ЎзХДП раиси Улуғбек Иноятов 2,5 миллион сўм маошга камида икки оилани боқиш мумкинлигини исботламоқчими?

972

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партия ҳудудий кенгашлари иштирокида ўтказган видеоселектор йиғилишида барча даражадаги депутатлар ва партия фаолларига ёрдамга муҳтож бўлган биттадан оилани оталиққа олиб, карантин тугагунча озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб туриш вазифасини юклаган. Бу ҳақда исмини ошкор қилмасликни сўраб андижонлик маҳаллий кенгаш депутатларидан бири “ishonch.uz”га мурожаат қилди.

“Аслида ёмон топшириқ эмас, – дейди депутат. – Бунинг аҳамиятини ҳар куни одамлар орасида юрган депутат жуда яхши тушунади. Партия раҳбарлари қийналганларга ёрдам кўрсатиш йўлида изланаётгани яхши. Лекин чуқур ўйламасдан, бу ташаббус қандай натижага олиб келишини кўра олмасдан, шошма-шошарлик қилиб, савобли ишни гуноҳга айлантираётгани ачинарли”.

Мурожаатгўйга кўра, жами маҳаллий депутатлар орасида тадбиркор, фермер ҳамда раҳбарлик лавозимида ишловчи, тирикчилигидан орттириб, бировга хайрия қила оладиганлар нари борса йигирма фоизни ташкил қилади. Қолганларнинг аксарияти ойлик иш ҳақидан бошқа даромади йўқ инсонлар.

“Кўпчилик маҳаллий депутатлар ойлик иш ҳақини нималарга сарфлашини олдиндан режалаштириб яшайдиган, коммунал тўловлардан қарздор бўлиб қолса, бошқаларга гапи ўтмай қолишини билгани учун ҳам топганини ўнгу сўлга ҳисобсиз сарфлай олмайдиганлардир. Агарда орттира олса, элга овоза қилмай бирор муҳтожнинг кўнгини овлайди. Юқоридаги каби топшириқлар эса депутатларни партиядан бездиришга хизмат қилади, холос.

Номида “халқ” сўзи бор партия раҳбарлари ушбу ташаббуси билан ўз оиласидан орттириб, бошқа бировга хайрия қила олмайдиган депутатларнинг кўнгидан нималар ўтаётганини тушунишга қодир эмаслар, шекилли. Ундан кўра, барча депутатлар чин юракдан қўшиладиган ташаббус кўрсатиш мумкин эмасми?” дейди у.

“ishonch.uz” мухбири юқоридаги иддаоларга аниқлик киритиш учун партиядаги ўз манбаси билан боғланиб, ЎзХДП марказий кенгаши томонидан юборилган айни масалага дахлдор расмий хат ҳамда илова намунасини қўлга киритди. Манбанинг таъкидлашича, марказий кенгаш томонидан депутатлар хайрия ва ҳомийлик ишларини қандай амалга ошираётгани хусусида кунлик маълумот ҳам талаб этилмоқда.

ЎзХДП марказий кенгаши Улуғбек Иноятов ўтган йилги сайловолди чиқишларидан бирида беш кишидан иборат оилани боқиш учун бир ойда 2,5 миллион сўм етиши ҳақидаги фикрлари билан қизғин баҳс-мунозараларга сабабчи бўлганди.

Нурилло Нўъмонов.

Бошқа хабарлар