Ишончнинг қудратли кучи

1,003

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятида бўлган табиий офатдан сўнг зудлик билан ушбу ҳудудларга етиб боргани, ҳолат билан яқиндан танишгани, талафотларни бартараф этиш бўйича топшириқлар бергани халққа кўтаринки руҳ, катта куч бағишлади

Неча минг йиллик тарихимиз давомида она Ватанимиз қанчадан-қанча бало-ю офатларни, мусибатларни кўрган. Ҳар сафар ирода, матонат, сабр, бирдамлик билан бундай синовлардан омон-эсон ўтилган, кулфат ва ғам-ташвишлар ортда қолган.
Жорий йилнинг 27 апрелидан 28 апрелига ўтар кечаси қўшни Туркманистон ҳудудидан ёпирилиб келган бўрон биз учун ана шундай синов бўлди. Қатор вилоятларимиз, хусусан, кўҳна Бухоро аҳолисининг уй-жойига, мол-мулкига, бир қанча инфратузилма объектларига жиддий шикаст етди. Қирқдан ортиқ фуқаро жароҳат олди, бир нафар ватандошимиз ҳалок бўлди. Аммо ҳаётнинг ўзгармас қонунияти бор: кўнгилсизликлар синов ўлароқ келиб-кетаверади, аммо иродамиз тобланиб, меҳр-оқибат, халққа, она юртга муҳаббат сингари юксак инсоний фазилатлар бардавомлигича қолади. Атоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф айтганидек, «Меҳр қолур, муҳаббат» қолур.

Одамлар табиий офат таъсирида саросимага тушиб қолган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг зудлик билан ушбу туманларга етиб боргани, ҳолат билан яқиндан танишгани, талафотларни бартараф этиш бўйича топшириқлар бергани халққа кўтаринки руҳ, катта куч бағишлади. Мамлакатимиз аҳолиси, қолаверса, пандемия балосига қарши курашаётган дунё ҳамжамияти куни кеча диёримиз тимсолида ана шундай меҳр-муҳаббатнинг, эл-юртга ғамхўрликнинг юксак намунасига гувоҳ бўлди.
Президентимиз маҳаллий раҳбарият, жамоатчилик вакиллари, депутатлар, маҳалла раислари, нуронийлар билан учрашди. Мухтасар айтганда, оғир дамда Юртбоши халқ билан бирга бўлди.
Мозийдан маълумки, қийин пайтларда буюк раҳнамоларнинг, улкан йўлбошчиларнинг руҳни кўтарувчи сўзлари, ғалабага бўлган қатъий ишончи улус қаддини кўтариб, бир ёқадан бош чиқариб, мусибатни енгиб ўтиши ҳамда зафар қозонишида ҳал қилувчи омил бўлган. Соҳибқирон бобомизнинг ибратомуз ҳаёти ва фаолияти бунинг ёрқин мисолидир.
Давлатимиз раҳбарининг учрашув чоғи билдирган қуйидаги ҳаётбахш сўзлари ҳам улуғворлиги ва жасоратга даъвати билан аҳамиятлидир: «Албатта, бу ҳаммамизнинг бошимизга тушган катта синов. Бу синовдан биз қудратли бўлиб чиқамиз. Биронта хонадон, биронта корхона, биронта фермерга зарар етишига йўл қўймаймиз. Меҳнат қиламиз, жипслашамиз. Эртага даромадимиз бундан ҳам кўп бўлади. Ҳамма куч-воситаларни берамиз, белимизни маҳкам боғлаб, саросимага тушмай, янгиланиб оламиз».
Мулоқот асносида маҳаллий фаоллар Президентимизнинг оғир дамларда халқ билан ҳамиша бирга эканини, хусусан, 2008 йилда Когон туманида рўй берган техноген офатни бартараф этишда жонбозлик кўрсатганини ҳам алоҳида эътироф этишди. Шавкат Мирзиёев ўша ­мудҳиш фалокатни эсларкан, бундай балолар диёримизга бошқа йўламасин, дея тилак билдирди. Юртбошимизнинг эндиги фалокат асоратларини бартараф қилиш, элга мадад бериш борасидаги ғайрат-шижоатини ҳам улкан давлат арбобининг галдаги жасорати сифатида баҳолаш мумкин.
– Муҳтарам Президентимиз билан юзма-юз суҳбат асносида у кишининг ҳар бир сўзида, юз-кўзидаги ҳар бир ифодада Ўзбекистонимизга, шу улкан оиламизнинг ҳар бир аъзосига бўлган чексиз муҳаббатни кўрдим, – дейди «Нуроний» жамғармаси Олот тумани бўлими раиси Саидқули Оққиев. – Айниқса, «Диёримиздаги ҳар битта маҳалла, ҳар битта хонадон мен учун азиз» деган сўзлари ҳаммамизни тўлқинлантириб, руҳлантириб юборди. Албатта, ногаҳоний офат туфайли бошимизга тушган ташвиш­лар бир томон, давлатимиз раҳбарининг таскинбахш даъватлари бир томон бўлди. Биз, ёш-у кексаларнинг вазифаси карантин тартибларини сақлаган ҳолда ҳудудларимизда тиклаш, янгилаш ишларини олиб бориш, аҳолининг давлатимиз сиёсатига ишончини мустаҳкамлаш, одамларни жипслаштиришдир. Президентимизнинг биз билан шахсан учрашиб, йўл-йўриқ кўрсатганлари ҳаммамизга улкан куч-ғайрат берди.
Қоракўл туманидаги «Кумуш калава» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асрор Мансуров ҳам ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
– Табиийки, катта талафот бўлди. Лекин, энг муҳими, элимиз тушкунликка тушгани йўқ. Ҳаёт доимгидек давом этяпти. Одамларнинг кайфияти аъло. Барчанинг кўзида ишонч, хатти-ҳаракатида дадиллик. Президентимиз ташрифи ҳаммамиз учун хайрли бўлди. У кишининг ёрдами, бевосита раҳнамолигида қисқа вақт ичида Олот, Қоракўл ва зиён кўрган бошқа жойларда аҳволни ўнглашга киришдик. Нафақат ўнглаймиз, аввалгидан ҳам зиёда қилиб, обод этамиз. Бу ишларда биз, тадбиркорлар ҳам камарбастамиз.
– Юртбошимизнинг оталарча ғамхўрлиги, офатдан азият чеккан ҳар бир хонадон, ҳар бир муасасаса, ҳар бир фермер хўжалиги давлат ҳимоясига олиниши, кўрилган зарар қопланиши, ҳар икки туман батамом янгиланиши хусусида билдирган фикрлари барча қатори мени ҳам руҳлантириб юборди, – дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. – Пандемия шароитида кўрилаётган чора-тадбирлар, мана бу бўрон балосидан кейинги тиклаш юмушларидаги оқилона сиёсатлари учун у кишидан ҳар қанча рози бўлсак, миннатдор бўлсак, арзийди. Шахсан ўзим ҳудудимиздаги кўп­лаб хонадонларда бўлдим. Аҳоли билан учрашувлар чоғида одамларимизнинг қатъий ишончига, кўтаринки кайфиятига амин бўлдим. Худо хоҳласа, Президентимиз бошчилигида бу оғир кунлардан чиқиб оламиз. Худди зилзиладан сўнг Тошкент қандай обод қилинган бўлса, Олот ҳам шундай обод бўлади.
– Илоҳим, бундай фалокатлар ортда қолгани рост бўлсин, – дейди Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби директори Темирқул Рўзиев. – Йўлбошчимизнинг бошимизга шундай катта ташвиш тушганда ҳозир бўлганлари, бундай ғамхўрликлари, ­саъй-ҳаракатлари барча учун ибратлидир. Айрим хорижий давлатлар раҳбарлари каби у киши ҳам масъул вакилини юбориши мумкин эди. Лекин Шавкат ­Мирзиёевнинг шахсан ўзлари келиб, одамларнинг ғам-ташвишларига шерик бўлиши, уларнинг руҳини кўтариб, аҳволни ўнглаш борасида мутасаддиларга йўл-йўриқ берганлари алоҳида таҳсинга лойиқ.
Ташриф давомида табиий офат оқибатларини бартараф этиш, аҳоли, фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича вазирлик ва идоралар мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Шу куннинг ўзида Президентимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Яратгандан халқимизга тинчлик-осойишталикни, Ватанимизни турли бало-қазолардан асрашни тилаб дуо қилинди.
Таъкидлаш жоизки, офатдан сўнг тез орада Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида электр, газ таъминоти билан боғлиқ узилишлар қайта тикланди. Зарар кўрган биноларни, хонадонларни таъмирлашга, кўчаларни тартибга келтиришга киришилди.
Бугун талафот етган ҳудудларда иш қизғин. Барча бунёдкорликка бел боғлаган. Қудратли техникалар овози бирдам тинмаяпти. Узоқ-яқиндан мадад кучлари келмоқда. Барча бирдам бўлиб, офат талафотларини бартараф этяпти. Уларнинг юз-у кўзида ишончни, эртанги кун умидини кўрасиз.
Буларнинг туб замирида – юксак ғамхўрлик ва эътибор мужассам. Халқпарварликнинг олий намунаси одамларни шундай бирлаштирди, уларнинг вужудида ўзгача ғайрат ва шижоат, қалбида чуқур ишонч уйғотди. Бу энг катта ва қудратли кучдир.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар