Чегарадан 10 минг доллар сохта купюраларни олиб кирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

547

2021 йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТХТББ, Тошкент шаҳри аэропортларида ХТБ ходимлари томонидан «Ислом Каримов» номидаги Тошкент халқаро аэропорти, «Тошкент-Аэро» ИБК ҳамда Ўзбекистон Республикаси ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1969 йилда туғилган Наманган шаҳри 6-микрорайонда яшовчи К.Ў. исмли аёл Истанбул-Олмота-Тошкент йўналишидаги авиарейс билан учиб келган вақтида тўхтатилиб, ўзи билан бирга олиб келган юклари кўздан кечирилганида сочиққа ўралган ҳолда қалбакига ўхшаш 50 купюрадаги 100 дона жами 5000 АҚШ доллари, борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинди. Бу ҳақида ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар берди.

Ушбу ҳолат юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилганда мазкур сочиқ ва ичидаги пулларни жўнатма тариқасида Туркия давлатининг Истанбул шаҳридан таниши «А» исмли шахс бериб юборганлиги ва у жўнатмани «Ф» исмли шахсга бериши керак эканлиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давомида, Тошкент халқаро аэропортининг автотураргоҳида К.Ў.дан жўнатмани қабул қилиб олиш учун келган 1986 йилда туғилган Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи Ф.Г. сочиқларни қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинди. Ф.Г. билан олиб борилган тезкор суриштирувлар давомида, у Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи, маҳалладоши «О» билан тахминан 1 ойдан буён алоқа қилиб келаётганлиги сабабли ушбу шахс унга К.Ў. орқали 2 та сочиқ, 1 та корректорни, 57 АҚШ доллари бериб уни қабул қилиб олиб, «Ж» исмли шахсга бериб қўйишини айтганлигини маълум қилди.

Ф.Г. нинг кўрсатмасига асосан, Миробод туманида жойлашган «Диван бай демир» номли кафе ёнида 1983 йилда туғилган Тошкент вилояти, Тошкент тумани, «Кўксарой» МФЙда яшовчи Ж.И. келиб, Ф.Г.га 600 000 сўм пул бериб, 2 та сочиқ, 1 та корректорни қабул қилиб олган вақтда қўлга олинади. Автомашинаси кўздан кечирилганида олди йўловчи ўриндиғининг ҳамёнида қалбакига ўхшаш 50 купюрада бўлган жами 5000 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида келгусида текшириб кўриш мақсадида олинди. Сўнгра, Ж.И. билан олиб борилган суҳбат давомида ўзи билан бирга 61-сонли ЖИЭМда жазо муддатини ўтаган, 1975 й.т. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи Б.В. қалбаки валюта қимматликларини олдиндан келишилган ҳолда 10.000 АҚШ долларини 5000 АҚШ доллари ҳақиқийсига алмаштириб беришга келишиб, Ж.И.дан 10.000 АҚШ долларини олган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.