Карантин даврида рақамли иқтисодиёт аҳамияти

70

Президентимиз томонидан мамлакатимизда жорий йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинди. Хўш, рақамли иқтисодиёт нима дегани?


Рақамли иқтисодиёт бу иқтисодий, ижтимоий ва бошқа алоқаларнинг рақамли технологиялар асосида амалга оширилишидир. Соддароқ тушунтирганда, бирор буюмни олиш учун бозор ёки дўконга бориб юриш шарт эмас. Интернет тармоқларига кириб, ўша буюмни электрон пул ўтказма орқали харид қилиш рақамли иқтисодиёт экан. Баъзида бу интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт, деган терминлар билан ҳам ифодаланади.
1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте “рақамли иқтисодиёт” атамасини амалиётга киритган. Ҳозир бу истилоҳни бутун дунёдаги сиёсатчилар, иқтисодчилар, журналистлар, тадбиркорлар – деярли барча қўлламоқда. 2016 йилда Бутунжаҳон банки дунёдаги рақамли иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида илк марта маъруза эълон қилди (“Рақамли дивидендлар”).
Мамлакатимизда 2020 йил 15 мартидан коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилиниши муносабати билан рақамли иқтисодиёт ривожи анча жадаллашди, десак хато бўлмайди.
Маиший жиҳозлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, автомобиллар, эҳтиёт қисмлар, китоб ва канцелярия жиҳозлари хариди электрон савдо дўконлари орқали истеъмолчига таклиф этилиши анча ортди. Бундай таклифлар таълим тизимида ҳам йўлга қўйилиб, ўғил-қизлар хусусий ўқув марказларида масофавий таълим олиб, эгаллаган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бормоқда.
Бугун замон талаблари асосида ҳаётимизга кириб келаётган рақамли иқтисодиётнинг қатор афзалликлари кўзга ташланади. Хусусан, тўловлар учун харажатлар камаяди (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежалади); товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ва тезроқ маълумот олинади; рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари катталиги; фидбек (истеъмолчи фикри)ни тез олиш ҳисобига товар ва хизматлар жадал такомиллаштирилади.
Илмсиз, маърифатсиз жамият ва мамлакат тараққиётини тасаввур қилиш мушкул. Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билик” асарида “Билимсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз дарахтни оч киши нима қилсин?!”, деб илм-маърифатнинг ўрни нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатиб ўтган. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-маърифатга алоҳида урғу берилиши ва бу орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилиши иқтисодий-ижтимоий, сиёсий жиҳатдан кучли, бозор иқтисодиёти қонунлари тўлиқ амал қиладиган демократик давлат қуришга қаратилган муҳим қадам ифодасидир.
Дилноза АЗИМОВА,
Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази
мутахассиси

Бошқа хабарлар