Бедор ўтган 42 кун

600

2020 йил 15 март. Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. 16 мартдан олий ўқув юртлари, таълим муассасалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга гумон қилинган шахслар учун махсус палаталар ташкил қилинган, гумондорлар тиббий текширувлардан ўтказилар, ҳали ҳеч кимда хасталик аниқланмаган эди.

22 март. Урганчга Россиядан чартер рейс билан олиб келинган фуқаролар карантинга олинди. Юқумли касалликлар билан даволанаётган касаллар шошилинч равишда бошқа шифохонага ўтказилди.

25 март. Шифохонада карантинга олинган сурхондарёлик 32 ёшли йигитда «коронавирус» аниқланди. Ҳаммани совуқ тер босди…

26 март. Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам зудлик билан тўртта гуруҳ ташкил қилинди. Ҳар бир гуруҳ 14 кун шифохонадан чиқмай ишлаши, муддат тугагач, яна 14 кун карантинда бўлиши керак. Бир-икки ойдан бери тиббиёт ходимлари учун коронавирусга қарши курашиш, ташхислаш, беморларни даволаш бўйича семинарлар, машғулотлар уюштирилар, дунёдаги пандемик вазиятдан барча бохабар эди. Бироқ назария бошқа, амалиёт бошқа… 7 шифокор, 16 ҳамшира, 12 нафар кичик тиббиёт ходимидан иборат биринчи навбатчи гуруҳ учун ўзлари тасаввур қилганларидан-да оғир, ҳаловатсиз кунлар бошланди.

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси коронавирус инфекциясига ташхис қўйиш, даволаш бўйича тақдим қилган тавсиялар асосида ишга киришдик, – дейди шифохона бош ҳамшираси Меҳрибон Юсупова.

Шифохонада ётганларнинг аксарияти асабий, ваҳимада. Ким овқатланишдан бош тортса, ким дори-дармон қабул қилишни рад қилади. Бошқаси «Менинг иссиғим чиқмади, чиқариб юборинглар» дея бақиради. Шифокорлар қатъият билан ҳаракат қилишади. Лаборатория таҳлиллари тез-тез ўтказилиб, натижалар таҳлил этилади. Зарур ҳолда Тошкентдаги малакали мутахассислар билан маслаҳатлашилади. Ҳамширалар тана ҳароратларини тез-тез ўлчаб туришади. Тест синамалари ўтказишади. Кичик тиббиёт ходимлари ҳам бир лаҳза тин олишмайди. Дезинфекция тадбирлари, хоналарни тозалаш, карантиндагиларнинг кийим-бошлари ва ўзларининг озодалигини таъминлаш… Жараён кеча-кундуз узлуксиз давом этади.

Хасталикка чалинганлар сони кундан-кунга ошиб борди. Бошқа муассасаларда карантинга олинганлар орасида касаллик аниқланганлар ҳам мазкур шифохонага келтириларди. 24 соатни бедор ўтказиш, ўз жонингни хатарга қўйиб, ўзганинг жонини асрашга уриниш… Бунинг учун касбга садоқат камлик қилади, катта матонат, жасорат ва улкан қалб зарур…

Бош ҳамшира ҳамкасбларидан ва беморлардан ҳаяжонланмасликни, ваҳимага берилмасликни сўрар, ҳамкасбларининг ўз вазифаларини санитария қоидалари асосида бажаришларини назорат қилар, улар билан муолажа жараёнларида иштирок этар, ширин сўзи билан беморларга далда бўларди.

– Қандай ишлаганимизни тушунтириб беришим жуда қийин, – дейди Меҳрибон. – Кўпчилик ҳамшираларимизнинг ёш фарзандлари бор. Турмуш ўртоқлари ҳар куни жанжал қилиб, телефон қилишади: “қўй шу ишингни, уйга қайт”. Ходимларимизнинг оила аъзоларига вазиятни тушунтираман. «Уйдан қатнаб ишласа бўлмайдими?» деб сўрашади. «Мумкин эмас, бу хасталик жуда хавфли, ўзингиз, оилангиз манфаати учун турмуш ўртоғингизни дуо қилинг, қўллаб-қувватланг» дейман.

12 апрель. Шу куни шифохонада даволанаётган илк бемор хасталикдан фориғ бўлиб, реабилитацияга юборилди. Бу пайтда шифохонада иккинчи навбат давом этар, 6 врач, 9 ҳамшира, 8 нафар кичик тиббиёт ходимидан иборат гуруҳ фаолият кўрсатарди.

– Уларнинг ҳар бири ҳақида, шифохонада ўтган 14 куни ҳақида асар ёзиш, кино қилиш мумкин, – дейди бош ҳамшира. – Шундай ҳамкасбларим борлигидан ғурурланаман.

23 апрелдан 6 майга қадар учинчи гуруҳда 6 шифокор, 9 ҳамшира, 6 кичик тиббий ходим пандемияга қарши қаҳрамонларча курашди. Меҳрибон яна жамоа билан бирга бўлди, ҳамкасбларидан кўмагини, беморлардан меҳрини аямади. Шу даврда соғайиб, реабилитацияга кетаётган жиззахлик Қаҳрамон Элмирзаев бош ҳамширанинг қўлига бир парча қоғоз тутқазди.

Очиб қараса, шоиртабиат йигит жамоадаги барча шифокорларга, ҳамшира-ю кичик тиббиёт ходимларига бағишлаб алоҳида сатрлар битибди.

– Фаолиятимнинг 27 йили алоҳида, кейинги бир ярим ой алоҳида тарих, – дейди Меҳрибон Юсупова. – Мени қувонтирадигани беморларнинг кўпчилиги шифо топгани, жамоадошларим орасида ушбу хасталикни юқтириб олганлар йўқлигидир.

Меҳрибон Юсупова 7 майдан буён учинчи навбатда фаолият кўрсатган ҳамкасблари билан Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги оромгоҳда карантин муддатини ўтамоқда. У тўртинчи навбатда ҳам ишламоқчи эди. Ҳамкасблари «Анча толиқдингиз» деб қўйишмади. Шундай бўлса-да, ҳамкасблари билан тез-тез қўнғироқлашиб, зарур тавсияларини беряпти. У ҳам қадрдон уйини жуда соғинган. Кеча ўғли Жасурбек хабар йўллабди: «Сиз дунёдаги энг меҳрибон онасиз. Сиз билан фахрланаман».

Меҳрибоннинг кўзлари намланди…

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,

“Ishonch”

Қаҳрамонимиз ҳақида:

Меҳрибон Юсупова Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонаси 27 йилдан буён фаолият кўрсатади. Урганч тиббиёт били юртини тамомлаган. Реанимация бўлими катта ҳамшираси, болалар бўлими катта ҳамшираси лавозимларида ишлаб тажриба оширган. 2007-2011 йилларда Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олган. Олий маълумотли ҳамшира. 2011 йилдан буён бош ҳамшира лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бошқа хабарлар