Президентга мактублар: «БИЗ ҲАЁТДАН РОЗИМИЗ!»

2216

Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

«Инсонларни китоб каби англанг. Муқовасига қараб алданманг, ичини ўқиб чиққачгина моҳиятини биларсиз…».
Бугун мамлакатда амалга оширилаётган ҳаётбахш ташаббус – «Аёллар дафтари»ни «варақлар» экансиз, Жалолиддин Румийнинг ушбу ҳикмати ёдга тушаверади.
Ҳаёт шундай… Унда турфа тақдирлар бор. Тақдирнинг зарбалари баъзан одамни эсанкиратиб қўяди, баъзан тақдир раво кўрган ҳаёт билан яшашга маҳкум бўлади инсон. Не бўлганда ҳам, ҳаёт учун курашдан чекинмаслик, матонат ва сабот билан олға интилиш керак. Аммо баъзан бунга етарли куч тополмай қоламиз. Ўзимиз билиб-билмай атрофдан бир мадад, бир меҳр кутамиз. Шундай вазиятда бир кичик туртки ҳам инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва инсонпарварлик сиёсатининг мағзини бугун «Аёллар дафтари»ни варақласангиз, яққол кўрасиз. Давлатимиз раҳбарининг «Одамлар ҳаётдан бугун рози бўлсин», деган эзгу тамойилининг амалдаги исботига шоҳид бўласиз.
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Амалга оширилаётган ишларни таҳлил этар экансиз, ҳазрат Навоийнинг ушбу ҳикматида қанчалик улуғ маъно мужассамлигини англайсиз. Обод бўлаётган ҳаёт, обод бўлаётган кўнгиллар манзараларини кўрасиз.
«Ishonch» газетасига «Аёллар дафтари» сабаб нурафшон бўлган кўнгилларнинг дил изҳорлари – миннатдорлик мактублари келмоқда. Улар ҳаётбахш ташаббус эгаси – Президент номига битилган.
Таҳририят ушбу дилномаларнинг баъзиларини эълон қилишга қарор қилди. Зеро, матбуот жамият кўзгуси, жамият минбари. Мактубларда эса битта муҳим маъно бўй кўрсатиб турибди: биз ҳаётдан рози бўляпмиз!

ОНАМ КЎРОЛМАГАН БАХТЛИ КУНЛАРИМ…

Ассалому алайкум, муҳтарам Юртбоши!
…Мен болаликдан ногиронман. Кўришда туғма нуқсоним бор. Бироқ шундай бўлса-да, мактабни яхши баҳоларга тамомладим. Меҳнатдан қочмадим, тақдиримдан нолимадим. Қурилиш корхонасига ишга кирдим. Барча қизлар каби чимилдиққа кириш менинг ҳам орзуим эди. Бу ушалди – тенгим топилиб, яхши ниятлар билан турмушга чиқдим. Аммо соғлиғим туфайли фарзанд кўролмадим. Шу сабаб ота уйимга қайтишга мажбур бўлдим… Бу борада ҳеч кимдан гина қилмаганман, қилмайман ҳам. Тақдиримга кўнаман.
Ота уйга қайтганимдан сўнг акам боғининг тўридаги омборни бўшатиб берди. Бу жой уй деса уйга, омбор деса омборга, молхона деса молхонага ўхшамас эди. Шу жойда онам икковимиз барчасига кўниб яшай бошладик. Акаларимга, чечаларимга оғирлигимиз тушмасин дедик-да…
Онам қариб, эътиборга муҳтож бўлиб қолгач, ишдан бўшадим. Охирги кунигача ёнида бўлдим. Шўрлик ҳар доим кўзда ёш билан мени дуо қиларди, гоҳида эса овутиб ҳам қўярди: «Қизим, ҳаётда биздан ҳам оғир кун кўраётганлар бор» деб. Кўпинча эса «Мендан кейин қандай яшаркансан-а?» дея хўрсиниб овозини чиқармай йиғлаб ҳам оларди…
Онам ўтгач, ожиз кўзларимга дунё янада қоронғи бўлди. Ҳаёт мен учун тугагандай, энди ҳеч кимга керагим йўқдек туюлганди ўшанда. Ҳеч ким она ўрнини босолмас экан, касал ётса-да, ёнимдаги тоғдек гап экан, у кишига суянарканман…
…Шундай суянч тоғимдан айрилиб, ғамга ботган оғир кунларнинг бирида мени икки аёл йўқлаб келди. Бири ҳокимликда, бири касаба уюшмаларида ишларкан. Дилдан суҳбатлашишди, яшаш шароитимни ўрганишди. Орадан кўп ўтмай, туман ҳокими уйимизга келди. Билсам, Сизнинг ташаббусингиз билан мамлакатимизда «Аёллар дафтари» шакллантирилиб, унга мен каби кўмакка муҳтож аёллар киритилган, дафтарда менинг ҳам исми-шарифим бор экан.
Тез орада Маҳмуджон исмли тадбиркор йигит келди. Яшашимни кўриб, «Опа, қандай яшайсиз бу ерда, одам яшайдиган ҳоли йўқ-ку!» деди. Мен 25 йилдан буён шу ерда борига шукур қилиб яшаяпман, ўрганиб кетганман» дедим.
Барака топсин, қурувчилар енг шимариб ишга киришиб кетишди. Уйимнинг томини қайтадан ёпиб, шифер қилишди. Янги пол қоқишди. Деворларини таъмирлаб, янги ойна-эшиклар ўрнатишди. Эшигимнинг олдини кириб-чиқишимга қулай қилиб, зинапоялар ясаб беришди. Супа қуришди. Янада муҳими, нотурар бино қонуний тарзда тураржойга айлантирилди. Эндиликда менинг ўз номимда уйим бор!
Очиғи, 25 йил оғир шароитга кўникиб, бундай, одамларга ўхшаб яшаш нималигини ҳам унутиб юборган эканман. Ўтган кунларим, айниқса, онам раҳматлининг шунча пайт инсон яшашига ножоиз шароитда кун кечирганини эслаб, хўрлигим келиб кетди. Шинам хонадонда яшашнинг гашти ўзгача экан. Уйим таъмирдан чиқаётганини эшитиб, қўни-қўшнилар, дугоналарим ҳам ёрдамга ошиқишди. Ким гилам кўтариб келди, ким кўрпача, ким мебель, ким чойнак-пиёла…
Ҳозирги яшаш шароитим ҳавас қилса арзийди. Уйимни саранжом-саришта тутишга ҳаракат қиламан. Менга совға қилинган печкада нон пишираман. Музлаткичда эса керакли нарсалар муҳайё.
Шу ёшга чиқиб эътибор, эъзоз нималигини ҳис қилдим. Бундан бошим кўкка етди. Қалбимда фақат бир армон бор: шу кунларни онам кўрганида эди… Жуда хурсанд бўлган ва албатта, Сизни кўпдан-кўп дуо қилган бўлар эди. Аммо, биламанки, бугун онамнинг руҳи тинч, шод…
Ҳурматли Президент!
Бу эътибор ва эъзознинг сабабчиси Сизсиз!
Ахир мен 25 йил оғир шароитда яшадим. Сизнинг ташаббусингиз, талабингиз, хоҳишингиз туфайли биз, ожиза аёлларга эътибор қаратилди.
Ҳар саҳар Сизни дуо қиламан. Аллоҳдан Сизга куч-қувват сўрайман. Ўзбекистон халқига меҳрингизни қалб-қалбимдан ҳис қиламан. Телевизорда овозингизни эшитганимда бутун вужудим билан Сизга хайрихоҳ бўламан.
Истагим, Сиз бунёд этаётган Янги Ўзбекистонда барча инсонлар бахтли ва фаровон турмуш кечирсин!
Ўзбекистон халқининг бахтига соғ-омон бўлинг!
Гурлан томонга ўтсангиз, албатта, уйимга ҳам
келинг, тортинмай меҳмон чорлайдиган шинам уйим бор.
Сизга гурланча палов пишириб бермоқчиман…

Чексиз миннатдорлик билан,

Майсара ГУЛМОНОВА

Хоразм вилояти,
Гурлан тумани,
«Янги аср»
маҳалласи

 

БОЛАМНИНГ ТАБАССУМИДА МЕҲРИНГИЗНИ КЎРАМИЗ

Муҳтарам Президент!
Яширмайман, Cизга ёзишдан олдин анча иккиландим. Чунки оддий қиш­лоқ аёлининг туну кун халқ дарди билан яшаётган, вақти ғанимат бўлган давлат раҳбарига мактуб битиши менга жуда ноўриндек туюлди.
Аммо яқинда «Ishonch» газетасида сурхондарёлик Насиба Атамуродованинг миннатдорлик туйғулари ила йўғрилган мактубини ўқидим-у, мен ҳам дил изҳоримни шу йўсинда баён қилишга жазм этдим.
Зотан, Сизнинг жонкуярлигингиз ва халқпарварлигингиз билан жорий этилган «Аёллар дафтари» асосида менга берилган кўмак ўша дугонамга кўрсатилган ёрдамдан ортиқ бўлса, ортиқки, асло кам эмас.
Дафъатан дардга чалиниб, кўз ўнгида кун сайин номозшомгулдай сўлиб бораётган боласини опичлаб, бир имдодга маҳтал бўлиб, эшикма-эшик югураётган аёлдан-да ғамгинроқ ва муштипарроқ жон бўлмаса керак бу оламда.
Ишқилиб, бундай кулфат ҳеч бир онанинг бошига тушмасин, ҳеч қайси аёл «Болам!» деб йиғламасин. Мен бу кунларни кўрдим, ситамларини бошимдан ўтказдим.
Минг қатла шукрки, бугунга келиб, аввало, Яратганнинг иродаси, қолаверса, Сизнинг раҳбарлигингизда ижтимоий ҳимояга ва моддий ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар туфайли фарзандим – кўзимнинг оқу қораси дарддан фориғ бўлди.
Мен бекободликман. Оилада икки ўғил, тўрт қиз бўлганмиз. Отам бизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Ўша кезлар мен ҳам барча қизлар сингари ширин орзу-ҳаваслар билан яшардим. Аммо турмушга чиққач, ҳаётнинг қаттиқ синовларига дучор бўлдим.
Аввало, эр-хотин қарийб саккиз йил ижарама-ижара яшадик. Шу асно бир амаллаб тўплаган пулимизга уй қурдик.
Иккинчидан, кенжа фарзандимиз Исломжон юрак нуқсони билан туғилди. Аслида бундай хасталиги бор болани эмлаш мумкин эмас экан, биз бехабар эмлатиб қўйибмиз. Энг катта ғам-ташвишлар ана шундан сўнг бошланди. Эндигина ­эмаклай бошлаган ўғлимиз тўсатдан ҳаракатланишдан тўхтади. Устига-устак, на гапиради ва на эшитади.
Учинчидан, биз уни ҳар олти ойда даволатишимиз керак эди. Аммо эр-хотин доимий ишга эга бўлмаганимиз туфайли қўлимиз калталик қилди. Оқибатда бора-бора боламнинг аҳволи баттар оғирлашди. Шифокорлар уни асраб қолишнинг бирдан-бир чораси мураккаб операция эканини айтишди. Бунинг учун катта маблағ керак эди. Бисотимизда борини сотсак ҳам, бунча миқдордаги пулни тўплай олмасдик. Шусиз ҳам анчадан буён далда бўлиб келаётган қариндош-­уруғларимиздан яна ёрдам сўрашга эса юзимиз чидамасди.
Хуллас, чироқ ёқса ҳам ичим ёришмайдиган кунларнинг бирида бизни мутасаддилар йўқлаб келишди. Мен азбаройи боламнинг ҳаёти ҳаққи-ҳурмати уларга бор гапни рўй-рост айтдим. Бир ҳафтадан сўнг эса, Исломжонни операция қилиш учун маблағ ажратилгани ҳақида хабар олдим. Шунда қўққисдан бўғзимга нимадир тиқилгандай бўлиб, беихтиёр кўзларимга ёш келди…
Очиғи, ўша дамлар кўнглимдан нималар кечганини ҳалигача сўз билан ифодалай олмайман. Энг асосийси, операция муваффақиятли ўтди – Исломжоним ҳаётга қайтди. Ҳозир у бемалол юради, гапиради ва эшитади. Бу мен учун энг катта бахт!
Қолаверса, эндиликда турмуш ўртоғим иккимиз ҳар тонг уйдан кўчага хотиржам чиқяпмиз. Маҳалладош фермернинг даласида ишлаб топган пулимиз эвазига рўзғоримизни тебратяпмиз.
Эҳтимол, мен ёзувчилардек фикримни равон ифода қилолмагандирман, ва эҳтимолки, баъзиларга ­гапларим баландпарвоздек туюлар, билмадим, мен оддийгина қилиб ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу қарзим.
Ҳурматли Президент, беғараз кўмагингиз билан юзига нур инаётган,
хонадонига файз-барака кираётган бир фуқаро сифатида Сизга чин
юракдан миннатдорлик билдираман, бошимизга
доимо соғ-омон бўлинг!
Чексиз ҳурмат билан,

Соҳиба АБДУНАЗАРОВА
Тошкент вилояти, Бекобод тумани,
«Янгибозор» маҳалласи

ИЗТИРОБ ГИРДОБИДАН ОЛИБ ЧИҚҚАНЛАРГА ТАШАККУР

Ассалому алайкум,
муҳтарам Президент!
Тақдиримда бор экан, устма-уст оғир кулфатларни бошимдан ўтказдим. Ўтган йили кузда эндигина икки ярим ёшга тўлган норасидам Муҳаммадаюбни бериб қўйдик. Бу айрилиқдан яна уч ой ўтиб, 41 ёшли турмуш ўртоғим ҳам жигар хасталиги туфайли оламдан ўтди.
Йўқотишлар қаддимни букиб, бошимни хам қилди. Бу кўргуликлар камлик қилганидай, келинлик уйимдан ҳайдалдим. Ноиложликдан икки қизимни ёнимга олиб, отамнинг уйига қайтиб бордим. Рўзғорни теб­ратиш, қизларимнинг кўзи намланмаслиги учун аёл бошим билан мардикорлик қила бошладим. Сарғайиб эрта тонгдан иш қидириб кўчага чиқаман, бирор ҳимматлироқ иш берувчи учраса, ҳеч бўлмаса, рўзғоримга кунлик чойчақа ишласам, деб орзуланаман… Очиғи, энг катта ва асосий ташвиш бир кунимнинг ўтиши эди ўша пайтлар…
Ҳаёт ташвишларидан гоҳ чарчаб, гоҳ безиб, дунё кўзимга тор кўриниб юрган шундай кунларнинг бирида аёллар муаммоларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ вакиллари уйимизга келишди. Мен билан суҳбатлашиб, яшаш шароитимизни ўрганишди. Кўп ўтмай мени «Аёллар дафтари»га киритишди.
Яна бироз вақтдан сўнг бизга уй-жой қуриш учун қозиқ қоқилди. Очиғи, ўшанда мен иш бирдан бу даражада жадаллашиб кетишига ишонмаган эдим. Негаки, «Ким ҳам бизга иморат қуриб берарди? Нари борса, пойдеворини тиклашга ёрдамлашади-да», деган фикрда эдим.
Уч ой ўтар-ўтмас, ўша бўш жойда меҳмонхона, ётоқхона ва ошхонадан иборат уй қад ростлади. У замонавий мебеллар ва бошқа уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланиб, яйраб яшаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.
Бундан ташқари, бизга иккита қўй ва бир нечта товуқ олиб берилди. Қўшимча равишда ҳовлимизда икки сотихли иссиқхона ҳам барпо этилди. Иссиқхонадаги бодринглар, томорқамизнинг очиқ қисмига ўтқазилган помидор кўчатлари яхши униб-ўсиб, ҳозир ҳосилга кирди. Товуқлар ҳам тухум қўйиб, оиламизга даромад келтира бошлади. Қўйларни эса ҳозирча яхшилаб боқишда давом этяпмиз.
Табиийки, бизга бу ғамхўрликлар юртимизда Сизнинг бошчилигингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида кўрсатилди. Буни қизларим ҳам жуда яхши билишади. Шу боис, Сизни телевизорда кўриб қолишса, «Ана Президентимиз, ана бизнинг бобомиз!» дея астойдил ғурурланишади.
Энг муҳими, эндиликда биз том маънода ҳаётдан рози бўлиб яшаяпмиз. Муҳими, биз изтироб гирдобидан чиқдик. Энди ҳаётга ишончимиз бор. Бунинг учун Сизга ҳамда оғир дамларда коримизга яраган олийҳимматли ва меҳр-мурувватли кишиларга катта раҳмат айтамиз. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз.

Эҳтиром ила,
Шаҳноза ҲАЙИТОВА
Фарғона вилояти,
Фарғона тумани,
Қўрғонтепа қишлоғи

ОРЗУНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИДАМАН

Ассалому алайкум,
меҳрибон Юртбошим!
Айни вақтда кўпдан бери кўнглимга тугиб юрганим – Сизга хат ёзиш истагини ниҳоят амалга оширишга жазм этиб, қўлимга қалам олдим. Қоғозни тайёрлаб, ёзишга киришар эканман, қалбимни ҳаяжон эгаллади. Аммо самимият барибир самимиятга чорларкан, меҳр меҳрга йўл очаркан. Ушбу ҳаяжонли сатрларни Сиз туфайли топган меҳр-эътибор ифодаси деб билишингизни истардим. Зотан, «Аёллар дафтари» шарофати ўлароқ, топган ҳаловатимиз учун Сиздан бир умр миннатдор бўлсак, таъзим қилсак арзийди.
Ўзим ва кўрган кунларим ҳақида қисқача гапирсам… Асли фарғоналикман. Ҳозир тақдир тақозоси билан Каттақўрғон шаҳрида яшаймиз. Ёшлигимда орзуларим кўп эди. Ўйлардимки, ҳаётим равон ва текис бўлади, орзуларимга эришиб, бахтли ҳаёт кечираман. Ана шундай хаёллар оғушида турмушга чиқдим. Ҳавас қилгулик оилам бўлди. Бирин-кетин фарзандлар туғилди: аввал ўғил, кейин қиз. Барчаси кўнгилдагидек кетаётган эди…
Аммо қисматнинг ўз битиклари бўлар экан. Не-не орзу-ҳаваслар ила дунёга келтирган учинчи фарзандим дардманд бўлиб туғилди. Шифокорлар унга юрак пороги ташхисини ­қўйишди. Буни эшитиб, кўнглимизга дарз кетди. Аммо бўш келмадик. Елдик, югурдик. Муолажалардан эса ҳеч натижа чиқмасди. Ноилож ҳали дунёни англамаган гўдакни жарроҳлик столига ётқизишга тўғри келди.
Шифокорма-шифокор чопишлар, чексиз ҳасратлар одамнинг хаё­лини паришон қилиб қўяр экан. Фикру ёдим кенжатойимда бўлиб, катталарига меҳр беролмадим. Бола барибир бола экан, онага талпинаркан.
Тошкентда кенжамни шифохонада олиб ётган кезларим ўғлим ва қизим бизни кўриш учун йўлга отланади. Қисматни қарангки, Ғаллаоролга етганда фарзандларим ўтирган машина ҳалокатга учрайди. Аллоҳга шукур, омон қолишди. Аммо… Энди уч фарзандим ҳам тўшакка михланган эди…
Ўзим ёндим, ўзим ўртандим. Икки йил биз учун асрлардек чўзилди. Бисотимизда борини сарфладик. Ўзим унча-мунча тикиш-бичиш билан шуғулланар эдим. Ҳатто шу тикув машинамгача сотдим. Фарзандларимиз омон қолиши учун жондан кечишга ҳам тайёр эдим.
Худога айтганимиз бор экан. Ҳар учовини ҳам ҳаётга қайтардик. Аммо уйимизда қўлга илингулик ҳеч нарса қолмади. Албатта, болаларимнинг омон қолиши мен учун чексиз бахт эди. Аммо уларни едириб-ичириш, рўзғорни тебратиш ҳам бу ёқда қараб турарди.
Шундай кунларнинг бирида эшигимиз тақиллади. Йўқлаб келганлар давлат масъуллари экан. Президентимиз ташаббуси билан «Аёллар дафтари» юритилаётгани, қийналган аёлларга ана шу тадбир орқали кўмак кўрсатилаётганини айтишиб, «Сизга қандай ёрдам керак», дейишди.
«Менга иш беринглар, қўлимда гулдай ҳунарим бор» дедим. Бир оз фурсатдан сўнг ­уйимизга Ишчи гуруҳ вакиллари яна ташриф буюришди. Кўнглимда борини тўкиб солдим. Орадан икки кун ўтар-ўтмас, менга 30 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишини айтишди. Учта замонавий тикув машинаси ва ишлаш учун жой ажратиб беришди.
Мен шод эдим. Ғайратим ошарди. Ёнимга маҳалламизда яшовчи икки нафар аёлни олиб, иш бошладим. Ҳозирда 15 хилда кийим-кечак тайёрлаяпмиз. Яна ҳарбийларга ҳам буюртма асосида кийим-бош тикиб ­беряпмиз.
Аслида бошимга тушган ташвишлар Яратганнинг бир синови. Қисмат ҳазилига сабр-тоқат, чидам кўрсатиб бердик.

Энг муҳими, уч нафар фарзандим ҳам соғ-саломат. Мен эса ўша ёшликдаги орзуларимга эришяпман.

Муҳтарам Президент!
Мактуб битмоқдан мақсадим шу – миннатдорлигимни изҳор этиш эди. Қилинган яхшиликнинг раҳмати бўйнимда қолмасин, дедим… Вақтингизни олганим учун узр…
Ватанимиз, халқимиз, оиламиз, фарзандларимиз бахтига соғ-омон бўлинг!

Чексиз эҳтиром билан,

Мафтуна ЭРГАШЕВА
Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳри,
«Ватанпарвар» маҳалласи

ФОТИМАНИНГ ШОДЛИГИ УЧУН РАҲМАТ СИЗГА!

Ҳурматли Президент!
Турмуш ўртоғим II гуруҳ ногирони. Мен каби у ҳам муқим иш жойига эга эмас. Уч қиз, бир ўғлимиз бор. Эгизак қизларимдан бири – Фотима туғма ногирон.
Кўп ҳолларда фарзандимнинг ногиронлиги, унинг азоб чекаётгани, тенгдошларига қўшилиб кета олмаётгани учун ўзимни айбдор ҳисоблардим. Қизимнинг келажаги учун ҳамма нарсага тайёр эдим, одамларнинг уйида нимаики иш бўлса, ҳаммасини қилаверардим.
Аммо мен топаётган пул унинг соғлиғини тўлиқ тиклашга етмасди. Шу боис, бошланган муолажалар ҳам кўпинча чала қолиб кетарди. Аксига олгандай, шифокорлар Фотиманинг хасталигига узоқ йиллар мобайнида аниқ ташхис қўя олишмади.
Аламимни, ичимдаги дардларимни кўзимдаги ёш билан чиқарардим. хўжайиним билиб қолганда овутган бўларди: «Йиғидан фойда йўқ, худо бир томонга бошқарар, ишларимиз ўнгланиб қолар…» дерди. Шундай кунларнинг бирида давлат биздек қийналганларга ёрдам бераётгани ҳақида эшитиб, кўнглимга умид кирди. Лекин кўнглимнинг бир учида бу ишлар ҳам таниш-билишчилик бўлса керак, менга қайси азамат қайишарди, деган ўй пайдо бўлгани ҳам бор гап. Йўқ, ундай эмас экан. Аввалига мени маҳалламизда тузилаётган «Аёллар дафтари»га киритишди. Сўнгра туман маданият бўлимига фаррошликка ишга жойлаштириб, дафтардан чиқаришди. Шу орада саломатлиги ёмонлашгани туфайли Фотимани Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига даволатиш учун олиб бордим. У ерда қизимга умуртқа поғонасининг кўкрак қисми туғма кифосколиози касаллиги ташхисини қўйишди ва зудлик билан операция қилиш лозимлигини уқтиришди. Бунинг учун эса катта миқдорда пул керак экан. Мен бунча маблағни тополмаслигимдан ва қизимнинг дардига дармон бўлолмаслигимдан афсусланиб, қишлоғимга ­қайтдим. Неча бедор тунларни тонгларга улаб ва яккаш Фотимамга соғлиқ сўраб, Аллоҳга ёлвордим.
Фарзандимнинг тақдири учун қайғуриб, турли идоралар остонасига бош уриб юрган кунларимнинг бирида туманимизда «дафтар»даги ва ундан чиқарилган аёлларнинг ҳолидан хабар олиб уйма-уй кезиб юрган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан ­Бедилов билан учрашдим. У киши дардимни диққат билан тинглади. ­Сўнгра комиссия аъзолари ҳамроҳлигида уйимга келиб, оилавий шароитимизни ўрганди. Тумандаги 2-сектор раҳбари ва мутасаддиларга мурожаат қилиб, айрим чалкашликларга ойдинлик киритгач, қатъий хулосага келди: «Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ, Фотима қизимизнинг саломатлиги учун қанча пул керак бўлса, албатта, берамиз!», деди.
Қолган воқеалар бамисоли тушдаги янглиғ кечди. Ўша куни кечқурун менга қизимнинг соғлиғини тиклаш учун туман «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан Ногиронларни реаблитация қилиш ва протезлаш миллий марказига 37 миллион 600 минг сўм ўтказилгани, Фотимани эртаси куниёқ олиб бориб даволатишим мумкинлигини маълум қилишди…
Худога шукур, операция муваффақиятли ўтди. Қизим тез орада оёққа туриб, уйга соғ ҳолда қайтди. Эндиликда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Яна денг, Зуҳра иккиси каштадўзлик билан шуғулланиб, сўзана ва зардеворлар тикишяпти.
Шундай қилиб, менинг елкамдан оғир тоғ ағдарилди. Эгилган қаддим тикланди. Бунинг учун оиламизга мададкор бўлганларга, биринчи навбатда, мана шундай хайрли ва савобли ишларнинг бошида турганингиз учун Сизга чин дилдан миннатдорлик билдираман, қадрли Шавкат Миромонович!
Айни чоғда, ҳаётимизга қувонч олиб кирган ва дунёқарашимизда кескин ўзгаришлар ясаган беғараз ғамхўрликларга жавобан барчамиз эл-юрт гуллаб-яшнаши ва Ватан равнақи йўлида ҳормай-толмай ишлашга оила аъзоларимиз номидан сўз бераман.

Миннатдорлик ила,
Умида САМАДОВА
Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани,
«Пасурхи» маҳалласи

БУ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

Ассалому алайкум,
Азиз Юртбошимиз!
Дилимдаги сўзларимни, бошдан кечирган қувончу ташвишларимни Сизга ёзишга қарор қилдим. Зеро, бир инсон ҳаёти баъзан бутун жамиятнинг кўзгуси бўлиши мумкин.
…Менинг турмуш ўртоғим 21 йил муқаддам қандли диабет касаллигига чалиниб, тўшакка михланиб қолган эди. Ўтган йилларда айрим тана аъзоларини кесиб ташлашга тўғри келди. Аммо дард ортга чекинмади. Аксига олгандай, мен ҳам биринчи гуруҳ ногирони бўлганим туфайли касаллик иккаламизнинг ҳам силламизни қуритди. Дори-дармонлар олишга пул тополмай қийналган пайтларимиз ҳам кўп бўлди.
Бултур карантин маҳал ташвишларим янада ошди. «Энди ҳолимиз нима кечади? Шундоқ ҳам қувватдан қолаётган эрим нима еб, нима ичади?» деган совуқ хаёллар хаёлимни чулғаб олди. Чорасиз қолган ана шундай оғир вазиятда Сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» хайрия жамғармаси кўпчилик қатори бизнинг ҳам кунимизга яради. Жамғарма вакиллари уйимизга зарур озиқ-овқат маҳсулотларини келтириб беришди. Ҳокимлик, маҳалла ва касаба уюшмаси фаоллари ҳам ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туришди. Кейинчалик эса оилавий шароитимизни атрофлича ўрганиб, мени «Аёллар дафтари»га киритишди.
Бироқ, минг афсуски, жорий йилнинг март ойида умр йўлдошим оламдан ўтди. Ўзбекчилик, таъзияли жойга одам келади. Ўша кунлари бир оғир йўқотишдан эзилган бўлсам, бир уйимнинг абгорлигидан, чорасизлигимдан эзилдим.
Шундай оғир паллада ҳаётимда гўёки мўъжиза рўй берди. Бир куни хонадонимизга Сизнинг вакилларингиз кириб келишди. Улар менга ҳамдардлик билдиргач, оилавий шароитим билан қизиқди. Ва «Опа, сиз зинҳор тушкунликка тушманг, Президентимиз сиз каби ногирон ва ночор инсонларга катта ғамхўрликлар кўрсатяпти. Демак, сизни ҳам ёлғизлатиб қўймаймиз. Мана, кўрдик, уйингиз анча абгор ҳолга келиб қолган экан. Маълум вақт бошқа жойда яшаб турсангиз, уни таъмирлатиб берамиз», дейишди.
Шундай қилдик. Уйим икки ҳафтада тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Уни кўриб, кўзларимга ишонмадим. Чунки эски эшик-деразалар батамом янгисига алмаштирилган, шифтларга қандиллар илинган, ерга қимматбаҳо гиламлар тўшалган, ошхона янги газ плитаси ва музлатгич билан жиҳозланган, ёрдамчи хоналарга замонавий ванна, сув иситгич ва бошқа жиҳозлар ўрнатилган эди.
Назаримда, ўша куни эримнинг руҳи икки карра шод бўлди. Чунки у киши кўпинча «Пулимиз рўзғордан ортмаётгани учун уйни таъмирлай олмаяпмиз-да, сиқилма, Зиёда, соғайсам ҳаммасини қилиб бераман», деб кўп ўксинган кўйи мени овутарди. Ўша кун шуларни эслаб, тўйгунимча йиғладим, ўксик қалбимга қувонч бағишлаганларни қайта-қайта дуо қилдим.
Муҳтарам Юртбошим!
Айтмоқчи бўлганим ва миннатдорлигим шуки, кексайган чоғимда қадр топдим. Илоё, халқимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг! Яратган Эгам Сизни ўз паноҳида асрасин! Бундан кейин ҳам кўплаб савобли ишларга бош бўлиб, эл-юрт дуосини олиб юринг! Олтин бошингиз омон бўлсин!

Сизни дуо қилувчи
Зиёда РАҲИМОВА
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри,
«Камолот» маҳалласи