Касаба уюшмалари хайрли ишлар бошида

223

Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бугунги синовли кунларда танг аҳволга тушиб қолиши мумкин бўлган эҳтиёжманд, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хива туманидаги 40 оиладан ҳол сўраш карантин қоидаларига амал қилган ҳолда бош­ланди: шакллантирилган рўйхатдаги хонадонлар эшиклари бир-бир тақиллатилади, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ходимлари озиқ-овқат маҳсулотларини эгаларига топширади.

Матонат соҳибалари

Аммо хонадонларнинг бирига кирмасликнинг иложи бўлмади. Сабаби, оила аъзолари орасида ташқарига чиқиб, озиқ-овқатларни қабул қиладиган киши йўқ эди.
Даҳлиздан ичкарига мўралаймиз. Чалқанча ётганича қўлидаги дафтарга нималарнидир ёзаётган қизалоқ диққатимизни тортди. Унинг оёқлари ўсмай қолган. Овоз берганимиздан кейин ичкаридан яна бир қиз судралганча чиқиб келди. Унинг ҳам оёқлари ўсмай қолган, синглисидан фарқли ўлароқ, у ўтира олади.
… Хивалик Марямжон Тўраевага Аллоҳ етти қиз ва бир ўғил ато қилди. Қизларининг уч нафари биринчи гуруҳ ногирони. Бу Марямжон опани бироз толиқтириб қўйди. Оила ночор аҳволга тушиб қолди. Қийинчиликларга дош беролмаган ота фарзандларини ташлаб кетди. Мана, неча йилдирки, Марямжон Тўраева рўзғорнинг зил-замбил юкини ёлғиз кўтариб келади. Она, фарзандларим қийинчиликларни енга олсин, деган ўй билан уларни меҳнатсевар, матонатли, келажакка умид билан қаровчи инсонлар қилиб ­тарбиялади. Назокат Марямжон опанинг иккинчи қизи.
– Онам нафақада бўлса-да, қўл қовуштириб ўтирмайди, қўни-қўшнига, тўй қилаётганларга ёрдам бериб, бир-икки сўм топиб келади. Уйнинг ҳамма ишини ўзим қиламан. Овқат пишираман, супуриб-сидираман, кир юваман. Сингилларимни парваришлайман, – дейди Назокат. – Тикувчиликка қизиқаман. Мана шу эгнимдаги кўйлакни ҳам ўзим тикканман.
Оиланинг яна бир фарзанди Шаҳло Худойберганова ҳам биринчи гуруҳ ногирони. У 11-синфни тамомлаш арафасида. Ўқишдан бўш пайтлари расм чизади, ошхона учун бежирим қўлқоп, чойнаклар учун тагликлар тикади. Маҳалла фаоллари у тиккан буюмларни сотишга ёрдам беришади. Шаҳло шўх-шодон, гапга чечан қиз.
Ётган ҳолида юрадиган Шаҳло хорижий тилларни ўрганиш иштиёқида. Китоб ўқишни яхши кўрадиган қиз ўзи ҳам китоблар ёзиш ниятида.

«Биз ҳам бегона эмас эканмиз»

Бошқа манзиллардаги одамлар тақдири ҳам турфа. Зулфия Матчоновани турмуш ўртоғи ташлаб кетганига йигирма уч йил бўлган. Ўшанда беш фарзандининг энг кичиги бир ярим ёшда эди. Орадан бир йил ўтиб, турмуш ўртоғига нисбатан экстремистик ҳаракатлари учун жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинди. Ўтган йиллар давомида турмуш ўртоғи на бирон марта қўнғироқ қилди, на хат-хабар йўллади. Зулфия дард-аламларини меҳнат билан енгди. Фарзанд­ларини оч, яланғоч қолдирмаслик учун чумолидай тиним билмади.
– Маҳалла-кўйга раҳмат, бизни ёлғизлатиб қўймади, жиноятчининг болалари деб ижирғаниб қарамади, ҳар доим ёнимизда бўлишди, – дейди Зулфия Матчонова.

«Дастурхони нонсиз уйда яшамайман..»

Касаба уюшма фаолларига эшик очган Меҳрибон Раҳимованинг кўзидан шашқатор ёшлар оқади. Бу аёлни ҳам турмуш ўртоғи бир неча йил олдин ташлаб кетган, фарзандларини ёлғиз катта қилмоқда. Устига устак, ўз уйи йўқ, ижарада туради. Икки ўғлига қўшалоқ тўй қилиб, қарзга ботишди. Пандемия туфайли анча қийналиб қолишди.
– Дастурхонида нон қолмаган уйда яшамайман,деб, катта келиним невараларимни ташлаб кетиб қолди, дардимни кимга айтишни билмай тургандим, – дейди у. – Ҳозироқ невараларимга тансиқ таом пишириб бераман.
…Яқинда жигарбандидан айрилган иккинчи гуруҳ ногирони Абдушариф Салаев, ишсизлиги туфайли олти фарзандини едириб-ичиришда қийналаётган Раҳимберган Раҳимов… озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган 40 та оила соҳибларининг ҳар бирининг ўзига яраша дарду-ташвиши бор.


Ҳа, бу ҳаёт – синов майдони. Кимгадир мол-давлат, кимгадир фақирлик, кимгадир хасталик насиб қилган. Бошига ташвиш тушганни қўллаб-қувватлаш, дарддош, елкадош бўлиш халқимизга хос фазилатлардан. Хайр-саховат тадбирлари синовли кунларда янада кенг қулоч ёймоқда. Касаба уюшмалари хайр­­ли ишларнинг бошида турибди. «Саховат ва кўмак»умумхалқ ҳаракати доирасида Хоразм шаҳри касаба уюшма ташкилотлари томонидан 411 та эҳтиёжманд оилага 80 миллион сўмга яқин моддий ёрдам пули ажратилди, 237 та оилага 40 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, сурункали хасталикдан азият чекаётган 4 нафар юртдошимизга 723 минг сўмлик дори-дармон етказилди. Пандемия билан курашаётган шифокорларга қарийб 80 миллион сўмлик ҳимоя воситалари олиб берилди.
Хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар