ДАРДИНГНИ АЙТ, ОПАЖОНИМ, СИНГЛИМ…

803

Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси мутасаддилигида тузилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи фаолиятида 12 11 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

«Ишонч телефони» ишга тушганига икки ой бўлди. Ўтган давр­­да биргина Самарқанд вилоятидан 953 та мурожаат ёзиб олинган. Уларнинг 330 таси ижтимоий масалага дахлдор бўлса, уй-жой, иш, карантин кунларидаги моддий қийинчилик, ҳатто, алимент ундиришдаги муаммоларга дуч келаётганлар ҳам ўз дардини айтган. Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда эса энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Пахтачи туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мурожаатларни белгиланган фурсатларда ижрога йўналтириш бўйича вилоят ҳокимлигида штаб ташкил этилган. Хотин-қизлар кундалик турмушда дуч келаётган муаммолар дахлдор ташкилотлар жалб этилган ҳолда ҳал этилмоқда. Мурожаатлар орасида бир мунча вақт талаб этадиганлари ҳам бор. Бундай ҳолатлар қатъий назорат остига олинмоқда. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож фуқароларга эса мутахассислар тезлик билан амалий кўмак кўрсатмоқда.
Ургут тумани «Жайратепа» маҳалласида яшовчи Мунаввара Раупова «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб, лойсувоқ томи устидан чакки ўтаётгани айтиб, уйни шиферлашда ёрдам сўраган. Мурожаатчи хонадони аҳволи ўрганилиб, уй томига етадиган барча қурилиш ашёлари ва қўшимчасига 2 та эшик ҳамда 2 та дераза роми етказиб берилди.
– Гулдай ҳунарим бор-у, қўлим калталик қилиб, ундан фойдалана олмаяпман, – дея «Call-center»га ўз дардини баён этди Пастдарғом тумани «Янги қишлоқ» маҳалласида яшовчи Дилафрўз Эргашева. – Боз устига, турмуш ўртоғим ҳам ҳозирча бекор. Ейман-ичаман, деган 4 нафар фарзандимиз бор. Бизга озиқ-овқат эмас, кейинчалик ҳам рўзғоримизга асқотадиган восита керак. Битта тикув машинаси бўлса, рўзғорга уч-тўрт сўм ишлаб топиш имкони пайдо бўларди…
Д.Эргашеванинг муаммоси касаба уюшмалари кўмагида ҳал этилди. Замонавий тикув машинасига эга бўлган чеварнинг қувончи чексиз.
Шу туманнинг «Буюк Турон» маҳалласида яшовчи Анора Рўзимуродова ҳам қийналганлардан бири. Икки нафар фарзандни ёлғиз тарбия қилаётган бу аёл икки хонали таъмирга муҳтож, шароити оғир уйда истиқомат қилаётганини билдирди. Масала ўрганилиб, Аноранинг уйини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда мурожаатларга билдирилаётган муносабатларда турли тафовутлар бор. Баъзи раҳбарлар аҳоли ташвишларига шерик бўлмоқда. Аммо баъзи ҳудудларда лоқайдлик ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Хусусан, Пахтачи туманидан тушган 106 та мурожаатнинг 33 таси маҳаллий аҳамиятга эга деб ҳисобланиб, туман мутасаддиларига йўлланган. Аммо ҳозиргача уларнинг 7 таси ижобий ҳал этилган, холос. Бу ҳақда изоҳ сўралганида мурожаатларнинг 22 тасига тушунча берилгани айтилмоқда, 4 та ҳолатда эса фуқаролар мурожаатлари рад қилинган.
Ҳар бир мурожаат ортида бир инсон дарди бор. Қолаверса, ўзбек аёли унча-мунчага дардини ­достон қилавермайди ҳам. Шу сабаб бу масалага эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар