12,5 МИЛЛИАРД СЎМЛИК 14 ЛОЙИҲА ВА 1,5 МИНГ НАФАР ИШЛИ АЁЛ

814

Президентимиз топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ­Қудратилла Рафиқов раҳбарлигида Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятидаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганди.

Айни вақтда Фарғона вилоятида истиқомат қилаётган 3 миллион 700 минг нафар аҳолининг 51 фоизини аёллар ташкил этади. Уларнинг 1052 нафари оғир турмуш шароитида умр кечирмоқда.
Мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш ишчи гуруҳ фаолиятининг диққат марказида бўлди. Аввало, уларни доимий иш билан таъминлаш бўйича пухта режалар ишлаб чиқилди.

Энг долзарб масалага эътибор

Ишчи гуруҳ Тошлоқ туманида ўрганишларни айнан ишсизлик масаласини ҳал этиш йўналишига қаратди. Бу ҳудудда деҳқончилик, чорвачилик ривожланган бўлса-да, аҳоли бандлигига хизмат қиладиган йирик саноат корхоналари деярли йўқ. Ишлаб чиқариш субъектлари ҳам кўп эмас. Шу боис, туманда аҳоли бандлиги, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи долзарб муаммолардан бири эди.
– Бугунги кунда туман аҳолисининг 98 минг 200 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди Тошлоқ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бош­лиғининг биринчи ўринбосари Моҳирахон Қорабоева. – Уларнинг 1578 нафари ишсиз, 120 нафари эса оғир ижтимоий шароитда яшамоқда. Очиғи, шу кунгача уларнинг бандлигини таъминлаш масаласида қийналаётган эдик. Республика ишчи гуруҳининг амалий кўмаги билан бу муаммо деярли ўз ечимини топадиган бўлди.
Тошлоқ тумани ҳокимлиги биносида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ишчи гуруҳ тавсияси билан 6 та истиқболли лойиҳа учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2 миллиард 628 миллион сўм маблағ 1 ва 2 йилга фоизсиз ажратиб бериладиган бўлди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга ошиши натижасида туман хотин-қизларининг 500 нафарга яқини доимий иш билан таъминланадиган бўлди.

250 нафар аёл ишли бўлди

Тошлоқ туманида фаолият олиб бораётган «Тошлоқ саховат сервис» ва «Шахзодахон саховат инвест» хусусий корхоналарида шу пайтгача 130 нафар маҳаллий хотин-қиз меҳнат қилиб келар эди. Хусусий корхона раҳбари Азимхон Саидхўжаев ўз лойиҳаларини тақдим этгач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан иш кўламини янада кенгайтириш ва иш ўрнини кўпайтириш учун 2 йилга фоизсиз маблағлар ажратиб берилди.
– Қишлоғимиздаги ишсиз ўтирган аёлларни иш билан таъминлашни дилимга тугиб юргандим, – дейди корхона раҳбари Азимхон Саидхўжаев. – Лекин маб­лағсиз бу ишларни амалга ошириш қийин эди. Республика ишчи гуруҳининг туманимизга ташрифи орзуларим ушалишига сабаб бўлди. Уларга корхонамиз фаолияти ва режалари ҳақда сўзлаб бердим. Лойи­ҳам маъқул бўлди ва корхонамиз фаолиятини кенгайтиришга зарур бўлган ­маблағни ўтказиб беришга қарор қилишди. Лойиҳанинг амалга ошиши натижасида 250 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади.

Кўлам кенгаймоқда

Тумандаги «Фарғона Тошлоқ адраси» оилавий корхонаси томонидан тақдим этилган лойиҳа учун Федерация томонидан 500 миллион сўм фоизсиз ссуда бериладиган бўлди.
– Фаолиятимизни 2014 йилда бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари Абдурашид Назарқулов. – Ҳозирда оилавий корхонамизда 20 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Ажратилган маблағ ҳисобига иш кўлами янада кенгаяди. Қўшимча 50 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланади.
Туманда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхоналар тобора кўпайиб бормоқда. Табиийки, бу корхоналарга малакали мутахассислар зарур. Сир эмас, ишлаб чиқарувчиларга иш берадиган тайёр кадр зарур. Буни яхши англаган Алёр Кенжабоев ишчи гуруҳга «Аёллар ўқув ишлаб чиқариш корхонаси» лойиҳасини тақдим қилди. Лойиҳа ишчи гуруҳда қизиқиш уйғотди. Федерация томонидан аёлларни касбга ўргатиш учун ёш тадбиркорга 350 миллион сўм фоизсиз кредит ажратиб берилди.
Бу ерда аёлларга 5 нафар малакали мутахассис тикиш-бичишдан сабоқ беради. Ўқув марказида ўқиш бепул. Ёш ҳам чегараланмаган. Ҳунар эгаллаган аёллар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги тикув трикотаж корхоналарига ишга жойлаштирилади.

Қалъачаликлар ҳаётида янги саҳифа

Тошлоқ туманининг энг олисдаги қиш­лоғи – Қалъача аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Ишчи гуруҳ аҳолининг турмушини ўрганиб, ҳокимликка кўп йиллардан бери фойдаланилмай турган 9 гектар ер майдонини ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, уйда ўтирган 35 нафар хотин-қизга (ҳар бирига 25 сотихдан) ажратиб бериш таклифини киритди. Аҳамиятли жиҳати, улар ерни ҳайдашда умуман қийналмайдиган бўлишди. Сабаби Федерация маблағлари ҳисобидан ҳайдов трактори шу куннинг ўзида ер эгаларига топширилди. Шунингдек, қудуқ қазиб, сув чиқаришга киришилди. Сувдан самарали фойдаланиш мақсадида экинлар томчилатиб суғорилади. Бугина эмас, янги ташкил этилган «Аёллар кооперация­си»да меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ишдан сўнг мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун замонавий аёллар шийпони ҳам барпо этиладиган бўлди.
Қалъачалик ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга 25 сотихдан ер ажратиб берилиши уларнинг ҳаётидаги унутилмас воқеалардан бири бўлгани шубҳасиз. 21 ёшли Ҳидоятхон Муҳаммадалиева «Аёллар кооперацияси» раҳбари этиб тайинланиб, унга 50 сотих ер майдони ажратиб берилди. Энди у бу майдоннинг бўш қолмаслиги, юқори ҳосил олиш учун масъул.
– Ишчи гуруҳнинг қишлоғимизга ташрифи ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди, – дейди Ҳидоятхон Муҳаммадалиева. – Менга ишонч билдириб, кооперация раҳбари этиб тайинлашди. Омад келса, қўшалоқ келар экан. Турмуш ўртоғим мавсумий ишларда ишлаб, кўп ҳолларда ишсиз қоларди. Энди кооперация­­га берилган янги тракторни ҳайдайдиган бўлди. Иккимиз ҳам ишли бўлганимиздан жудаям хурсандмиз. Бизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатган Президентимизга, ишчи гуруҳ вакилларига каттадан-катта миннатдорлик билдираман.
Рўзихон Содиқова ҳам бир неча йилдан бери иш тополмай юрган эди. Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари туфайли Рўзихонга ҳам 25 сотих ер ажратиб берилди.
– 2015 йил тумандаги коллежни тамомлаб, 4 йилдан бери ишсиз эдим – дейди у. – Оиламизнинг ижтимоий ҳолатини ўрганишга келган ишчи гуруҳ менга ер майдони ажратиб беришга қарор қилди. Бу мен учун катта имконият. Берилган имкониятнинг қадрига етиб, ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланаман.

Кўзда қувонч ёшлари…

Ишчи гуруҳнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож 120 нафар аёлга амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, тикув ва кир ювиш машиналари, музлаткич, электр печи, гилам ҳамда саломатлигини тиклаши учун касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларга бепул йўлланма берилди.
– Республика ишчи гуруҳи вилоятдаги хотин-қизларнинг бугунги кунини чуқур ўрганди, амалий чоралар белгилади, – дейди Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Эркинжон Нуралиев. – Уларнинг самарасида туманда минглаб янги иш ўрни яратилади.
Тошлоқ туманининг «Яккатут» маҳалласида яшовчи Санобар Султонова туғма ногирон. Икки оёқсиз туғилди. Тақдирнинг аччиқ қисмати унинг яшашга бўлган иштиёқини сўндира олмади. Ёшлигидан онасидан, опасидан тикиш-бичиш сирларини ўрганди. Молиявий тақчиллик сабаб шу пайт­гача эскириб кетган тикув машинасида ишлаётган эди. Ишчи гуруҳнинг кўмаги билан унга замонавий тикув машинаси туҳфа қилинди.
– Хурсандчиликдан ичимга сиғмаяпман, – дейди Санобар Султонова. – Энди янги машинада мазза қилиб ишлайман. Бунинг учун уларга раҳмат!
«Бўстон» МФЙда яшовчи 66 ёшли Хосиятхон Нишонова 40 йилдан ортиқ ­қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, пенсияга чиққан. Онахонга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда саломатлигини тиклаш учун бепул йўлланма берилди.
– Ҳаётимда биринчи марта сиҳатгоҳга йўлланма олдим, – дейди онахон кўзига ёш олиб. – Давлатимиз раҳбарининг биз аёлларга эътибори ва ғамхўрлиги туфайли мана бугун эъзоздамиз.
«Қумариқ» МФЙда истиқомат қилувчи Мунирахон Қодирова II гуруҳ ногирони. Эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Унга оғирини енгил қилиш учун кир ювиш машинаси ҳадя этилди.

Амалиётга айланаётган лойиҳалар

Ўрганишлар давомида Қўштепа, Қува, Риштон, Ўзбекистон туманлари ҳамда Марғилон шаҳридаги тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бирига тегишли кўмак бериладиган бўлди. Хусусан, Қўштепа туманидаги «Шарқ ипаги дурдонаси» МЧЖда 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ички ва ташқи бозорда бу ерда тайёрланган адрас ва гиламларга талаб катта. Жамиятда 150 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
– Республика ишчи гуруҳига корхонада ишчилар сонини яна 150 нафарга кўпайтириш бўйича лойиҳамни тақдим этдим, – дейди корхона раҳбари Исмоилжон Аҳмаджонов. – Маъқул келди ва 1 миллиард сўм фоизсиз маблағ ажратиладиган бўлди.

Умуман олганда, Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида Фарғона вилоятида 14 та лойиҳага 12,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиладиган бўлди. Уларнинг 6 тасига Федерация, 8 тасига тегиш­ли ташкилотлар ва тижорат банклари томонидан маблағлар йўналтирилади. Бунинг натижасида 1,5 минг нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланади. Демак, минг­лаб оилаларга барака киради. Минглаб инсонларнинг орзулари рўёбга чиқади.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар