Зулфия ая

889

Тимсол

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили 9 май – Хотира ва қадрлаш кунидаги нутқида Зулфия Зокированинг матонатига, ­сабр-у бардошига юксак баҳо бериб, жумладан, бундай деганди: «Ёвуз уруш туфайли аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Унинг ўзи эса бир умр мотамда яшади. Лекин ҳеч қачон умидсизликка тушмади, ўғилларининг сўнмас хотираси, ёруғ кунлар ёди билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, орзу-умидлари билан яшади. Мана, ўзбек аёлларининг, ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати! Мана, севги ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қудрати! Мана, ёшларимиз, фарзандларимиз кимдан намуна ва ўрнак олишлари керак!».
Давлатимиз раҳбари эътироф этган бу аёл Тошкент вилоятининг Хонобод қишлоғида яшаб ўтди. Бир пайтлар тўқайзорларга туташ бўлган қишлоқ бугун кенгайиб, обод маҳаллаларга айланган. Катта-кичик ҳовлилар ичида Зулфия Зокирова яшаган хонадон ҳалиям ­қишлоқ файзи бўлиб турибди. Зулфия аянинг суюкли ўғли Маҳамаджон Холматовнинг набираси Фарҳод Муҳаммадиев бу уйнинг чироғини ёқяпти.
– Бувижонимнинг табаррук қадамлари теккан эшик шу. Уни бузишга кўнглим ботмади, – ­дейди у. – Ҳовлидаги уйларни отам раҳматли бувижонимнинг вафотларидан кейин янгилаган. Шуларни ҳисобга олмасак, деярли кўп нарса ўзгармаган. Ҳовли ўша-ўша. Озгина ер қўшилган, холос. Ҳар сафар дарвозадан кириб чиққанимда бувижонимни эслаб, ҳақларига дуо қиламан. Шу дарвоза менга доим оиламиз тарихини эслатиб туради.

Холмат ота

Зулфия ая турмуш ўртоғи Холмат Зокиров билан ўттиз йил бахтли ҳаёт кечирди. Исҳоқ, Аҳмад, Абдуваҳоб, Маҳамаджон, Юсуф исмли беш ўғил ва Манзура исмли бир қизни дунёга келтирди.
Бутун оила танчага йиғилган кезларда Холмат ота кенжа ўғли Юсуфни суйиб эркаларкан: «Онаси, шунинг жуда зукко-да. Худо умр бериб, унинг олим бўлганини кўрсайдим» дерди.
Зулфия ая эрининг бу гапларига ҳазил аралаш жавоб берарди: «Нималар деяпсиз? Ҳали Юсуфнинг ҳам, Манзуранинг ҳам болаларини кўриш насиб қилади!»
Аммо суронли ўттизинчи йиллар яқинлашаётганди. Кунларнинг бирида Холмат отанинг қўққисдан ичи бураб оғриди. Дард соат сайин кучайиб, алпдек қоматини букиб қўйди. Зулфия ая нима қилишни билмасдан, ҳали у қўшнига, ҳали бу қўшнига югурди. Қариндош-уруғга одам жўнатди. Бир пасда ҳовли одам билан тўлди. Лекин ҳеч кимдан жўяли фикр чиқмади. У пайтларда табибнинг гиёҳи-ю, қўшночнинг иримидан бошқа давонинг ўзи йўқ эди. Уч кунда Холмат отанинг оғриғи кучайиб, омонатини Яратганга топширди.

Файзли оилалар

Тақдир экан, ҳайҳотдек ҳовли отасиз ҳувиллаб қолди. Бироқ оқила аёл ўзини йўқотмади. Қариндош-уруғ, эл-у халқ кўмагида ҳовли орқасидаги бўш ётган ердан аввал тўнғичи Исоқжонга, кейин Аҳмаджон билан Ваҳобжонга ёнма-ён қилиб, бир уй, бир даҳлиз бош­пана кўтаришди. Аёл боши билан тиниб-тинчимай, шу уйларга келин туширди. Маҳамаджон эса онаси билан ота ҳовлисида қолди…
Исоқжон 1936 йили ўғил фарзандли бўлди. Зулфия ая қувончдан танасига сиғмасди. Тўнғич набиранинг исмини Ватанига, ота-­онасига садоқатли бўлсин дея, Содиқ қўйишди. 1937 йили эса Аҳмаджон ўғилли бўлди. Зулфия ая унга Раҳимжон деб исм берди. Орадан бир йил ўтиб, кейинги фарзанди Маҳамаджон ҳам ўғилли бўлди. Уни Турғун деб аташди. 1939 йилда Ваҳобжон хонадонида ҳам ўғил фарзанд дунёга келди. Зулфия ая уни яхши ниятлар билан Манноп деб чақирди.
Исоқжон ака ветеринар эди. Аҳмаджон ва Маҳамаджонлар ўша даврдаги колхоз фаолларидан бўлишди. Юсуфжон эса отасининг орзусидаги йигит бўлиб етишди. Тошкент педагогика институтини тамомлаб, илмини мукаммаллаштириш илинжида Москвага йўл олди.

Кўпга келган тўй…

Орадан икки йил ўтиб, уруш бошланди. ­Қишлоқдаги эркаклар бирин-кетин фронтга кета бошлади. Исоқжон ўша авқтда 39, Аҳмаджон 36, Маҳамаджон 34, Ваҳобжон эса 31 ёшда эди. 1941 йили дастлаб Аҳмаджонни ҳарбий комиссариатга чақиришди.
– Отамни яхши эслайман, ўшанда беш ёшда эдим, – дейди унинг ўғли Раҳимжон Аҳмаджонов. – Онам укамга ҳомиладор эди. Отамни қўққисдан олиб кетишган, биз ҳам бехабар қолганмиз. Бувимнинг айтишича, Янгибозордаги отлиқ аскарлар дивизионида ҳарбий тайёргарликдан ўтказишган. Бир куни сафдошлари билан уйга меҳмонга келишди. Ўша ҳолат кечагидек кўз ўнгимда. Бувижонимнинг ҳовлисидаги супада қанча ўтиришган бўлишса, отам мени бир дақиқага ҳам тиззаларидан туширмадилар. Эркалаб, сочларимни силар, танамни тинимсиз ҳидлар эдилар. Ўшанда болалигим туфайли бу оталик меҳри эканини тушунмаганман. Эртасига улар йўлга тушишди. «Тошкент товарный» бекатидан урушга кузатдик. Орадан ойлар ўтиб, онамнинг кўзи ёриди. Бувижоним укамга Комил деб исм қўйди. Умри қисқа экан, беш ёшлигида вабо касалига чалиниб, вафот этди. Оллоҳ раҳмат қилсин!
Отамдан хат келди. Унда: «Сталинград яқинидамиз. Тез кунларда душман билан жангга кирамиз. Онамни, ўзингни, Раҳимжонни эҳтиёт қил. Исоқжон акамдан хат-хабар борми? Биздан яна кимлар урушга кетди? Юсуфдан хат келдими? Мендан ҳаммага салом айт. Кичкинанинг исмини нима қўйдинглар», деган сўзлар битилганди. Онам раҳматли шу бир энлик мактубни бағрига босиб, хурсандлигидан танасига сиғмасди. Такрор-такрор ўқиганимдан мактубдаги сатрлар менга ёд бўлиб кетганди.
1941-43 йилларда Зулфия Зокирова тўрт нафар ўғлини фронтга жўнатди. Кенжаси Юсуфжон уруш бошланишидан олдин, 1938 йилда ­Москвага ўқишга кетган эди. Уруш ­бошлангач, ундан бир маротаба хат келди. Юсуфжон бу мактубида Ленинград фронтида жанг қилаётганини ёзганди.

Кузойдин

– Уруш йиллари катта-ю кичик тинимсиз меҳнат қиларди, – дейди Раҳимжон Аҳмаджонов. – Ойдин кечаларда аёллар ва ёш қизлар буғдой ўришарди. Чунки техника йўқ, эркаклар фронтга кетган, қўл меҳнати устун эди. Бечора аёллар эртасига ўрилган ғарамларни янчиб, дон қилишарди. Кейин қопларга жойлаб, фронтга жўнатишарди. Бир сиқим ғаллани олиб қолиш ҳам катта жиноят эди. Хўжалик раҳбарлари бўшаган майдонларга сабзи, пиёз, карам, картошка, ошқовоқ эктиришарди. Ҳосил етилгач, бувижоним етакчилигидаги аёллар мева-сабзавотларни ювиб, тозалаб, тўғрашарди. Пахта сушилкаларида қуритиб, махсус қопларга солишарди. Кейин от аравага юклаб, вокзалга олиб боришар, вагонга ортиб, фронтга жўнатишарди.
Оч қолмаслигимиз учун онам билан сомонли далалардан бошоқ териб кун кўрардик. Бувижоним ҳам ёрдамга келар, ҳатто келинларидан ҳам ғайратлироқ меҳнат қилар эди. Ватанга муҳаббати, оилага, фарзандларига садоқати юксак эди. Шу туфайли барча мусибатларни енгиб ўтди.

Қора хат

Ака-укалардан бирин-кетин қора хат кела бошлади. Зулфия Зокирова 1943 йили икки нури дийдаси – Аҳмаджон билан Юсуфжонга аза очди. 1944 йили Ваҳоб Холматовнинг ҳам қаҳрамонларча ҳалок бўлгани маълум бўлди.
Жангда оғир яраланиб, госпиталга тушган Маҳамаджон Холматов 1943 йили қишлоғига қайтди. Меҳнатга яроқли катта-кичик эркакни тўплаб, колхозда ғалтакчилар бригадасини тузди. Далалардаги тупроқ ишлари, ғаллани ташишда бу матоҳ жуда-жуда асқотарди.
Орадан тўққиз ой ўтди. Маҳамаджон уйдагиларига билдирмай, кўнгиллилар сафида урушга жўнатишларини сўраб, Қорасувдаги район ҳарбий комиссариатига борди.
– Ахир онанг ёлғиз қолади-ку! Бригаданг нима бўлади? Колхозга сендек бақувват эркаклар жуда-жуда зарур! Бунинг устига, жароҳатинг ҳам ҳали яхши битиб кетмаган бўлса! – дея қатъий рад этди ҳарбий комиссар.
– Далада ишлаш учун ўрнимга одам топаман, – деди Маҳамаджон. – Соғлиғим эса жойи­­да. Ака-укаларим учун қасос олишим керак.
Маҳамаджоннинг таклифи аввалига қатъий рад этилди. Вилоятдан ҳадеб фронтга одам сўрашавергач, чорасиз қолган комиссар 1944 йилнинг бошида Маҳамаджонга чақирув қоғози жўнатди.
Зулфия Зокированинг ҳовлиси Холмат отадан кейин иккинчи бор ҳувиллаб қолди. Шафқатсиз уруш Маҳамаджонни яна бағридан юлиб олди…
Ая ўз ёғига ўзи қоврилиб юрганида, 1945 йили тўнғичи Исоқжондан хабар келди.
– Бу нима, – деб сўради уни остонадан узатган колхоз раисига.
– Бу… Бу… Бу хат! – деди раис онанинг важоҳатидан қўрқиб.
– Қандай хат? Қорами? – такрор сўради у.
– Йўқ!.. – деди раис ерга тикилиб.
Хатни унинг қўлидан юлиб оларкан: «Бу ҳақда бировга оғиз очма. Хотини Лазокатнинг ўзи бир аҳволда юрибди. Ўғиллари Содиқ билан Анвар ҳар куни: «Отам қачон келади?» деявериб, юрагимни эзиб юборди. Аза очиб, уларнинг бағрини қон қилишга тоқатим йўқ! Тушундингми?» – деганича енги учига беркитиб, тўғри ичкари уйга юрди. Бориб, хатни сандиғи тубига ташлади. Бу ҳақда бошқа ҳеч кимга оғиз очмади. Раис ҳам миқ этмади.
Қишлоққа уруш тугагани ҳақида хушхабар тарқалди. Ҳамма қатори Зулфия ая ҳам беҳад суюнди. Хаёлида аза очмаган ўғли Исоқжон ҳали тирикдек эди. Гўё у укаси Маҳамаджон билан олдин-кетин кириб келадигандек… Шундай кунларнинг бирида – 1945 йил 22 июнда Маҳамаджоннинг турмуш ўртоғи Холматова Ҳидоятхон номига қора хат келди. Унда шундай сўзлар битилганди: «Эрингиз, қизил армиячи ўқчи Холматов Маҳамат ўз ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, чинакам қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, Ватан учун бўлган жангда вафот этди. Унинг руҳига ҳарбий ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, Польшанинг Вендральдорф районидаги қабристонга 6739 рақами остида дафн қилинди».
Зулфия Зокирова ўқишни билмасди. Аммо унинг қора хатлигини билди ва уни ҳам сандиққа бекитди.
– Бувим иймонли, оқила, сабр-бардош­­ли аёл эди, – дея ўша кунларни хотирлайди Раҳимжон Аҳмаджонов. – Шу боис, бу шумхабарни ҳам тақдирдан билиб, сир бой бермади. Бироқ амакимга аза очишгач, анча вақт ўзларига келолмади. Вақтини жойнамоз устида ўтказарди. Қўлларидан тасбеҳ тушмасди. «Роббим! Ҳаммаси шаҳид кетишди-я. Уларни раҳматинга ол!» дерди… Кунларнинг бирида бувим ҳаммамизни ҳовлисидаги супага йиғиб, насиҳат қилди. Келинларини сабр-бардош­­ли бўлишга ундади. Онам ва келинойиларимга қараб: «Сизларга зулм қилиб қўймадимми? Худодан қўрқаман. Ҳали ёшсизлар, лозим топсанглар, турмуш қуринглар, мингдан-минг розиман. Фақат бир шарт билан. Набираларим жигаргўшаларимдан қолган ёдгорлик! Уларни менга қолдирасизлар!» деди.
Ҳамма бирдан уввос тортиб юборди. Ҳеч ким бу таклифга розилик билдирмади. Улар бир умрлик садоқат йўлини танлаб бўлишганди. Шу сабаб бўлса керак, отам ва амакиларим тишлаб кетган бир чети кемтик нон йиллар бўйи девордаги қозиқда осиғлиқ турди. Бувижоним ўғилларининг лоақал биттаси бўлса-да, эшикдан кириб келар, деган умидда яшарди. Умрининг сўнгги йиллари ҳар бирига бўздан алоҳида халтача тикди. Қотган нонлар бувимнинг вафотидан кейин ҳам ўша халтачаларда сақланди.

Кутилмаган меҳмон

Зулфия Зокирова тўнғичи Исоқжонни ҳамон кутарди. Келинлари ва набираларига: «Исоқжон тез-тез тушимга киряпти-я. Худо хоҳласа, эрта-индин эшикдан кулиб кириб келади, катта тўй қиламиз», деган сўзларни ­такрорлайдиган бўлиб қолди.
1946 йил ёз кунларининг бирида, икки уй наридаги қўшнининг ўғлини етаклаб, ҳарбий ­кийимдаги барваста бир одам кириб келди. Зулфия ая келин ва набиралар қуршовида ҳовлидаги супада ўтирарди. Меҳмонга кўзи тушди-ю: «Ана, Исоқжон келди!», деб юборди. Ҳамма югуриб аскарга пешвоз чиқди. Қарашса, бегона киши. Келинлар ўзини ичкарига олди. Зулфия ая меҳмонни супага таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўрашишгач, аскар кийимидаги киши ерга қараганича оҳиста гап бошлади:
– Мен Исоқжоннинг сафдошиман. Фарғонаданман. Исоқжон бу супа ҳақида жуда кўп гапирарди. Сиз оналари бўлсангиз керак-а? Фариштадек онам бор дерди, тўғри экан.

– Боламнинг ўзи қани? – сўради Зулфия ая.
– Белоруссияни немислардан озод қилаётгандик. Ўрмондаги жанглардан бирида душман пистирмасига дуч келиб қолдик. Ҳаммани қириб ташлашди. Мени ҳам ўлди деб ўйлашиб, ташлаб кетишган. Аскарларимиз келгач, жоним узилмаганини кўриб, тезда госпиталга жўнатишибди. Тақдир экан, тирик қолдим. Кейин бориб, Исоқжоннинг қабрини топдим. Ўша ўрмон яқинидаги қабристонга дафн этишибди, – деди-ю, йиғлаб юборди.
Зулфия ая сўнгги умиди пучга чиққанидан тамоман карахт бўлиб қолганди. Шу кундан Исоқжонга ҳам аза очди.

Сўнгги умид

Зулфия ая кенжаси Манзурани Тошкентнинг «Ўқчи» маҳалласига узатганди. Куёви Ортиқни ўз фарзандидек суярди. У ҳам аяни онасидек эъзоз­ларди. Кунларнинг бирида куёвини ёнига чақириб: «Болаларимни уруш олди. Сени куёвим эмас, ўғлим деб қабул қилганман. Уларнинг чала қолган меҳрини сендан топдим. Бундай ишлар ҳаётда камдан-кам бўлади, болам. Кўриб турибсан, йилдан йилга кучим кетяпти. Вақти етиб, омонатимни топширсам, қабримга ўзинг тушгин-а! Танамга бошқа номаҳрамнинг қўли тегмасин, дейман-да!» дея васият қилди.
Афсуслар бўлсинким, 1958 йили Ортиқбой акани трамвай уриб кетди. Зулфия аянинг энди ҳаётдан умиди қолмагандек эди.
Қизи Манзура шаҳарда бир этак болалари билан бева қолди. Шу боис, топганини жамлаб, уни тез-тез йўқлайдиган одат чиқарди. ­Қишлоққа қайтгач, кечалари болаларининг исмини айтиб чақириб чиқарди. Ҳар ой нафақасини олганида, Қўйлиққа тушиб, у-бу нарса харид қилар, қишлоқ аёллари, қариндош-­уруғни чақириб, уйида мавлуд ўқитиб, хатми Қуръон туширтирар, савобини шаҳидларига бағишларди. Бу одат йил бўйи давом этарди. Шу билан қалби анча таскин топиб, хотиржам юрарди. Бир гал Манзурани йўқлаб шаҳарга борганида, трамвайдан тушаётиб, ўзини ­бошқаролмай йиқилиб тушди. Оёғи синиб, уч йил тўшакда ётиб қолди.

Оқибат сабоғи

Ўғиллари шаҳид кетганини билса-да, бир умр эшикка термулиб: «Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон, қайдасизлар! Нега ҳамма келди, сизлардан дарак йўқ! Мени соғинмадингларми? Мен эса сизларни қаттиқ соғиндим!» дея, фарзандларини чорларди онаизор. Қазоси яқинлашган кунларнинг бирида набиралари Раҳим, Содиқ, Анвар, Турғун, Манноп ва Раҳматларни йиғди.
– Гапларимни яхшилаб эшитинглар, – деди ая уларга. – Оталарингиз жуда ахил-иноқ эди. Сизлар ҳам шундай меҳр-оқибатли ҳаёт кечиринглар. Шунда оталарингнинг руҳи шод бўлади. Мен ҳам қабримда тинч ётаман!
Зулфия Зокированинг бу сўзлари набиралар учун ҳаётда доим тўғри йўл кўрсатиб турди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
журналист

Бошқа хабарлар