Оқибат

988

Отам ҳар сафар қовун еганида бизга бир ҳикоя айтиб берарди. Бизнинг эса вужудимиз қулоққа айланарди.

– Қоравой амаким жуда саводли, бадавлат ва саховатли инсон бўлиб, чорва молларининг ҳисобини ўзи ҳам билмасди, – дея ҳикоя қилади отам.
Афсуски, собиқ тузум зиёлиларга «оч офатдай» ёпишган давр бизнинг аждодларимизни ҳам четлаб ўтмаган. Амударё орқали бир неча ­зиёлини олиб кетаётганларида, амаким қочиб қутулган экан. Узоқ йиллардан сўнг уйга қайтган. Айтишларича, Тошкент вилоятининг қайсидир туманида қишлоқ хўжалиги учун дори ишлаб чиқариладиган жойда ишлаган эмиш. Амакимнинг йил сайин соғлиғи ёмонлаша борган. Бувим Жамила эна машҳур табиб бўлса-да, ўғлининг дардига чора тополмаган.
Бир куни амаким отамни чақириб, «Иним, Ғозовот ­қишлоғида Искандар ошпазда қовун бор экан, шу кишидан битта қовун олиб келсанг, зора дардимга шифо бўлса, ичим жуда ёниб кетяпти», дейди. Қўшкўпир тумани марказидан тонг қоронғусида йўлга чиққан отам икки соатча яёв юриб, кўзлаган манзилига етиб борган ва Искандар ошпазга муддаосини айтган. «Эсиз, болагинам, битта қовун қолганди, кеча меҳмонларга сўйиб бергандим, дея йўл-йўриқ кўрсатган: «Хивадаги калта минор тўғрисидаги Шариф қассобда пишиқчиликкача қовун топилади».
Отам Қорақум орқали яна яёв Хивага йўл олиб, айтилган уйни топиб борган. Шариф қассобга салом бериб, дардини айтган ва йиғлаб юборган. Шариф қассоб катта бир қовунни отамнинг қўлига тутқазиб, «Болам, буни орқанг­га ортиб ҳам, қўлингда осилтириб ҳам кетмагин. Фақат икки қўлинг билан қучоқлаб ол, йўл узоқ, юмшаб қолади, ахир қовун экадиган пайт келди» дебди.
Отам йўл бўйи ҳам қувониб, ҳам йиғлаб келаверибди. Тиканлар, саксовул нишлари оёғига неча марта кириб чиққанини ҳам сезмабди. Уйга кириб келганида вақт хуфтон бўлган экан. Қоравой амаким «Инимдан айланай» дея отамни қучоқлаб йиғлабди. Қовундан ҳар куни бир тилимдан еб, отамни йиғлаб, дуо қилишдан сира чарчамабди.
Шу воқеадан сўнг амаким олти ой умр кўрибди. Ўлими олдидан «Иним, сен меҳнаткаш, виждонли боласан, ўтганимдан кейин икки ўғлим сенга омонат, уларни яхши тарбиялаб, ўқитиб, уйли-жойли қилсанг, мен у ­дунёда бемалол ётаман. Илоҳим, Аллоҳ менинг умримни ҳам сенга қўшиб берсин» деб дуо қилибди.
Отам амакимнинг васиятини тўла адо қилди. Амакиваччаларимнинг иккаласи ҳам зиёли, жамиятда ўз ўрнига эга инсон бўлиб вояга етди.
Падари бузрукворимиз ҳозир 97 ёшдалар. Отам ҳар доим мол-дунё ўткинчи, оға-иниларингизнинг, опа-сингилларингизнинг кўнглини оғритманг, деб насиҳат қилади.
Уй-жой талашиб неча-неча оға-инилар юз кўрмас бўлиб кетганини, қилган кичкинагина яхшилигини бир умр миннат қилганларни кўрсам, отамнинг насиҳатлари ёдимга тушади. Ҳадис-у шарифда қариндош­лик ришталарини узган гуноҳ, қариндошлик ришталарини қайта боғлаш савоб экани айтилган. Кекса отахон-у онахонларимиз ўгитларига амал қилиб яшасак, авлодларимизга ўргатсак, улар қалбига эзгулик, яхшилик уруғларини эксак, ҳаётимиз янада гўзал ва файзли бўлади.

Қурбонбика ЎРОЗМЕТОВА
Хоразм вилояти,
Урганч шаҳри

Бошқа хабарлар