Россия ва Марказий Осиё: мамлакатларнинг хавфсизлик муносабатлари

76

2019 йил охирида Россия фанлар академияси (РФА) «Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлигини таъминлаш» (Россия Федерацияси, Қирғизис­тон ва Тожикистонда 2013-2019 йиллардаги экспертлар фикри эволюцияси мисолида) номли монографияни чоп этди. Унинг муаллифи РФА Шарқшунослик ­институти қошидаги Марказий Кавказ ва Урал-Волгабўйи марказининг Марказий Осиё бўлими ­бошлиғи Игорь Савин эди.

Муаллиф Россия ва минтақанинг икки мамлакатида 2013 ҳамда 2019 йилларда Россия билан Марказий Осиё мамлакатларининг минтақадаги хавфсизликка дахлдор кенг қамровли масалалар бўйича ҳамкорлиги юзасидан олинган 600 дан ортиқ интервью асосида экспертлар фикри эволюциясини кузатиб боради.
uzanalytics.com мухбири муаллиф билан суҳбат уюштирди.

Игорь Савин –
тарих фанлари номзоди, Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг «Тарих ва этнология» илмий марказининг етакчи илмий ходими, РФА Шарқшунослик институти қошидаги Марказий Кавказ ва Урал-Волгабўйи марказининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи.

– Россия Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлаб беряпти, деган фикр кенг тарқалган. Россия минтақа давлатларига хавф солаётган асосий таҳдидларни қандай механизмлар орқали ва қай тариқа бартараф этишда ёрдам бермоқда?

– аксарият экспертлар Россиянинг Марказий Осиё хавфсизлигига таъсири бир неча даражада деган фикрдалар. Аввало, бу институционал даражага тегишли. Чунки Россия минтақанинг барча мамлакатлари билан ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама битимлар билан ўзаро боғланган. КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) ва ШҲТ (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) ҳам шулар жумласига киради.
Иккинчиси – ташкилий ва техник даража. Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар қуролли кучлари асосини совет ва Россия техникаси ташкил қилади ҳамда техника билан таъминлаш ва унга хизмат кўрсатиш эҳтиёт қисмлар сотиб олиш ва ҳарбий ходимларни ўқитиш орқали амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун Россиядан бошқа давлатларнинг ҳарбий ва техник имкониятларини ҳам жалб этаяпти. Бироқ улар унчалик кўп эмас. Масалан, Тожикистон ва Туркманистонда бундай ҳолатлар чегараларни техник жиҳозлаш билан боғлиқ. Қозоғистон ҳарбий-денгиз флоти Россияда эмас, Украинада ишлаб чиқарилган қурилмалардан фойдаланмоқда. Лекин улар катта аҳамиятга эга эмас. Ҳозирча деярли барча масалада, дейлик, турли ҳарбий таҳдидларга тезкор жавоб қайтариш борасида ҳам Россия кўмагига таянилади. Ниҳоят, ҳарбий бўлинмаларнинг ташкилий тузилмалари Россия билан МДҲ мамлакатларида бир хил.
Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳарбий таълим ва машғулотларга Россиянинг таъсирини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Россия ҳудудида доимий тарзда минглаб бўлғуси зобитлар ўқитилмоқда, Тожикистон ҳудудида эса ҳарбий машғулотлар марказлари ишлаб турибди, у ерда турли мутахассисликларга ихтисослашган аскарлар ва сержантлар тайёрланади.
Бундан ташқари, минтақадаги барча мамлакатлар Россия билан ҳарбий-техник машғулотлар ўтказиб турибди. Лекин шунга қарамай, Россия минтақанинг барча мамлакатлари ўзига тегишли бўлмаган турли ташаб­бусларда (америкаликлар ва хитойликлар билан бирга) қатнашаётганини ҳам жуда яхши тушунади. Шунинг баробарида, ҳозирча ҳеч ким Россиянинг ҳарбий соҳадаги етакчилик аҳамиятига шубҳа билан қараётгани йўқ.
Таҳдидлар ҳақида гап кетганда, шуни айтиш лозимки, Россия, аввало, терроризм билан боғлиқ таҳдидларни бартараф этиш борасида иш олиб боради. Ушбу таҳдидларга дахлдор иккинчи вазифа минтақадаги миллий хавфсизликни таъминловчи институтларни мустаҳкамлашдан иборат. Ушбу ёндашув айни дамда устувор аҳамиятга эга.
Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ бундай ёндашув модернизация қилиниб, такомиллаштирилмоқда. Хусусан, унга барча террорчилик таҳдидларини ҳам фақат ҳарбий куч билан даф қилиб бўлмаслиги хусусидаги тасаввурлар қўшилмоқда. Профилактика даражасидаги тезкор таҳлилий фаолиятга жуда катта аҳамият берилиши керак.

– Китобингизда асосий далил сифатида нималар келтирилган? Марказий Осиёнинг хавфсизлиги борасида Россиянинг позицияси ўзгаряптими?

– Ҳа, Россиянинг позицияси ўзгаряпти. Бироқ ҳарбий-техник ҳамкорлик сари олинган мўлжал ўзгармасдан қолмоқда. Барча экспертлар буни тан олмоқда ва Россиянинг ролини муҳим деб билмоқда.
Бироқ келгусида Россиянинг роли кўп ўлчамлироқ, мураккаброқ бўлади. У ҳозиргидек содда бўлмайди, чунки Россия минтақа мамлакатларининг хавфсизлик агентлари деб қараётган бошқа ташқи кучлар билан ҳамкорлигига тўсқинлик қилишни истамайди ва бу унинг қўлидан ҳам келмайди. Шунинг учун Россия минтақадаги мураккаб муҳитни ҳамда ўз манфаатлари билан бирга бошқа ташқи ўйинчилар манфаатларини ҳам ҳисобга олади.
Ушбу далилни ҳам россиялик, ҳам чет эллик экспертлар англаб етмоқдалар. Бу, аввало, таҳлилнинг олдинги андазаси Россиянинг роли кучаймоқдами ёки сақланиб қолмоқдами, деган асосий саволга жавоб бермайди. Биз (экспертлар ҳамжамияти) Россиянинг роли ва позицияси ўзгарди, деб узил-кесил айта олмаймиз. Минтақа мамлакатлари хавфсизлигини экспертлик нуқтаи назаридан таъминлашнинг бутунлай янги бир босқичида турибмиз.
Айни чоғда шуни ҳам қайд этиш лозимки, Россияни идрок этиш мураккаблашиб бормоқда, ундан ҳозирги кунда нафақат ҳарбий-техник ҳамкорлик, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатларида мавжудликнинг бошқа ўлчамларига ҳам эътибор қаратиш кутилмоқда. Албатта, бу ўринда гап ҳамкорликнинг ҳарбий соҳага оид қисмини қисқартириш ёки ҳарбий таҳлил аҳамиятини пасайтириш ҳақида кетаётгани йўқ. Аксинча, мавжуд имкониятларни экспертлик фаолияти уфқларини кенгайтириш, тадқиқот амалиётининг янги воситаларини жалб этиш сингари таҳлил тоифалари билан тўлдириш мумкин. Минтақада мавжуд турли ўйинчиларнинг манфаатларини ҳамда жамоатчилик кайфияти ва бошқарув талабларини ­шакллантиришнинг турли йўлларини ҳисобга оладиган экспертлар салоҳиятига бўлган талаб ортиб бормоқда.

– Тадқиқот учун Қирғизистон ва Тожикистоннинг танлаб олинишига сабаб нимада?

– таҳлил учун Қирғизистон ва Тожикис­тон экспертлари фикрининг танлаб олиниши айнан ушбу мамлакатлар турли сабабларга кўра ташқи кучларнинг (Россиядан бошқа) таъсир доирасига энг кўп даражада тушиб қолиши билан белгиланади. Қирғизистонда ҳам, Тожикистонда ҳам Ғарб мамлакатлари ташаббуси ва Хитойнинг иқтисодий фаоллиги билан характерланувчи гуманитар ёрдам бериш ва фуқаролик институтларини ривожлантириш ­бўйича халқаро дастурлар амалга оширилаётгани кўпроқ кўзга ташланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Россия­нинг хавфсизликни таъминлашнинг турли жиҳатлари контекстидаги ҳаракатлари рельеф тарзида – паст-баланд бўлиб кўринади. Бунинг маъноси шуки, ўша ҳаракатнинг кучли тарафлари ҳам, Россия сиё­сатининг минтақа хавфсизлигини таъминлаш борасидаги камчилик­лари ҳам аниқ бўй кўрсатмоқда. Натижада минтақа мамлакатлари Россия билан бошқа ташқи ўйинчилар ҳаракатини солиштириш имконига эга бўлмоқдалар.

– Китобингизда интервью усулидан фойдаланилган. Сиз танлаб олган экспертлар, асосан, ёпиқ ва ошкор бўлмаган мавзуни қанчалик яхши билади? Россия, унинг Марказий Осиёда хавфсизлик кафили сифатидаги ролига оид фикрларга нисбатан авлодлар ­фикрида тафовутлар мавжудми? Сўнгги йилларда минтақада хавфсизликни таъминлаш масалаларида Россияга нисбатан экспертлар фикри қай тарзда ўзгарди? Қандай асосий жиҳатларни ажратиб кўрсатишингиз мумкин?

– Авлодлар фикридаги тафовутлар – бор гап. Аммо бир-биридан фарқ қилувчи ­фикрлар шаклланиши борасида бу асосий сувайиргич эмас. Маълум бўлишича, ёш экспертлар ҳар доим ҳам қандайдир радикал, кексалар эса консерватив фикр эгаси эмас экан. Айрим ёш экспертлар консерватив фикрлашини намойиш қилган ҳоллар ҳам бўлди. Лекин шунга қарамасдан, ҳар бир мамлакатда икки қанот мавжуд: анъаначилар ва мавжуд ҳолат билан келиша олмайдиганлар.

– КХШТ билан ШҲТнинг минтақадаги самарадорлигига қандай таъриф берган бўлар эдингиз? Остона ташаббуси бўлган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга-чи? Хавфсизлик бўйича қисман бир-бирига тўғри келадиган, қисман тўғри келмайдиган ташаббусларнинг мавжудлиги нимани англатади?

– Экспертлар КХШТ билан ШҲТ ҳамда уларнинг низомларида белгилаб қўйилган мақсадлар ҳар доим ҳам кундалик ҳаётда амалга ошмаётганини тушунади. Уларнинг фикри ҳар доим воқеалар силсиласи: қўшма ҳарбий машқлар, янги учрашувлар, саммитлар таҳлилини назарда тутади. У ҳолда реал фаолият кундалик ва кўзга ташланмайдиган шаклда амалга ошиши мумкин ҳамда қандайдир омма кўз ўнгида кечаётган воқеалар эмас, айнан шу ҳол хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти бўлиши мумкин. Хусусан, бу КХШТ мисолида яққол кўзга ташланади. Биз доимий учрашувлар ёки саммитларни кўрмаймиз. Айни дамда КХШТ фаолиятида иштирок этаётган мамлакатлар сони ортиб бормоқда. КХШТ усиз ўзаро ­кескин баёнотлар бериш ёки ҳаракатлар қилишдан тийила олмайдиган кўплаб мамлакатларни ҳамкорликка жалб этмоқда. Ушбу ташкилотнинг самарадорлиги ана шунда бўлса, ажаб эмас.
Дарвоқе, Россияда КХШТга нисбатан Қирғизистон ёки Тожикистондагидан кўра ишончсизлик ёки танқид кўзи билан қараш ҳоллари кўпроқ. Экспертлар минтақада КХШТнинг самарадорлигини потенциал таҳдидлар доирасида бирга ҳаракат қилиш учун ўзаро ишонч ва кўникмалар аста-секин қарор топаётганида кўрмоқда.
Хавфсизлик бўйича ушбу ташаббуслар­нинг барчаси бир қарашда бошбошдоққа ўхшаб кўринади, бироқ шунга қарамай, уларнинг самарадорлиги ўзаро боғлиқлик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш шароитида ҳаракат қилиш амалиёти ва кўникмасини яратиши билан баҳоланади.

– Марказий Осиёда Хитойнинг таъсири ошиб кетиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар мавжуд. Лекин бугун минтақа мамлакатларининг ХХР билан ҳарбий ва сиёсий соҳадаги алоқалари жадал ривожланаётганини кўряпмиз. Сиз мутахассис сифатида Хитойнинг Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларидаги роли мустаҳкамланиб бориши тенденциясини қандай баҳолайсиз?

– 2013 йилда ҳеч ким Хитой билан ҳарбий-техник ҳамкорлик хусусида гапирмаётган эди. Орадан 6 йил ўтиб, ушбу мавзу барча экспертлар оғзидан тушмай қолди. Экспертларнинг бир қисми, айниқса, россия­лик экспертлар буни Хитой билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар айни ҳамкорликдан моддий манфаатдорлик борлиги билан боғлиқ қизиқишдан воз кеча олмаётгани билан изоҳлайди.
Шубҳасиз, бу Россияни ҳам ташвиш­лантирмоқда. Бироқ ҳам Тожикистон Рес­публикасидаги, ҳам Қирғизистон ­Республикасидаги экспертлар минтақа мамлакатларининг ўзида ҳам норозилик ўсиб бораётганини таъкидлашмоқда. Ўша мамлакатлар раҳбарияти ўз ватандошларига Хитой билан бундай ҳамкорликнинг қандайдир ижобий жиҳатлари борлигини тушунтириб бера олмаётган кўринади. Натижада, Хитойга қарши кайфиятлар кўзга ташланиб, зеҳний зиддиятлар ўсиб бормоқда. Энди бу Хитойнинг бош оғриғига айланди, чунки минтақада ахборот сиёсати юритиши керак бўлган тузилмалар (Конфуций институтлари) зиммасига юклатилган вазифани бажара олмаяпти. Энг янги воқелик – мана шу.
Қирғизистон ва Тожикистондаги айрим экспертлар Хитой билан ҳамкорлик ҳақида фикр юритар экан, гап фақат техник ҳамкорлик ҳақида кетаётганини бот-бот такрорлади. Лекин ўша экспертлар бундан ҳам тез-тез Хитой билан ҳарбий-техник ҳамкорлик йўқ эканини айтди. Экспертларнинг яна бир қисми Хитойнинг Тожикистон ҳарбий соҳасига қўшилиши бошқалар, жумладан, Россия билан ҳам келишилганини қайд этмоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин экани хусусида бир нарса дейиш қийин, бироқ экспертлар вазиятни Россия билан Хитойнинг минтақада рақобат эмас, ҳамкорлик қилаётганида кўраётганини исботлашга уринди. Уларнинг россиялик ҳамкасблари ҳам бундай фикрга қисман қўшилади. Лекин айрим экспертлар ушбу масалада Хитойнинг роли кенгайиб бориши ҳам мумкин, деб ҳисоб­лашмоқда.

– Минтақанинг ўзида қандайдир хавфсизлик архитектурасини яратиш истиқболлари мавжудми? Минтақа мамлакатлари Қрим воқеасидан сўнг, Россияни хавфсизлик кафили, деб ҳисоб­лаяптими?

– Умуман олганда, экспертлар минтақанинг ўзида қандайдир хавфсизлик архитектурасини яратиш масаласига мутлақо ишонч­сизлик билан қарамоқда. 2018 йилда Марказий Осиё раҳбарларининг Остонада бўлиб ўтган учрашуви рамзий, деб ҳисоб­ланмоқда. Ҳозирча у ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Лекин экспертлар бундай тамойил давом этишига умид сақланиб қолаётганини айтмоқда. Глобал истиқболлар аён, лекин ушбу истиқболга эришиш учун қисқа қадамлар изчиллиги ҳозирча кўзга ташланмаяпти.
Ҳа, умуман олганда, экспертлар Россия­­ни минтақа мамлакатлари кайфиятига қараб, хавфсизлик кафили сифатида қабул қилмоқда, дейиш мумкин. Қайсидир маънода бундай кайфият сўнгги пайтда ҳатто кучайди ҳам. Тожикистон ва Қирғизистондаги экспертлар орасида Россиянинг минтақадаги ҳаракатларини жуда танқидий баҳолаётганлар ҳам бор. Лекин ҳатто ўшаларнинг фикрича ҳам, Россияга бутунлай қарши мавзуни ушбу республикалардаги аҳолининг кўпчилик қисми қўллаб-қувватламайди. Улар Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистондаги роли, айниқса, Хитойнинг ҳаракатларига қарши ўлароқ, кучайиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Манба: uzanalytics.com

Бошқа хабарлар