинчлиги, Юртбошимизнинг соғлиги ва халқимизнинг аҳиллигини тилаб дуога қўл очдилар.

«Оқ кема»нинг парвози

Ўтган йили март ойида Мўйноқ туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маб­лағлари ҳисобидан болалар ёзги дам олиш оромгоҳини бунёд этиш ишлари бошланган эди. Болажонлар ҳордиқ чиқарадиган ушбу мас­канда бугун катта иш кўлами бажарилган. Йил давомида юздан ортиқ қурувчи иштирок этган «Оқ кема» оромгоҳи жорий мавсумда илк дам олувчи болажонларни қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Дам олиш маскани фойдаланишга топширилгач, ҳар мавсумда 1200 қорақалпоғис­тонлик болажонни соғломлаштириш имконияти пайдо бўлади.
– Юртбошимизнинг Мўйноқ тумани аҳолисига кўрсатаётган эътибори ва оталарча ғамхўрлигидан мамнун бўляпмиз, – дейди туман ҳокими Ерполат Еденбаев. – Туманимизга тоза ичимлик сувининг келиши, Орол денгизининг сувдан бўшаган ерларида яйлов ва ўрмонзорлар барпо этилиши, Мўйноқнинг туман марказидан шаҳарга айлантирилиши, ушбу ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши мамлакатимиз ташқарисида ҳам эътироф этилмоқда. Қиёси йўқ дам олиш марказининг бунёд этилиши барчани хурсанд қилмоқда.
Ёзги оромгоҳ фойдаланишга топширилгандан сўнг юзга яқин одамнинг бандлиги таъминланиши кутилмоқда. Ишчи гуруҳ таклифига биноан кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этадиган жамоани фақат мўйноқликлар ҳисобидан шакллантириш амалга ошириладиган бўлди.
Шу кунгача 30 миллиард сўмлик иш бажарилган оромгоҳда юмушлар авж палласида. Унга ажратилган 12 гектарлик майдонда мевали ва манзарали дарахтлар бўй чўзмоқда. Томорқага полиз ҳамда сабзавот экинлари экиш ишлари бош­лаб юборилган.
Мўйноқ туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 300 миллион сўм ажратилди.


– Ишчи гуруҳ уч кун давомида воҳа хотин-қизларининг муаммоларини ўрганди, – дей­ди Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Улуғбек Жалменов. – Эътиборга муҳтож бўлган опа-сингилларимиз оилалари моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватланди. Ишбилармон аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривож­лантириш мақсадида касаба уюшмалари маб­лағлари ҳисобидан катта миқдордаги беғараз молиялаштириш юмушлари амалга ошириладиган бўлди.

Ортиқбой МАМУТОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар