МАТБУОТ КАДРЛАР ЗАХИРАСИДИР

94

Охирги пайтда босма нашрларнинг “куни битгани” ҳақидаги гап-сўзлар яна кўпайиб қолди. Ҳамма фикрини билдириб, ўз тарафини кўрсатяпти. Эҳтимол, мавзунинг яна кўтарилгани яхшиликкадир. Ажаб эмас, шу билан газеталарни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилса. 

Сўнгги йилларда газета ва журналларнинг электорон шаклга ўтиш жараёни кучайиб боряпти. Интернетнинг оммалашиши босма нашрларни четга суриб қўйгандек. Уларни ўқийдиганлар камайиб кетгани ҳам бор гап. Эслаб кўрингчи, охирги марта қачон матбуот дўконлари олдида навбатда турган одамлар қаторига кўзингиз тушган? Қўлингизга газета ёки журнал олиб бирон-бир маълумот ўқиганингизни эслай оласизми? Агар сиз интернет имкониятларидан бемалол фойдаланишни билсангиз, аминманки, сизда бунга деярли зарурат туғилмаган. Чунки энди янгиликлар ёки сизни қизиқтирган мақолаларни ўқиш учун қўлингизда смартфон бор. Ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда янгиликлардан бохабар бўлиб борасиз. Катта эҳтимол билан, сизда босма нашрларни ўқишга эҳтиёж ҳам, вақт ҳам қолмайди.

Одамларда вақтдан ютиш ва қулайликка интилиш тобора кучайиб бораётгани уларни бунга ундаётган асосий сабаблардан бири бўлса, яна бир сабаб интернет нашрларидаги имкониятнинг кенглигидир. Электрон нашрларда эълон қилинаётган нафақат матн, балки аудио ёки видео форматдаги, суратлар кўринишидаги ахборот вақтни тежаши билан бирга, уларни тушуниш, ўзлаштириш нисбатан осонроқ.

Шунингдек, изоҳларда берилаётган ахборотга ўз муносабатингизни билдириш ва бошқаларнинг ҳам фикри билан танишиш имконига эгасиз. Балки газета ва журналларда юқорида санаб ўтилган имкониятларнинг чекланганлиги аудиторияни улардан воз кечишга мажбур қилаётгандир. Аммо буни асосий сабаб деб бўладими?

Ўзбекистонда интернет тармоғидан фойдаланмайдиган, компъютер ёки смартфонни ишга туширишдан кўра газета ушлашни яхшироқ уддалайдиган аҳоли салмоғи кам эмас. Бундан ташқари, бу жараён фақат бизда эмас, ривожланган давлатларда ҳам кузатиляпти. Шунга қарамай улардаги босма ОАВнинг адади ҳавас қилса арзигулик даражада эканини тан олмай илож йўқ.

Газета ва журналлардаги ахборот қанчалик сифатли бўлмасин (ҳам орфографик, ҳам мазмун жиҳатдан) таҳрирдан ўтиб босмахонага, у ердан муштарийнинг қўлига етиб боргунича, телевидение, радио ёки интернет сайтлари отни қамчилаб қолишади. Бироқ бу жараён кўпроқ янгиликлар, тезкор хабарларнигина етказишда рўй беради. Таҳлилий, танқидий материаллар, суриштирув, интервью ва суҳбатлар каби узоқ вақт долзарблигини йўқотмайдиган, содда қилиб айтганда, эскирмайдиган мақолаларга келганда босма нашрлар улоқни илиб кетади (агар чиндан ҳам ўқишга азрийдиган материал бўлса).

Бу бир жиҳатдан жамият фойдасига хизмат қилиши ҳам мумкин. Сабаби ҳар икки турдаги таҳририят аудиторияни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилар экан, имкон қадар сифатли маҳсулот (ахборот назарда тутилмоқда) ишлаб чиқаришга уринадилар.

Хозирда, бошқа давлатларда ҳам, бизда ҳам босма нашрларнинг қисман ёки тўлалигича онлайн платформага ўтиши кузатиляпти. Бунда аввалгидек бўёқ, қоғоз каби ҳом ашёлар учун маблағ сарфлашга тўғри келмайди. Хом ашёга сарфланадиган пулни тежаб қолиш билан бирга, онлайн рекламалар бериш орқали кўшимча даромад кўриш ҳам мумкин. Бундан ташқари, журналистлар ижтимоий тармоқ ёрдамида ўз ўқувчилари билан бевосита алоқага киришиб, уларни қайси турдаги ахборот қизиқтиришини ҳам билиб олиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, айрим ҳолларда муаллиф материалига қолдирилган изоҳ ва фикрлар жамоатчилик эътиборини тортиб, муҳокамага сабаб бўлади, уни қизиқарли, янги бир мавзуни ёритишга илҳомлантиради.

Қулай бўлишига қарамай, интернет нашрларини ҳам хавфсиз, камчиликлардан ҳоли деб бўлмайди. Масалан, монитор ёки телефон экранига узоқ вақт тикилиб туриш ноқулай бўлгани учун мавзу қанчалик катта ва долзарб бўлмасин кичик ҳажмдаги матнлар билан қифояланишга тўғри келади. Кўп ҳолларда фойдаланувчилар йирик матнлардан ўзларини олиб қочишади. Овозли ёки видеороликлардан иборат ахборотларни эса ҳажми катта бўлгани сабаб юклаб олишга вақт кетказмаслик ёки трафикни тежаб қолишга уриниш оқибатида ўтказиб юборадилар. Хоҳлаган тақдирларида ҳам чекка ҳудудлардаги сифатсиз интернет бунга халал бериши мумкин. Бундан ташқари, уларда бериб бориладиган ахборотнинг сифати, ишончлилик даражаси ҳар доим ҳам кафолатланмайди.

Интернет нашрлари ўртасида ҳам доимий рақобат бўлиб. Уларда аудиториянинг ишончини қозониш учун ахборотни биринчи бўлиб етказиш, тезкорликка интилиш юқори. Бу эса баъзида берилаётган ахборотнининг тўғрилигини текширмай туриб оммага эълон қилиниши ёки шошмашошарлик оқибатида маълумотнинг нотўғри таҳрир қилинишига олиб келади. Интернет нашрларида босма нашрлардан фарқли ўлароқ, журналистик материалларни саҳифаларга тўғридан-тўғри жойлаш имкониятининг мавжудлиги орфографик хатоларнинг ўтиб кетиши эҳтимолини оширади. Тўғри, материал нуқсонли бўлса, уни олиб ташлаш ёки тузатиш киритса бўлади. Бироқ таҳририят буни пайқаб, тўғрилагунича кеч бўлиши мумкин. Ахборотнинг олиб ташланиши ёки ўзгартириб қайта жойланиши эса аудиториянинг уларга бўлган ишончига путур етказади.

Хавфсизлик ҳақида гап кетганда кўпроқ ахборий ҳуружларни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Эҳтимол, ҳозирча бизда бу даражадаги хавф йўқдир. Лекин қачондир бўлишига тайёр туришимиз керак.

2017 йилнинг июнида араб мамлакатлари ўртасида жанжал чиқди. Шу йили 24 майда Қатар давлат ахборот агентлиги (QNA) сайтига бузиб кириб, фейк хабар эълон қилинади. Унда гўёки давлат рахбари шайх Тамим бин Ҳамад Аль Тани расмий мурожжат билан чиқиб, Эронни “минтақадаги барқарорлик асоси” дея таърифлагани, Араб давлатлари иттифоқидаги айрим давлатларнинг Теҳронга қарши олиб бораётган сиёсатини танқид қилгани баён қилинади. Бу хабардан бир неча дақиқа ўтиб QNA директори агентлик сайтига бузиб кирилгани, хабарнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақида баёнот берган. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазият бўйича расмий мурожаат билан чиқади. Оқибатда Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатарни терроризмни кўллаб-қувватлашда ва уларнинг ички ишларига аралашаётганликда айблаб, у билан дипломатик муносабатларни узганликларини эълон килишади. Бу жанжал ортидан эса иқтисодий санкция ва транспорт блокадаси каби муаммоларга олиб келган келишмовчиликлар келиб чиқди.

Юқоридаги каби ҳолатларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бордию серверда носозлик рўй берса ёки сайт бутунлай блоклаб қўйилса, сизга келаётган ахборот оқими ўз-ўзидан тўхтайди. Яъни доимо сифатли ва ишончли ахборот олишингизга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Босма нашрларда интернетдаги имконият, тезкорлик йўқ. Шундай бўлса-да улардаги матнни ўзгартириш ёки бошқаси билан алмаштириб қўйиш имконсиз. Шунингдек, сизни қизиктирган ёки керакли саҳифаларни йиғиб боришингиз мумкин. Улар сизга келгусида керакли маълумотлар захираси бўлиб хизмат қилади. Электрон шаклни ҳам сақлаб олса бўлади. Бироқ уларнинг курилмангиз хотирасидан ўчиб кетмаслигига қафолат бериб бўлмайди.

Биздаги газеталар ҳақида одамлар нима деб ўйлаши маълум. Фақатгина “навбатчи гап-сўзлар”дан иборат, баландпарвоз сарлавҳали мақолаларни кимдир берилиб ўқишига ишониш кийин.

Эҳтимол, уларнинг (ҳаммаси ҳам эмас) айнан шундай материаллар билан тўлиб-тошгани ўқувчиларни газетадан узоқлаштираётгандир. Агар матбуот нашрлари аввалги мавқеини қайта тикламоқчи бўлса, биринчи галда молиявий жиҳатдан мустақил бўлиши, мавзуга холис ёндашиши талаб этилади. Шу йўл билан улар ўз саҳифаларини мазмунли, юқори савияли материаллар билан бойитиб, аудиторияни қайтариши мумкин. Қайсидир ташкилот муассислигидаги нашрларнинг фақат қарсакбозлик билан овора бўлишини ҳисобга олсак, улардан буни кутиш қийин.

Тўғри, мажбурий обуна бекор бўлгандан бери ҳамма ўз аравасини ўзи тортяпти. Лекин одамларда негатив хулоса шаклланиб бўлган. Энди уни ўзгартириш қийин. Чиндан ҳам мазнмунли мақолалар чоп этадиган нашрлар йўқ эмас. Афсуски, улар ана шу негатив соясида қолиб кетишяпти.

Агар босма нашрлар ўзларининг бугунги танг аҳволига келиб қолишида интернет ёки мажбурий обунанинг бекор қилинишини асосий сабаб деб билишда давом этишса, бу катта хато бўлади. Чиндан ҳам шундай бўлганида бу шу пайтгача ўз кунини ўзи кўриб келган хусусий газеталарга ҳам бирдек таъсир қилган бўларди.

Шунга қарамай, келажакда газета ва журналлар буткул йўқ бўлиб кетади, деган фикрдан йироқман. Эҳтимол, келгусида улар сараланиб, энг сифатлиларигина яшаб қолар. Аслида, уларнинг тақдири учун ОАВ вакиллари бирдек қайғуриши керак эди. Афсуски, бундай бўлмаяпти. Ҳозир энг олди каторларда юрган журналист, блогерлар орасида ўша “Юра давридан қолган” газеталар ичида катта бўлганлари ҳам бор.

Аравани ҳар ёққа тортаётганлар ичида журналистика вакиллари ҳам борлиги ачинарли ҳолат. Интернет нашрлари, телевидение, радио, журнал, газета – булар ҳаммаси яхлит журналистикани ташкил қилади. Бири оқсаганда бошқалари чапак чалиб туриши ўзи ўтирган шохни кесиш билан баробар.

Чунки босма нашрлар деярли барча ОАВ тури учун ҳамиша кадрлар заҳираси бўлиб келган. Дастлабки курсларда талабаларни бежизга газета ёки журналда амалиёт ўташга юборишмайди. Уларда саводи мустаҳкамланади, матнни тўғри таҳрир қилиш, жумлани содда ва равон тузишни ўрганади. Биргина ҳарф ёки белгининг нотўғри ишлатилиши қандай оқибатларга олиб келишини ўз кўзи билан кўради, масъулиятни хис қиладиган бўлади, суяги қотади. Қолип жумлалар, навбатчи сўзлардан иборат мақолаларни кўрганда эса, ҳеч бўлмаганда, қандай ёзмаслик кераклигини ўрганади.

У ерда тарбияланган кадр бошқа турдаги ОАВда бемалол нонини топиб кетишига шубҳам йўқ. Агар газета йўқ бўлса, биз фақат қоғозларни эмас, ана шундай мактабларни ҳам бой берамиз.

Зиёдбек ИСМОИЛОВ

Бошқа хабарлар