Пандемия даврида ходимлар қандай шароитда ишлаши керак?

550

Дунёнинг аксар мамлакатларида бўлгани каби, бизда ҳам коронавирус пандемияси даврида кенг кўламли ижтимоий, иқтисодий чекловлар жорий этилди. Бунда меҳнатга оид миллий ва халқаро нормалар ҳам инобатга олинди. Улар Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг эркак ва аёлларни тенг ҳуқуқлар асосида муносиб иш билан таъминлаш билан боғлиқ халқаро ҳужжатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган.

Қолаверса, меҳнат муносабатларини йўлга қўйишда халқаро меҳнат стандартлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Меҳнат стандартларидаги тавсиялар инқироз даврида ва ундан кейин ижтимоий мулоқот ҳамда бандлик ва меҳнат шароитлари ёмонлашувининг олдини олади.
Касаба уюшмалари мазкур қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда иш берувчилар учун бир қатор тавсияларни ишлаб чиқди. Хўш, бу тавсиялар нималардан иборат?

ИШ БЕРУВЧИЛАР ДИҚҚАТИГА!

Пандемия даврида давлат қабул қилаётган ҳужжатларга риоя этинг, уларнинг мазмун-моҳиятини ҳар бир ходимга етказинг ва бажарилишини назорат қилинг.
Ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласини қайта кўриб чиқинг.
Иш жараёнини ташкил этишда ижтимоий мулоқот, миллий меҳнат қонунчилиги ва халқаро меҳнат стандартларининг илғор таж­рибаларига амал қилинг. Ишда барча учун тенг қўллаб-қувватловчи чора-тадбирларни белгиланг, уларнинг моҳиятини барча ходимларга тушунтиринг ва меҳнат учун қулай шарт-шароитлар яратинг.
Иш жараёнида ходимларга оид маълумотлар хавфсизлиги ва махфийлигини таъминланг, уларнинг камситилиши ва ижтимоий табақаланишига йўл қўйманг, ходимларнинг билим ва малакаларини мунтазам ошириб боринг.
Ходимларга ўз вазифаларини масофадан туриб бажаришлари учун шароит яратинг. Агар бунинг иложи бўлмаса, ишлайдиган ота-оналар болаларини парваришлаш билан боғлиқ қўшимча ёрдам турларини кўриб чиқинг.
Ишлаётган ота-оналар болаларининг парваришини ташкил этиш орқали қўллаб-қувватланг ва унинг сифатли олиб борилаётганига ишонч ҳосил қилинг.
Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси чораларини кучайтиринг.
Ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдорини бир неча касбда (лавозимда), ўриндошлик асосида ишлаётгани учун, хизмат кўрсатиш доираси кенгайгани, бажариладиган ишлар ҳажми ортгани учун тарафлар ўртасидаги келишувга кўра, меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланг.
Ходимлар учун меҳнат шартлари ноқулай тарзда ўзгарган тақдирда (МК 89-модда), меҳнатни ходимнинг розилиги асосида ташкил этинг. Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, ўша тартибда ўзгартирилиши керак. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка шартлари ходимлар учун ноқулай томонга ўзгартирилаётган бўлса, уларнинг розилиги олиниши шарт (МК 156-модда).
Ходимларга стресс ҳолатга тушганларга, тиббий ёрдамга муҳтожларга биринчи ёрдам кўрсатишни ўргатинг.
Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда ва меҳнатга ҳақ тўлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли фармонининг 16 ва 17-бандларига амал қилинг:
коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки зарарланишда гумонланиб карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахс­ларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўланг;
коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйманг.
Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимлар меҳнатига:
меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида – ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида – ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда ҳақ тўланг.
Ходимларни мослашувчан иш графигига ўтказганингизда, уларнинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларини сақлаб қолинг. Мослашувчан иш графигига ўтказилган ходимларга меҳнат ҳақини ишланган вақтдан ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотдан келиб чиқиб тўланг.
Уйда ишлашга ўтказилган ходимларнинг меҳнатига:
меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида – ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида (карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом, рўйхат рақами 3228, 28.03.2020) ҳақ тўланг.

АГАР ХАСТАЛИК АНИҚЛАНСА…

Иш берувчи ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини таъминлаши, ходимларни белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув, шахсий ҳимоя ҳамда гигиена воситалари билан таъминлаши, шунингдек, жамоавий ҳимоя воситаларини қўллаш бўйича йўл-йўриқлар бериши керак («Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун, 23-модда).
Иш берувчилар касбий хавфларни минималлаштириш учун олиб бориладиган профилактика ва ҳимоя чоралари учун жавобгар. Иш берувчилар, тегишли асос бўлганда ва имкониятларидан келиб чиқиб, ходимларни талаб даражасидаги ҳимоя кийимлари ва воситалари билан бепул таъминлашлари керак (ХМТнинг 155-сонли Ишлаб чиқаришда ва меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида конвенцияси).
Иш берувчилар ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ зарур маълумот билан таъминлаш, ишларига оид масалаларда маслаҳат бериш, фавқулодда ҳолатларда чоралар кўриш, касалликлар ҳақида соғлиқни сақлаш ва меҳнат органларига тезкорлик билан хабар бериш учун жавобгардир.
Ходим жамият манфаатлари билан боғлиқ ишлар билан банд бўлган даврда (авариялар, табиий офатлар оқибатларини тугатиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва бошқа ҳолларда) унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади (МК 167-модда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан энг муҳими ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини таъминлашдир.

Нодира КАРИМОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси бўлим мудири

Бошқа хабарлар